Дунё янгиликлари

Хаттот Усмон Тоҳа Саудия фуқаролигига қабул қилинди

Саудия Арабистони Подшоҳлиги ОАВ хабарига кўра, ҳукумат Қуръони каримнинг 12 нусхасини ўз қўли билан араб ёзувида ёзган машҳур суриялик хаттот Усмон Тоҳага фуқаролик беришга қарор қилди.

Саудия Арабистони Усмон Тоҳани ўз ҳудудида ўнлаб йиллар яшаб, ҳозир 87 ёшда экани ва Қуръони каримга бўлган хизматини қадрлаган ҳолда Саудия фуқаролиги берилиши маълум қилинди.

Ўтган асрнинг саксонинчи йиллари охиридан бошлаб хаттот Усмон Тоҳа Мадинадаги Подшоҳ Фаҳд номли Қуръони каримни чоп этиш мажмуаси билан ҳамкорликда Қуръонни ўз қўли билан ёзишни бошлаган ва шу кунга қадар 12 нусхада Қуръони каримни ёзиб тугатишга муваффақ бўлган.

Эътиборлиси, Саудия Арабистони подшоси Салмон бин Абдулазиз ҳазратлари 2019 йил ноябрь ойида “имтиёзли яшаш учун рухсатнома бериш” тўғрисидаги қароридан сўнг Подшоҳликнинг 2030 йилги тараққиёт режасига қўшимча равишда турли соҳаларда, жумладан, суд, қонунчилик, тиббиёт, саноат, нефт саноати соҳаларида хизмат қилган иқтидорли шахсларни фуқароликка қабул қилишга буйруқ берган эди.

Маълум қилинишича, хаттот Усмон Тоҳа 1934 йилда Суриянинг Ҳалаб шаҳрида туғилган. У 1965 йилда Дамашқ университетининг Тарбия факультетини тамомлаган, араб ва форс тилларида рассомлик ва хаттотлик бўйича муваффақиятга эришган, Ислом оламидаги хаттотлар буюк устози Ҳомид ал-Амадий томонидан 1973 йилда энг яхши хаттотлик илми бўйича ижоза “махсус унвони”ини олишга сазовор бўлди.

ЎМИ Халқаро алоқалар бўлими

1545 марта ўқилди

Янгиликлар

Top