Дунё янгиликлари

Жаннатга мусобақалашинг

“Раббингизнинг мағфиратига ва Аллоҳга ҳамда Унинг Пайғамбарларига имон келтирганлар учун тайёрланган, кенглиги осмону ернинг кенглигича бўлган жаннатга мусобақалашинг. Ана ўша, Аллоҳнинг фазли. Кимга хоҳласа, беради. Аллоҳ улуғ фазл эгасидир” (Ҳадид сураси,  21-оят).

Ўзбекистон мусулмонлари идораси, “Вақф” хайрия жамоат фонди ва Тошкент шаҳар ҳокимияти билан ҳамкорликда 2022 йил 30 март куни Тошкент шаҳрида “Сиз бизга кераксиз!” шиори остида имконияти чекланганлар учун тадбир ўтказилди. Унга Тошкент, Навоий, Андижон, Самарқанд вилоятларидан 250 нафар имконияти чекланган фуқаролар ташриф буюришди.

Тадбирни Тошкент шаҳар вакиллиги ходими Абдуқаҳҳор Юнусов Қуръони карим тиловати билан бошлаб берди. Сўнг, иштирокчиларни яқинлашиб келаётган Рамазон ойи муносабати билан муборакбот этди.

Шунингдек, тадбирда Тошкент шаҳар, Тошкент ва Навоий вилоятларидан келган имконияти чекланган фуқаролар ўртасида “40 фарз баёни” бўйича мусобақа ўтказилди.

Мусобақа уч шартдан иборат бўлиб:

1-шарт. Билет бўйича 3 та саволга жавоб бериш;

2-шарт. Гуруҳлар ўртасида ўзаро савол-жавоб;

3-шарт. Эркин мавзу.

Ушбу мусобақа натижасига кўра:

1-ўрин Тошкент шаҳри, 2-ўрин Навоий вилояти, 3-ўрин Тошкент вилояти имконияти чекланганларига насиб этди.

Мусобақа ғолибларига “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан эсдалик совғалар улашилди. Тадбир сўнгида имконияти чекланганлар томонидан имо-ишорада ижро этилган нашидлар, саҳна кўринишлари барчага кўтаринки кайфият бахш этди.

Биз ўз жамоамиз номидан барча ғолибларни табриклаймиз.

Ушбу тадбирларнинг муҳим жиҳати шундаки, юзлаб кўнгли ярим, қалби ўксик кишиларимизга шодлик улашади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисларида: «Аллоҳ таолога фарзлардан кейинги энг севимли амал мусулмоннинг қалбига хурсандлик киргизишдир», деганлар.

Эшитиш ва гапириш қобилияти чекланган бундай инсонларнинг синиқ кўнгилларини кўтариб, дилларига хурсандчилик улашиш ҳузурбахш амаллардан эканига шубҳа йўқ.

 

 

Мунира АБУБАКИРОВА

Хотин-қизлар масалалари бўйича бўлим мутахассиси

1085 марта ўқилди

Янгиликлар

Top