Дунё янгиликлари

Тарихда бугун: Ислом ҳамкорлик ташкилотига асос солинди

Аъзолари сони жиҳатидан дунёнинг иккинчи йирик ташкилоти ҳисобланувчи Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ)га 1969 йилнинг 25 сентябрида Марокашнинг Работ шаҳрида асос солинган эди.

Ўша пайтда ташкилотнинг мақсадлари сифатида мусулмон давлатлар ўртасида ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий соҳалар бўйича бирдамликни таъминлаш, мустамлакачилик, неомустамлакачилик ва ирқчиликка қарши курашиш ҳамда Фаластин озодлик ташкилотини қўллаб-қувватлаш тилга олинган эди.

Ўтган вақт давомида ИҲТ ислом дунёсининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилувчи давлатлараро ҳамкорлик платформасига айланди. У умумий аҳолиси 1,7 миллиард бўлган 57 давлатни ўз атрофида бирлаштирган.

Бош қароргоҳи Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида жойлашган мазкур ташкилот 2011 йилгача Ислом конференцияси ташкилоти деб аталган. ИҲТ таркибида тўртта доимий қўмита ишлаб туради, булар Қуддус, Ахборот ва маданият масалалари, Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича, Илмий-техник ҳамкорлик бўйича қўмиталардир.

 

azon.uz

1065 марта ўқилди

Янгиликлар

Top