Дунё янгиликлари

Истанбул университети кутубхонасида сақланаётган нодир қўлёзмаларнинг қанчаси ўзбек олимларига тегишли?

Истанбул университетининг нодир қўлёзмалар кутубхонасида сақланаётган китобларнинг катта қисми ўзбек олимлари тегишли.

Яқинда университетлар ўртасида ҳамкорлик шартномаси имзоланган эди. Бугунги учрашувда келгуси режалар бўйича музокаралар олиб борилди. Икки томон ўзларини қизиқтирувчи йўналишлар бўйича таклифларни беришлари ҳамда тегишли йўл хариталарини ишлаб чиқишга келишиб олинди. 

Бухоро давлат университети томонидан Истамбул университетидан ўқитувчиларни ишга қабул қилиш, ҳамкорликда халқаро конференциялар ташкил қилиш, Истамбул университетида PhD диссертацияларини қўшма раҳбарлик асосида ҳимоя қилиш таклифи киритилди. 

Истамбул университети раҳбарият университетнинг 30 дан ортиқ илмий журнали мавжудлиги, ушбу журналларда мақолалар чоп этиш имкониятлари борлигини билдирди. 

Нодир қўлёзмалар кутубхонасида 100 минг нусхадан кўпроқ китоблар сақланишини, уларнинг каттагина қисми айнан ўзбек олимлари ёки келиб чиқиши ҳозирги Ўзбекистон ҳудудидан бўлган олимларнинг асарлари эканлиги айтилди. Уларни ўрганишда ҳамкорлик қилиш мумкинлиги маълум қилинди. Яқин кунлар ичида томонлар бир-бирларига аниқ таклифларни етказишга келишиб олинди. 

Истамбул университети расман 1933 йилда университет мақомини олган. Унинг ташкил топган санаси сифатида 30 май 1453 йил кўрсатилади. Тарихчиларнинг маълумотига кўра, Фотиҳ Султон Меҳмет Истамбулни фатҳ этган куннинг (29 май 1453 йил) эртасига шаҳарда мадрасалар фаолиятини йўлга қўйиш ҳамда дунёвий таълимни бошлаш бўйича фармон чиқарган. 

Бугунги кунда Истамбул университети талабалари сони 80 минг нафарни ташкил этади. Уларнинг 9 мингга яқини хорижлик талабалардир. Талабаларга 5 минг нафарга яқин профессор-ўқитувчилар дарс беради. Университет таркибига 22 та факультет, 16 та институт, 61 та илмий тадқиқот марказлари киради. Таълим 12 та кампусда олиб борилади. Масофадан ўқитиш курсларида 56 та дастур бўйича 485 минг нафар тингловчи рўйхатдан ўтган. 

Университет машҳур битирувчилари орасида Туркиянинг ўн биринчи президенти Aбдуллаҳ Гул, Нобел мукофоти совриндорлари Aзиз Санжар, Орхан Памук, кўплаб бош вазирлар, вазирлар, партиялар раҳбарлари, Исроилнинг иккинчи президенти Итсак Бен-Зви, Исроил биринчи бош вазири Давид Бен-Гурион каби жуда кўп машҳур шахсларни санаб ўтиш мумкин.

 

   Зариф КОМИЛОВ, ЎзА

1571 марта ўқилди

Янгиликлар

Top