Дунё янгиликлари

Ўзбекистон вакиллари Лондонда ўтказиладиган халқаро анжуманга таклиф этилди

Буюк Британия Бош вазирининг дин ва эътиқод эркинлиги бўйича махсус вакили Фиона Брюс ўзининг «Декларациялар мулоқоти» халқаро форуми иштирокчиларига йўллаган видеомурожаатида Ўзбекистонни жорий йил 5-6 июль кунлари диний эркинликлар таъминланиши мавзусига бағишлаб Лондонда ўтказиладиган халқаро конференцияга таклиф этди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

– Тарихий Бухоро декларацияси қабул қилинганлиги билан табриклайман, - деди Фиона Брюс. – Ушбу форумнинг муҳимлиги ҳақида гапирар эканман, диний толерантлик ва кўп миллатли ҳамжиҳатликнинг таъминланиши борасидаги Ўзбекистоннинг маданий меросини эътироф этишдан бошлашни истар эдим.
Сизнинг мамлакатингиз сўнгги 4-5 йил ичида диний эркинлик ва эътиқод масаласида фавқулодда салмоқли муваффақиятларга эришганлиги ҳамда одамлар ўз динларини ифода этадиган ёки амалда рўёбга чиқарадиган кўплаб масканларни яратганлиги билан фахрланишга ҳақлидир. Мен чин дилдан умид қиламанки, бу ижобий ўзгаришлар давом этади ва бу эркинликлар келажак авлодлар учун асраб қолинади.

Мен ва бошқа халқаро ташкилотлар вакиллари сизни бу изчил жараёнда қўллаб-қувватлашга тайёрмиз.

Бирлашган Қироллик 5-6 июль кунлари Лондонда диний ва эътиқод эркинликлари таъминланишига бағишланган халқаро анжуманга мезбонлик қилади. Умид қиламизки, ушбу анжуманда 50 дан ортиқ мамлакатдан ҳукумат вакиллари, диний етакчилар ва фуқаролик жамияти фаоллари тўпланади. Улар нафақат диний эркинликлар соҳасидаги глобал муаммоларни муҳокама қилиш, балки уларни ҳал қилиш бўйича ҳам ҳаққоний ва амалий қадамларни ташлаш юзасидан келишиб олиш учун ҳам йиғилишади.

Ўзбекистон делегациясини Лондонда қутлайман, деб умид қиламан.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

1274 марта ўқилди

Янгиликлар

Top