Дунё янгиликлари

Иброҳимжон домла Иномов Россиядаги халқаро анжуманда маъруза билан қатнашди

Хабар берганимиздек, шу йил 6-8 сентябрь кунлари Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳрида “Диний олам: эпидемиологик вазиятни тартибга солиш шароитидаги диний фаолият” мавзусида халқаро анжуман ўтказилди.

Халқаро анжуманда Санкт-Петербург ва РФ Шимолий-Ғарбий федерал округи мусулмонлар идораси раиси, муфтий Равил Панчиев таклифига биноан Ўзбекистон мусулмонлари идораси номидан раис ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов қатнашди.

Форумда Санкт-Петербург ва рус илоҳиётчилари, Бирлашган Араб Амирликлари, Марокаш, Индонезия, Буюк Британия, АҚШ, Германия, Марказий Осиё ва бошқа мамлакатларнинг турли дин ва диний вакиллари иштирок этди.

Халқаро анжуманда пандемиянинг диний соҳага таъсири ва маънавий қадриятларни асраш, коронавирусга қарши курашдаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш масалаларига эътибор қаратилди.

"Коронавирус ҳали бизни тарк этгани йўқ. Кўп дўстларимиз касал бўлди, бошқалар касал, айрилган дўстларимиз ҳам бор. Лекин дунёнинг охири ҳали келгани йўқ, Шунинг учун Аллоҳ бизга ўзгариш, ривожланиш имконини беради. Шунинг учун Нева дарёсидаги шаҳар бугунги кунда ўз меҳмонларини меҳмон қилмоқда", - деди Санкт-Петербург ва Россиянинг Шимолий-Ғарбий ҳудуди мусулмонларининг диний идораси раиси Равиль Панчеев.

Нуфузли анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов ҳам сўзга чиқиб, тадбир иштирокчиларига мамлакатимиз диний соҳа раҳбарларининг салом ва дуоларини етказди ва мавзу доирасида маъруза билан қатнашди.

Маъруза давомида Иброҳим домла Иномов Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, марҳум муфтий Усмонхон Алимов вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирган, дуои хайрлар қилган мусулмон биродарларга ташаккур айтди, юртимиздан етишиб чиққан буюк алломаларнинг динимиз ривожига қўшган ҳиссаси, бугунги кунда мамлакатимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган хайрли ишлар, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг нуфузли халқаро ташкилот ва хорижий мамлакатларнинг диний идоралари ҳамкорлик алоқалари ҳақида маълумот берди. Шунингдек, мавзу доирасида бир қатор долзарб фикр-мулоҳазаларни билдирди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1432 марта ўқилди
Мавзулар

Янгиликлар

Top