Мамлакатимиз элчихонаси кўмагида Малайзия Ислом цивилизация институти ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳамкорлигида «Мусулмон дунёси алломаларининг жаҳонда тутган ўрни» мавзусига бағишланган халқаро илмий-амалий онлайн форум ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.
Тадбирда Малайзия Миллий университети, Малайзия Ислом цивилизацияси институти, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий Халқаро илмий тадқиқот маркази, Ўзбекистон Халқаро Ислом академиясининг олим ва тадқиқотчилари ўз маърузалари билан иштирок этди.
Анжуман давомида жаҳон илм-фани ва Ислом цивилизацияси ривожига беқиёс ҳисса қўшган мусулмон дунёсининг буюк алломаларининг ҳаёти ва илмий мероси ҳақида атрофлича фикр алмашилди. Жумладан, Муҳаммад Ал-Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Абу Ҳафс Насафий, Ибн Ал-Ҳайсам каби мутафаккирлар фаолияти бўйича тақдимотлар ўтказилди.
Жаҳон илм-фани ва муқаддас Ислом дини тамаддунига муносиб ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг бой меросини тадқиқ қилиш ва тарғиб этиш борасида Ўзбекистонда кейинги йилларда амалга оширилаётган тизимли чора-тадбирлар анжуман иштирокчилари томонидан юқори баҳоланди.
Тадбир якунида Малайзия ҳамда Ўзбекистоннинг илмий ва ўқув муассасалари ўртасида қўшма тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш, илмий алмашув йўналишидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш ва пандемия билан вазият барқарорлашганидан сўнг ўзаро ташрифларни ташкил этиш бўйича келишувларга эришилди.
Онлайн форум Малайзия Ислом цивилизация институтининг «Facebook»даги саҳифаси орқали тўғридан-тўғри узатилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати