Дунё янгиликлари

БААдаги ўзбекистонликларга ифторлик дастурхони ёзилди

Ўзбекистоннинг Бирлашган Араб Амирликларидаги элчихонаси Рамазон ойи муносабати билан Шаржа Амирлигида вақтинча меҳнат фаолиятини юритаётган юртдошларимизга ифторлик дастурхони ёзилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Эҳсон тадбири Қуръон тиловати билан бошланди. Юртимиз тинчлиги, сарҳадлар дахлсизлиги, халқимиз фаровонлиги учун дуолар қилинди.

Ифторликдан сўнг юртдошларимиз билан мулоқот бўлиб ўтди. Уларга мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан, хориждаги ўзбек меҳнат муҳожирларини қўллаб-қувватлаш бўйича қарор ва фармонлар, бу соҳадаги янгиликлар, "Ишга марҳамат" мономаркази фаолияти, меҳнат мигрантларига яратилаётган имкониятлар ҳақида маълумот берилди.

Ўзбекистонда тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича олиб борилаётган изчил сиёсат мазмун-моҳияти тушунтирилди.

Шартнома асосида ишлаётган юртдошларимизга турли масалалар бўйича ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

БАА қонунчилиги талабларига риоя қилишга чақирилди, долзарб масалаларга ечим топиш юзасидан ҳуқуқий маслаҳатлар тақдим этилди.

Ватандошлар эҳсон дастурхони учун миннатдорлик билдириб, мамлакатимизда қилинаётган саъй-ҳаракатларни эътироф этди.

Учрашув якунида элчихона ва юртдошларимиз ўртасида ўзаро яқин алоқаларни мустаҳкамлаш, шунингдек, жорий йил мамлакатимизда ўтказиладиган муҳим тадбирларда фаол иштирок этиш бўйича келишиб олинди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1434 марта ўқилди

Янгиликлар

Top