Дунё янгиликлари

Қозонда 17-халқаро мусулмон фильмлари фестивали ўтказилади

Шу йил 5-10 сентябрь кунлари Татаристон пойтахти Қозон шаҳрида 17-Қозон халқаро мусулмон фильмлари фестивали бўлиб ўтади. Фестивалдадаги фильмлар “Родина” ва “Мир” кинотеатрларида намойиш этилади. Шунингдек, унда ижодий учрашув, давра суҳбати, матбуот анжуманлари, ҳамкорларнинг кинофестиваллар учун сармоявий ва тақдимот майдончаси, бизнес-дастур ва бошқа тадбирлар шаҳарнинг турли жойларида ташкил этилади.

Қозон халқаро мусулмон фильмлари фестивалига аризаларни қабул қилиш 2021 йил 1 февралдан 1 июнгача давом этади.

Жорий йил қозоғистонлик кино мутахассиси ва киношунос Гулнора Aбикейева бошчилигидаги танлов комиссияси ўз ишини июль ойининг бошига қадар якунлагандан сўнг танлов дастури эълон қилинади. Танловсиз дастур томошабинларга рус бадиий, ҳужжатли ва анимацион фильмларининг энг яхши намуналари, ретроспектив ва тематик дастурларини тақдим этади.

Эслатиб ўтамиз, ушбу кинофестиваль 2005 йилдан буён “Маданият мулоқотидан – мулоқот маданияти сари” шиори остида ўтказилади. Фестиваль бағрикенглик, тинчликсеварлик, матонат ва инсонпарварлик ғояларини фильмларда тараннум этиши билан мусулмон оламидаги киноижодкорлар ўртасида машҳур бўлиб келмоқда.

Кинофорум Татаристон Президенти Рустам Минниханов кўмаги ва “Россия – Ислом дунёси” стратегик қараш гуруҳи билан ҳамкорликда ташкил этилган. Ўтган йили коронавирус пандемияси сабаб ушбу халқаро кинофестивал бекор қилинган эди. Шунга қарамай, ҳакамлар ҳайъати фестивалга тақдим этилган барча танлов фильмларини масофадан туриб баҳолаб, ғолибларни аниқлаган эди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Халқаро алоқалар бўлими

1377 марта ўқилди

Янгиликлар

Top