Дунё янгиликлари

Покистон Ислом мафкураси кенгаши раиси: ҳар бир фуқаромиз Ўзбекистонга бир марта бўлса-да зиёратга келишни хоҳлайди

Покистон Ислом мафкураси Кенгаши раиси, профессор Қибла Аёз «Дунё» АА мухбири билан суҳбатда мамлакатимизда халқимизнинг муқаддас эътиқоди — ислом динига оид бой маънавий-маданий меросни асраб авайлаш, диёримиздан етишиб чиққан буюк алломаларнинг илмий ғоялари ва асарларини чуқур ва ҳар томонлама ўрганиш, аждодларимиздан қолган ноёб манбалар асосидаги тадқиқ этилган маълумотлар билан халқимизнинг диний маданиятини юксалтириш бўйича амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

– Ўзбекистон раҳбарияти ва қардош халқга фаол ривожланиб бораётган икки томонлама муносабатлар учун ўзимнинг энг эзгу тилакларим ва миннатдорлигимни йўллаш мен учун катта шарафдир, – деди Покистон Ислом мафкураси Кенгаши раиси. – Шуниси қувонарлики, Ўзбекистон ва Покистоннинг қардош халқлари дин, тарих, маданият ва оилавий анъаналар жиҳатидан яқин муштаракликка эга. Бу, айниқса, зиёрат туризми орқали Покистондан мамлакатингизга сайёҳлар оқимининг кўпайишида яққол намоён бўлмоқда.

Мамлакатларимиз ҳаётнинг барча жабҳаларида, жумладан, фиқҳ ва ҳадис ислом таълимотларини ўрганиш соҳасида ижобий ва ишончли муносабатларни йўлга қўйган.

Ўзбекистонда маданий, тарихий ва маънавий соҳаларда ижобий натижаларга эришилмоқда, ислом дини тинчлик ва маърифатпарвар дин сифати кенг тарғиб этилмоқда. Давлат раҳбари раҳнамолигида мамлакатда барча халқларнинг миллий ва диний қадриятларига юксак ҳурмат кўрсатилмоқда, ислом дунёси учун намунали ўзгаришлар ва ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ислом динининг бағрикенглик ва ўзаро ҳурмат каби ҳақиқий гуманистик аҳамияти, жумладан, зиёрат туризми орқали очиб берилмоқда.

Покистонда мавжуд кўплаб меъморий объектлар ва диққатга сазовор жойлар сизнинг аждодларингиз томонидан бунёд этилган. Улар ўзбек халқи маданияти билан чамбарчас боғлиқдир.

Покистоннинг ҳар бир фуқароси зиёрат туризми доирасида Ўзбекистонга камида бир марта сайёҳат қилиш, бой тарихий ва ислом мероси билан яқиндан танишишни чин дилдан истайди.

Бу Ўзбекистон Президенти томонидан фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, дин эркинлиги, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш борасида олиб бораётган изчил сиёсати самарасидир.

Ўзбекистоннинг бой ҳадис мактаби анъаналари менда катта таассурот қолдирди. Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида дин, таълим ва исломшунослик соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва бунёдкорлик ишлари республиканинг халқаро майдонда, жумладан, мусулмон давлатлари орасидаги обрўйини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Ишончим комилки, диний-маърифий соҳадаги шерикликни ривожлантириш халқларимиз ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлашнинг муҳим истиқболларини очиб беради.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1183 марта ўқилди

Янгиликлар

Top