Дунё янгиликлари

Тула шаҳридаги “Нур” масжидида ватандошларга маърифат улашилди

Хабар берганимиздек, айни кунларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов Ўзбекистон делегацияси таркибида Россия Федерациясида бўлиб турибди.

Кеча, 19 апрел куни Иброҳимжон домла Иномов Россиянинг Тула шаҳридаги “Нур” масжидига йиғилган мўмин-мусулмонлар билан бирга пешин намозини адо этиб, маърифий суҳбат қилиб берди. Унда йиғилганларга диний соҳа раҳбарлари, хусусан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла хазратларининг салом ва дуолари, Рамазон табриклари етказилди. Жамоат бундай жуда хурсандлигини билдиришди.

Суҳбат асносида муборак динимиз асослари, тинчлик-саломатлик неъмати, мусулмон одоблари, ёт оқимлардан сақланиш мавзуларда мавъиза қилинди. Йиғилганларнинг диний саволларига батафсил жавоб қайтарилди. Диний-маърифий маърузаларни Диний идора тизимидаги сайт ва ижтимоий тармоқлардан олиш тавсия этилди.

Ўз навбатида диндош ва ватандош биродарлар ҳам мамлакатимиздаги ислоҳотлардан хурсанд эканини баён этиб, Президентимиз ва барча раҳбарларимизга миннатдорчилик ва дуоларини изҳор этишди. Хусусан, Россиядаги Ўзбекистон элчихонаси хизматлари юқори даражада эканлигини таъкидлашди.

Маълумот учун, Тула шаҳридаги “Нур” масжидида ҳайит намозларида 10 минг, жумада 2000 намозхон қатнашади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

1213 марта ўқилди

Янгиликлар

Top