Дунё янгиликлари

Мисрда Конституциямизнинг 29 йиллиги нишонланди

Қоҳира шаҳрида Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчихонаси томонидан ушбу мамлакатда таҳсил олаётган юзлаб ватандошларимиз иштирокида Асосий қонунимиз – Конституция қабул қилинганининг 29-йиллиги муносабати билан учрашув ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Тадбирда Мисрда хизмат сафарида бўлиб турган Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов иштирок этди.

Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчиси Мансурбек Қиличев 24 октябрь куни бўлиб ўтган Президент сайловида фаол иштироки учун ватандошларимизга миннатдорлик изҳор этди.

Мисрдаги юртдошларимизни улуғ айём – Ўзбекистон Конституцияси куни байрами билан самимий муборакбод этиб, Асосий қонунимиз моҳиятига сингдирилган инсонпарварлик тамойилларини таъминлаш бўйича мамлакатимизда тизимли ва кенг кўламли демократик ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидлади.

Бош қомусимизда белгилаб қўйилган ҳар бир инсоннинг, жумладан, ёшларимизнинг ҳуқуқларини қўллаб-қувватлаш ва амалга оширишда адолат принципини амалда таъминлаш бўйича ва айни дамда фаол гендер сиёсати доирасида хотин-қизларимизнинг ижтимоий-сиёсий мавқеини мутаҳкамлаш бўйича жадал ишлар давом эттирилаётгани айтиб ўтилди.

Давлатимиз раҳбарининг «Янги Ўзбекистон - мактаб остонасидан бошланади» ғояси асосида таълим-тарбия тизимини тубдан ислоҳ қилиш, илм-фан, маданият ва санъат, адабиёт, спорт соҳаларини ривожлантириш, ёшларнинг, айниқса, қизларимизнинг истеъдод ва қобилиятини рўёбга чиқариш борасида қилинаётган кенг кўламли ишлар таъкидланди.

Буларнинг барчаси халқимизнинг эртанги кунга бўлган ишончини мустаҳкамлашга, юртимизда Учинчи Ренессанс – миллий тараққиётимизнинг янги даври пойдеворини ва Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида хизмат қилаётгани қайд этилди.

Чет элдаги ватандошларимизнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, мавжуд муаммоларини тезкор ва ижобий ҳал этиш, уларга амалий ёрдам кўрсатиш борасида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилаётгани, Ўзбекистон фуқаролари ҳамиша ўз давлати ва Конституцияси ҳимоясида бўлиши ва бу тамойил бундан буён ҳам қатъий амалга оширилишига эътибор қаратилди.

Суҳбатда бугунги кунда мамлакатимизда ёшларни қўллаб-қувватлашга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётгани, уларнинг таълим олиши, иқтидорини намойиш этиши ва истеъдодини шакллантириши учун барча шароитлар яратилаётгани таъкидланди. Мисрдаги ўзбек талабаларига ушбу имкониятлардан оқилона фойдаланиши, турли хил сохта ғояларга учмаслик лозимлиги уқтирилди.

Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Музаффар Комилов Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар, миллий анъана ва қадриятларимизни ривожлантиришга давлат томонидан катта аҳамият берилаётгани ҳақида сўз юритди. Улуғ алломаларнинг илмий меросини чуқур ўрганиш, ёшларни илм-маърифатли этиб тарбиялаш ҳар бир мамлакатнинг устувор вазифаси эканини қайд этди.

Ўзбекистонда таълим ва илмий фаолиятда эришилган ютуқларга ҳам тўхталиб ўтилди. Талаба ёшларга тинчлик дини бўлган ислом динининг мазмун-моҳияти, юртимизда туғилиб, дунё тамаддуни ривожига улкан ҳисса қўшган буюк мутафаккирларимизнинг бебаҳо маънавий меросини чуқур тадқиқ этиш, халқаро даражадаги замонавий мутахассис кадрларни тарбиялаш давлатимизни устувор мақсади экани айтилди. Ўз навбатида, Мисрда таҳсил олаётган ёшлар илм ўрганиш йўлида бардавом бўлиб, юртимиз равнақи йўлида хизмат қилишлари кераклиги урғуланди.

Тадбирда ўзбек талабалари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олди. “Очиқ мулоқот” тарзида кечган учрашув самимий ва кўтаринки кайфиятда якунланди.

Тадбир сўнгида иштирокчилар учун байрам дастурхони ёзилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1250 марта ўқилди

Янгиликлар

Top