Дунё янгиликлари

"Мубаййин" асари қўлёзмасининг фотонусхаси Ўзбекистонга топширилди

Ўзбекистоннинг Эрондаги элчихонасига Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг «Мубаййин» асари қўлёзмасининг фотонусхаси топширилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Ушбу фотонусхани Эрон форс тили ва адабиёти академияси раисининг ўринбосари Муҳаммад Ризо Носсирий ўзбек дипломатларига тақдим этди.

Маълумот учун, "Мубаййин" – фалсафий-диний мавзудаги асар бўлиб, унда Бобур Мирзо ислом динининг беш рукнини ҳанафий мазҳаби асослари доирасида қандай тўғри бажарилишини баён қилган. Қўлёзма эски ўзбек тилидаги энг гўзал ҳаттотлик йўналишларидан бири – насталиқ хатида кўчирилган. Шунингдек, у форс тилига таржима билан таъминланган. Ушбу қўлёзма бундан 400 йил аввал Ҳиндистонда қоғозга туширилган. «Мубаййин» қўлёзма нусхаси Эрон ҳудудига Кашмир орқали олиб келинган. Китоб сўнгги 120 йилдан ортиқ вақт давомида “Гулистон” саройи музейи коллекциясида сақланмоқда. “Мубаййин” асари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази томонидан мамлакатимиз билан боғлиқ хорижий қўлёзмалар рўйхатига киритилган.

Давлатимиз раҳбари ўзбек халқининг тарихий ва маданий мероси намуналарини Ватанга қайтариш ҳақида топшириқ берган эди. Мамлакатимизнинг хориждаги дипломатия ваколатхоналари мазкур марказ билан ушбу йўналишда яқин ҳамкорлик қилмоқда.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1379 марта ўқилди

Янгиликлар

Top