Дунё янгиликлари

Саудия Арабистони: “Ҳаж – 2021” учун четдан зиёратчилар қабул қилинмайди

Саудия Арабистони бу йил ҳам Ҳаж сафари учун чет эллик зиёратчиларни қабул қилмаслигини эълон қилди. Ҳукумат коронавирус тарқалиши хавфи туфайли фақат қиролликда доимий истиқомат қилувчи кўпи билан 60 минг кишига бир неча шартлар асосида ҳаж ибодатини амалга оширишни режалаштирди.


Аввал қайд этганимиздек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси мамлакатимизнинг Жидда шаҳрида жойлашган Бош консулхонасидаги “Ҳаж” ва “Умра” масалалари бўйича Атташеси билан доимий мулоқот қилиб, муборак сафарлар билан боғлиқ ҳар бир жараённи диққат билан кузатиб бормоқда. Шунга кўра, 13 июнь куни Саудия Арабистони Соғлиқни сақлаш, Ички ишлар, Ҳаж ва Умра вазирликлари томонидан ОАВ иштирокида матбуот анжумани ўтказилиб, унда “Ҳаж – 2021” мавсум шартлари ва зиёратни ташкил этиш масалалари ҳақида ахборот берилган.


Хусусан, жаҳонда кузатилаётган мураккаб эпидемиологик вазият ҳамда зиёратчиларнинг соғлиғини ҳимоя қилишни таъминлаш мақсадида, ҳукумат чет эл фуқаролари учун ҳаж зиёратини чеклаш ва маҳаллий аҳоли, мамлакатда доимий яшовчилар учун ҳаж тадбирларини ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилган. Ушбу қарор кўплаб мусулмон мамлакатлар ва нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан қўллаб-қувватланган.


Шунингдек, ҳожиларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун жамоат саломатлиги мезонларига жавоб берадиган ҳаж модели ишлаб чиқилган. Жумладан, ҳаж зиёратига борадиганлар сони 60 минг нафар этиб белгиланди. Ҳаж зиёратига боришни истаганлар 18 ёшдан 65 ёшгача бўлиши, сурункали касалликлардан холи бўлиши ва “COVID-19”га қарши эмланган бўлиши зарур.


Таъкидлаш жоизки, чет мамлакатлардан қинғир йўллар, қалбаки ҳужжатлар ёки турли алдов йўллари билан ҳаж амалини адо этишга уриниш мамлакатга киришга тақиқ қўйилиши баробарида қонуний жавобгарликка ҳам сабаб бўлади. Карантин қоидаларини бузганлар 200 минг риёл (53,2 минг АҚШ доллари) миқдорида жарима ёки икки йилдан ортиқ бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.


Саудия Арабистони Подшоҳлиги томонидан баён этилганлардан инобатга олиб, жорий 2021 йилда бутун дунё мамлакатлари қатори Ўзбекистонда ҳам ҳаж сафарлари ташкил этилмаслигини маҳзунлик ила маълум қиламиз.


Айни вақтларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Саудия Арабистонининг “Умра” тадбирларини бошлаш юзасидан саъй-ҳаракатларини ўрганиб бормоқда. Қиролликнинг ушбу сафарни бошлаш борасидаги якуний қарори эълон қилингандан кейин Ўзбекистон мусулмонлари идораси умра сафарини тезкорлик билан ташкил этиш чора-тадбирларини амалга оширади. Бу ҳақда расмий нашрларимизда маълум қиламиз.


Аллоҳ таолодан чин қалбдан сўраймизки, коронавирус касаллиги бутун инсоният бошидан тезроқ арисин ва келгуси йилда ҳаж ибодатларини бажаришни барчамизга насиб этсин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

1960 марта ўқилди

Янгиликлар

Top