Дунё янгиликлари

БААдан Хитой мусулмонларига туҳфа

Бирлашган Араб Амирликларидаги “Ҳамид бин Рошид ан-Наъимий” номидаги Қуръони каримга хизмат кўрсатиш маркази БААнинг Ажман шаҳридаги Хитой бозорига Қуръони карим маъноларининг хитой тилига таржима қилинган 500 та китобни ҳадя қилди.
Марказ директори Ҳусайн Муҳаммад Ҳаммадий марказ қароргоҳида Хитой бозори идорасидаги жамоатчилик билан ишлаш бўлими директори Али Янгга мазкур Қуръони карим маъноларининг хитой тилига таржимаси китобидан бир нусхани топширди.
Ҳаммадий ўз сўзида Қуръони каримнинг хитой тилига таржима қилиниши, ундан Бирлашган Араб Амирликларидаги хитой мусулмонлари жамоат марказларига тарқатилиши янги хитойлик мусулмонларга Аллоҳнинг китобини ўрганиш ва унинг маъноларини тўла тушунишини осонлаштириш ва бағрикенг Ислом дини таълимотларини тарқатишга ўз ҳиссасини қўшиш мақсади қилинганини таъкидлади.
Ўз навбатида Али Янг Ажмандаги Хитой бозори идорасига Қуръони карим маъноларининг хитой тилига таржимаси китобининг туҳфа қилинганидан мамнунлигини билдириб, унда Қуръони карим маъноларининг изоҳли таржима қилингани билан олдингилардан ажралиб туриши ва уни ўқиган хитойлик мусулмонларнинг Қуръони каримдаги оятларнинг маънолари ва ҳукмларини тўлиқ тушунишини айтиб ўтди.

Халқаро алоқалар бўлими ходими
Илёсхон Аҳмедов тайёрлади

2098 марта ўқилди

Янгиликлар

Top