Дунё янгиликлари

Москва масжиди имоми йўл ҳаракатига оид фатвога муносабат билдирди

Хабарингиз бор, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати йўл ҳаракати хавфсизлигига риоя қилиш ҳақида фатвони эълон қилди. Унга кўра, рухсат этилгандан юқори тезликда ҳаракатланиши оқибатида рўй берган бахтсиз ҳодиса туфайли вафот этган ҳайдовчи шаръий жиҳатдан ҳаддидан ошган ва ўз жонига қасд қилган мақомида ҳисобланади.

“Мусулмон кишини йўл ҳаракати қоидалари, одоб ва маданиятларига амал қилиши кузатув камералари ёки йўл ҳаракати ҳавфсизлиги бўлинмалари ходимлари назорат қилаётгани учун эмас, балки амалдаги йўл ҳаракати қонун-қоидаларига амал қилиш – Ислом шариатининг талаби деб эътиқод қилган ҳолда бажариши керак. Шунда йўлда юриш ҳам ибодатга айланади”, - дейилади Фатво ҳайъати хабарида.

Бу бўйича "МК" Москванинг тарихий масжиди имоми Руфат Ахметжановдан ушбу фатвога изоҳ беришни сўради.

– Бу қандайдир янгилик, деб айта олмаймиз, – деди имом. – Бир неча йил аввал Бирлашган Араб Амирликлари ҳам шунга ўхшаш хулосага келган эди. Шахсан мен бунга тўлиқ қўшиламан. Менимча, тезлик чегарасини бузган, қоидаларга зид машинани ҳайдаган одам қасддан ўз ҳаётини ва бошқа одамларнинг ҳаётини хавф остига қўяди. У ўз жонига қасд қилиш билан тенглашиши мумкин, чунки у нима қилаётгани англаган ҳолда бу ишга қўл уради.

Яна бир масала фатвонинг ҳеч қандай қонуний кучга эга эмаслигидир. Бу қонун ҳужжати эмас, балки илоҳиётчиларнинг хулосаларидан биридир. Сиз унга амал қилишингиз, амал қилмаслигингиз мумкин. Дин сизни йўл қоидаларини бузмасликка, ёки бирор жазолашга мажбур қила олмайди. Бунинг учун ҳуқуқ-тартибот идоралари бор. Буни нима учун қилмаслик кераклигини фақат инсон онгига етказишга ҳаракат қилишимиз мумкин.

Қуръонда оламлар Парвардигори: "Ўзларингизни ўлдирманглар", деб огоҳлантиради. Ўз жонига қасд қилиш энг ёмон гуноҳлардан биридир. Мўмин учун эса янги фатво ўйлаш учун қўшимча сабаб бўлиши керак. Масжидимиз ҳам вақти-вақти билан бу мавзуни кўтариб туради".

Йўллардаги ўлимларнинг аянчли статистикаси билан таниш бўлганлар учун тошкентлик мусулмонларнинг янгилиги ортиқча кўринмайди. Ҳар ҳолда, ўша Амирликларда йўлларда йўл полициясини зўрға кўрасиз. Мусулмонлар ишонганидек, Аллоҳ ҳамма нарсани кўриб турганида милиция ходимлари ва видеокамераларга эҳтиёж йўқ. Шунинг учун қоидаларни бузмаган маъқул.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1439 марта ўқилди

Янгиликлар

Top