Дунё янгиликлари

Бошқирдистонда 19 кун ичида масжид қурилди

Бошқирдистон Республикасининг Кушнаренковский туманидаги Султонаево қишлоғида янги масжид очилди.

Mynamaz.ru хабарига кўра, қишлоқдаги масжид 1920 йилгача фаолият кўрсатган. Барча ибодатхоналар ёпилгач, минорани арралаб ташлашди, бино эса қишлоқ Маданият уйига айлантирилган. 2016 йилда қишлоқ аҳолиси янги масжид қуриш ташаббуси билан чиқишди. Натижада беш йил аввал пойдевор қўйилди, шу билан қурилиш ҳам тўхтаб қолди.

Аммо бу йил масжид қуриш фикрига яна қайтилди ва у атиги ўн тўққиз кун ичида қурилди. Очилиш маросимида Россия мусулмонлари Марказий диний идораси раиси Талғат Тожуддин иштирок этди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта Бошқирдистон Республикасининг Бураево қишлоғида 107 йил аввал қурилиши бошланган масжид очилган эди. Маҳаллий татар савдогари Шарафутдин Хамитов 1914 йилда "Тарихий масжиди"ни қуришга киришди. Фақат том ва минораларни тугатиш қолди, лекин қулоқлаштириш ва тазйиқ остига тушмаслик учун савдогар ва унинг оиласи ўз она юртларини тарк этиб, Хитойга йўл олди. Бураевонинг еттинчи жоме масжиди ўшанда очилмай қолди.

Инқилобдан кейин масжид биноси дон омбори, кутубхона, клуб ва кинотеатр сифатида ишлатилган. 2000 йиллар бошида бинони бузиб, унинг ўрнида кўнгилочар савдо марказини қурмоқчи бўлишган, бироқ маҳаллий аҳоли масжид биносини ҳимоя қила олган. Унга тарих ва маданият ёдгорлиги мақоми берилди ва 2003 йилда масжид барпо этишга киришилди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1240 марта ўқилди

Янгиликлар

Top