Москва жоме масжидида Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллуд топган кунларига бағишланган фотокўргазманинг очилиши бўлиб ўтди.
Маросимда Москва муфтийси, Россия мусулмонлари диний идораси раисининг муовини Илдар Аляутдинов, унинг ҳамкасби Рушан Аббясов, Туркия Республикасининг Россия Федерациясидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Меҳмет Самсар, диний ишлар бўйича маслаҳатчиси Умар Фарук Савуран ва элчихона ходимлари иштирок этди.
Россия мусулмонлари диний идораси матбуот хизмати маълумотларига кўра, кўргазма экспозициясида қизиқарли ва ноёб фотосурат асарлар, жумладан, Истанбулдаги Тўпқопи музейида намойиш этилган Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсий буюмлари фотосуратлари мавжуд. Москва муфтийси Илдар Аляутдиновнинг сўзларига кўра, ҳар бир экспонат мўмин-мусулмонлар учун диний ва информацион аҳамиятга эга бўлиб, одамларнинг энг яхшилари – Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг буюк меросини янада очиб беради.
Кўргазма Москва мусулмонлари диний идораси томонидан Рабиу-л-Аввал ойи шарафига тайёрланган диний-маърифий дастур доирасида очилди. Дастур бир қатор "Муҳаммад – юксак одоб-аҳлоқ эгаси" онлайн маърузалар, Москва жомеъ масжиди анжуманлар залида филм "Умар ибн ал-Ҳаттоб" фильмининг кундалик намойиши, болалар байрам тадбири ва "ДАР" маданий марказида "Қидирув" интеллектуал ўйини ва бошқаларин ўз ичига олади.
Туркиянинг Москвадаги элчихонаси кўмагида кўргазма Россия диний идораси, Москва мусулмонлари диний идораси ва Туркия Республикаси Дин ишлари бошқармаси томонидан ташкил этилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати