Дунё янгиликлари

Шемаха – Турк дунёсининг 2023 йилдаги туризм пойтахти

Озарбайжоннинг Шемаха шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти Туризм бўйича ишчи гуруҳи 17-мажлиси ва Туризм вазирлари 7-йиғилишида қабул қилинган тегишли қарорга асосан, Шемахага Турк дунёсиниг 2023 йилдаги сайёҳлик пойтахти мақоми берилди.
Тадбирда ТДТ бош котиби Бағдод Амреев, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов, шунингдек Туркия, Қозоғистон, Туркманистон, Венгрия давлатларининг сайёҳлик соҳаси масъуллари, Озарбайжондаги димпломатик миссия вакиллари иштирок этди.

Анжуман қатнашчилари мультимиллий “Замонавий Буюк Ипак йўли” кўринишидаги қўшма сайёҳлик маҳсулотлари яратиш йўлидаги саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш муҳимлигини бир овоздан маъқулладилар. Озарбайжон Туризм давлат агентлиги хабарига кўра, йиғилишда “Турк дунёси туризм пойтахти ташаббуслари” қоидалари тасдиқланди ва “Туркий давлатлар ташкилотининг туризм бўйича “Йўл харитаси” қабул қилинди.

Бош котиб Бағдод Амреев ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида барча йўналишларда жадал ривожланаётган ҳамкорлик, жумладан, туризм соҳасида ҳам яққол акс этаётганини таъкидлади. У Шемаха шаҳрини юксак мақомга сазовор бўлгани билан қутларкан, мазкур ташаббуснинг давомийлиги мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро жипслик янада мустаҳкамланишига олиб келишини билдирди.

Қайд этиш жоиз, Шемаха – Буюк Ипак йўлидаги энг муҳим, тарихий ва сайёҳлик нуқтаи назаридан алоҳида аҳамиятга эга шаҳарлардан бири. Шунинг учун ҳам Турк дунёсининг 2023 йилдаги туризм пойтахти этиб танланди.

 

Ғ.ХОННАЗАРОВ

1024 марта ўқилди

Янгиликлар

Top