Дунё янгиликлари

Равзаи муборак зиёратчиларга очилди

Олти ойдан ортиқ вақт ичида биринчи марта Мадинадаги Набавий масжидидаги Равза жамоатчиликка очилди. Ҳар бир мусулмон учун алоҳида жой ҳисобланмиш Равза март ойида Қиролликдаги COVID-19 эпидемияси туфайли ёпилганди. Гарчи Набавий масжиди июнь ойида намозхонлар учун ўз эшикларини очган бўлса-да, Равзага кириш таъқиқи амалда бўлиб келаётган эди.
Islam.ru маълумотларига кўра, бу кунда Мадинада бўлиш бахтига муяссар бўлган мусулмонлар фурсатдан фойдаланиб, Равзада ибодат қилиб, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) га ўз ҳурматларини бажо келтирдилар.
"Раби ул-аввал ойининг биринчи тонгида Равзани зиёрат қилган биринчи гуруҳ аёллар орасида бўлиш бахтига муяссар бўлдим, - дейди 39 ёшли Ханан ал-Жиҳаний. - Бу фавқулодда тажриба".
Жиддалик Эман Maҳмуд: "Бу албатта муборак ойнинг бошидаги муборак кундир. Ниҳоят Муқаддас хонага ташриф буюриб, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ни қутлашимиз мумкинлигини эшитганимда жуда хурсанд бўлдим. Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин! " - деди.
Мадина ва Набавий масжидига тез-тез ташриф буюрадиган 50 яшар Эман Maҳмуд сўнгги бир неча ой ҳаммага қийин бўлганини айтди: "Набавий масжидидаги эски кунларни қанчалик соғинганимни сўз билан ифодалай олмайман."Умид қиламанки, инқироз яқинда тугайди ва барча мусулмонлар масжидда қалбни тозалайдиган маънавий тажрибадан баҳраманд бўла олишади".

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1970 марта ўқилди

Янгиликлар

Top