Дунё янгиликлари

Америка Қўшма Штатларида Рамазон ҳайити кенг нишонланди

Мамлакатимизнинг Америка Қўшма Штатларидаги элчихонаси ва Нью-Йоркдаги Бош консулхонаси ташаббуси билан Америкага ташриф буюрган Ўзбекистон Мусулмонлари идораси масъул ходимларидан иборат делегациянинг Флорида штатида истиқомат қиладиган ватандошларимиз билан биргаликда Ҳайит намозини ўқиши ва Рамазон ҳайити айёмига бағишланган маъросимларда қатнашиши ташкил этилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА.

Ўзбекистон элчиси Жавлон Ваҳобов Орландода жойлашган Имом ал-Бухорий ислом марказига йиғилган меҳмонларни Рамазон ҳайити билан самимий қутлар экан, Рамазон ойида ўзбекистонлик имом-хатибларнинг Америка диёрига қилган ташрифи ҳақида атрофлича тўхталди. Қайд этилганидек, сафар давомида имом-хатиблар миллий диаспоралар етакчилари билан учрашувлар ўтказди, маҳаллий масжидларда Ислом динининг асл қадриятлари тўғрисида маърузалар ўқишгани баробарида юртдошларимиз ташаббуслари билан барпо этилган масжид ва Ислом марказларининг тантанали очилиш маросимларида иштирок этди.

Шу билан бирга, Флоридадаги Ўзбекистонликлар ассоциацияси ва Орландодаги Имом ал-Бухорий ислом маркази аъзолари ва фаол юртдошларимизга ўзбек тили, маданияти ва динини сақлаб қолиш ҳамда юртимизнинг бой илмий, маданий ва маънавий меросини кенг тарғиб қилиш юзасидан кўрсатаётган амалий кўмаклари учун чуқур миннатдорлик изҳор этилди.

Тадбир давом этар экан, Имом ал-Буҳорий ислом марказида кўп сонли ватандошлар билан биргаликда Ҳайит намози ўқилди. Сўнгра Ўзбекистондан келган имом-хатибларнинг Рамазон фазилатлари, динимизнинг эзгулик ва инсонпарварлик, меҳр-шафқат каби тамойиллари, фарзанд тарбияси, ўзликни йуқотмаслик ва тарихий Ватан атрофида бирлашиш каби мавзулардаги ваъзлари тингланди.

Байрам дастури доирасида Флорида штатида истиқомат қиладиган мамлакатимиз фуқаролари учун элчихонанинг консуллик бўлими ходимлари томонидан сайёр қабул ҳам уюштирилди. Унда фуқароларга тегишли консуллик-ҳуқуқий маслаҳатлар ва хизматлар кўрсатилгани ҳолда консуллик ҳисобига олиш, паспорт расмийлаштириш, Ўзбекистонга қайтиш гувоҳномаси бериш, турли нотариал ҳаракатлар, фуқароликдан чиқиш масалалари юзасидан батафсил маълумотлар тақдим этилди.

Элчихона ходимлари ва ватандошлар ўртасида бўлиб ўтган очиқ мулоқот чоғида эса Ўзбекистон раҳбарияти томонидан хориждаги ватандошларга кўрсатилаётган эътибор, уларни қўллаб-қувватлаш борасида кўрилаётган эътиборга молик чора-тадбирлар ҳақида атрофлича фикр юритилди. Бундан ташқари, Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар сиёсатини амалий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, республика иқтисодиётига сармоя киритиш, савдо, туризм, ёшлар бандлигини таъминлаш соҳаларида шериклик алоқаларини кенгайтириш билан масалалар ҳам муҳокама қилинди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1456 марта ўқилди

Янгиликлар

Top