Дунё янгиликлари

Қирғизистонда 2-халқаро Қуръон мусобақаси ўтказилди

Шу йил 28-29 июнь кунлари Қуръони каримни ёддан тиловат қилиб бериш бўйича Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрида ўтказилган II Халқаро Қуръони карим мусобақасида Ўзбекистон вакили сифатида Тошкент шаҳридаги “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти 3-курс талабаси Билол қори Юсуфжонов қатнашди.

Мазкур мусобақада Россия Федерацияси, Чеченистон, Ингушия, Татаристон, Бошқирдистон, Доғистон, Якутия Республикалари, шунингдек, Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Шриланка, Покистон ва бошқа давлатлар қориларидан иборат 16 нафар вакил иштирок этди.

Мусобақада иштирокчи қориларнинг чиқишини Қатар, Ливия, Миср Араб Республикаси, Туркия ва Қирғизистон Республикаси мутахассисларидан иборат бўлган ҳакамлар ҳайъати аъзолари баҳолаб боришди.

Якуний натижага кўра, 1-ўрин Шриланка, 2-ўрин Доғистон, 3-ўрин Қирғизистон, 4-ўрин Покистон ва 5-ўрин Чеченистон Республикаси қориларига насиб этди. Шунингдек, вакилимизга ҳам ташаккурнома ёрлиғи топширилди.

Ғолибларга мукофотлар топширилди. Шунингдек, иштирокчи қорилар учун мусобақа ташкилотчилари томонидан Қирғизистондаги дам олиш зонаси ва диққатга сазовор жойларга зиёратлар уюштирилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Халқаро алоқалар бўлими

1133 марта ўқилди

Янгиликлар

Top