Дунё янгиликлари

Малайзияда Ўзбекистон ислом санъатига бағишланган виртуал кўргазма ўтказилди

Мамлакатимизнинг Малайзиядаги элчихонаси Ўзбекистон ислом санъатига бағишланган «Bukhari: Islamic Art Exhibition» онлайн-кўргазмаси ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Малайзия ислом цивилизацияси институти, «Dacore IT» ижодий компанияси ва Лестер университети (Буюк Британия) билан ўзаро ҳамкорликда вебинар ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Элчихона маълумотига кўра, мазкур тадбирда Ўзбекистон, Малайзия, Австралия, Буюк Британия, Германия, Индонезия, Таиланд, Туркия илмий марказларининг экспертлари ҳамда Малайзия миллий университети, Малайзия технология университети, Малайа университети профессор-ўқитувчилари ва талабалари иштирок этди.

Ушбу тадбирни ҳамкор ташкилотларнинг «Facebook»даги саҳифалари орқали 800 мингга яқин киши тўғридан-тўғри кузатиб борди.
Кўргазмада ўзбек рассомлари, ҳунармандлари ва санъаткорларининг Имом Бухорий ҳадисларига оид яратган бадиий асарлари намойиш этилди. Улар орасида машҳур миниатюрачи Давлат Тошев, тажрибали рассом Камолиддин Абдуллаев, ёш истеъдодли рассом-ҳаттот Шейха Абдуллаева, графист Ёқуб Бекназаров ва фотограф Муҳиддин Али ҳам бор.

«Сўғдиёна» ўзбек миллий халқ чолғулари камер оркестри томонидан веб-кўргазма учун махсус басталанган мусиқий композиция ҳам вебинар иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.

Вебинар давомида иштирокчилар Ўзбекистоннинг бой маданий ва интеллектуал мероси, жаҳон цивилизацияси тарихида Шарқ Ренессанси икки даврининг буюк аҳамияти билан атрофлича танишди.

Малайзия ислом цивилизацияси институти директори, профессор Фариза Шам ўз нутқида Ўзбекистон ҳукуматининг ислом цивилизациясининг бой меросини ҳар томонлама ўрганиш, асраш, бағрикенглик маданиятини ривожлантириш ва ислом динининг инсонпарварлик ва тинчликни тарғиб этиш бўйича моҳиятини оммалаштириш масалаларига ҳар томонлама ва тизимли ёндашаётганига юксак баҳо берди.

Фариза Шам ўрта аср Шарқ олимлари ва мутафаккирларининг илоҳиёт, илм-фан, маданият, санъат, ҳаттотлик ва меъморчилик ривожига қўшган салмоқли ҳиссасини қайд этди. Хусусан, Имом Бухорий ва унинг «Ал-жоми ас-Саҳиҳ» ҳадислар тўпламининг бутун мусулмон оламидаги улкан аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилди.
Малайзия ислом цивилизацияси институти доценти Розия Сиддиқ, Ўзбекистоннинг машҳур ва ёш ҳунармандлари, «Сўғдиёна» ўзбек миллий халқ чолғулари камер оркестри асарларини тақдим этиш, ўзбек миниатюра санъати, ҳаттотлик, декоратив ва амалий санъат, фотография ва чолғу мусиқаси воситасида Имом Бухорий меросини тарғиб қилиш бўйича кўргазма ташкилотчиларининг ноёб ёндашувини алоҳида таъкидлади.
Малайа университети профессори Моҳд Рослан Моҳд Нура Бухорий тўплаган ҳадислар ислом ҳуқуқининг Қуръондан кейинги иккинчи энг муҳим манбаи ҳисоблангани учун Имом Бухорий меросини ўрганиш бўйича Малайзиянинг ихтисослашган университетларида алоҳида курслар жорий этиш кераклигини таъкидлади.

Тадбир якуни бўйича қўшма тадқиқот лойиҳаларини ишга тушириш ва илмий тадқиқот натижаларини оммалаштириш, илмий адабиётлар алмашиш, илмий ходимлар малака оширишларини ташкил этиш ва қўшма тадбирлар ўтказиш базасидан Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Малайзия Ислом цивилизацияси институти ўртасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш бўйича келишувга эришилди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1327 марта ўқилди

Янгиликлар

Top