Дунё янгиликлари

Корея Мусулмонлар федерацияси билан “зиёрат туризми” йўналишидаги ҳамкорликнинг истиқболлари муҳокама қилинди

Ўзбекистоннинг Сеулдаги элчихонаси вакиллари Корея Мусулмонлар федерацияси президенти Ким Донг Ёк ва Кореядаги мусулмонлар жамоати бош имоми Ли Джу Хва билан учрашув ўтказишди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Унда зиёрат туризми ва бошқа соҳалардаги ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш билан боғлиқ масалалар мулоқотнинг асосий мавзуси бўлди. Шунингдек, Корея Мусулмонлар федерацияси раҳбариятининг жорий йил 1-5 ноябрь кунлари Ўзбекистонга амалга оширган сафари ва унинг доирасида юртимизда ўтказилган “Халқаро зиёрат туризм ҳафталиги”даги иштироки якунлари ҳам атрофлича муҳокама қилинди.
Федерация президенти Ким Донг Ёк ўзининг мамлакатимизга сафаридан орттирган таассуротларини ўртоқлашар экан, бундай нуфузли халқаро тадбирда қатнашиш, қолаверса фахрли меҳмонлар сафида очилиш маросимида сўзга чиқиш имконияти тақдим этилганлиги учун миннатдорлик изҳор этди.


Унинг сўзларига кўра, “Халқаро зиёрат туризм ҳафталиги” жуда юқори савияда ташкил этилди ва самарали якунланди.
– Айниқса, ўзбекистонлик алломаларнинг ислом илми ва маданияти ривожига қўшган ҳиссаси, хаттотлик санътидаги маҳорати таҳсинга лойиқдир, – деди у. – Зиёрат ҳафталиги хорижлик иштирокчиларга Ўзбекистоннинг Ислом цивилизациясидаги алоҳида ўрни тўғрисида атрофлича маълумотларни тақдим этди.


Кореядаги мусулмонлар жамоати бош имоми Ли Джу Хва Бухоро шаҳрига зиёрати ва Мир Араб мадрасасининг 600 йиллигига бағишланган маросимда иштироки жуда мазмунли ва эсда қоларли бўлганини маълум қилди.
– Мир Араб мадрасаси мисолида Ўзбекистонда асрлар давомида шаклланган юксак даражадаги ислом дини таълимоти ва исломий маърифатни ҳис қилишга муваффақ бўлдик, – деди кореялик имом.
Шунингдек, Корея Мусулмонлар федерацияси делегацияси мамлакатимизга сафари давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ислом цивилизацияси маркази раҳбарияти билан бўлиб ўтган самарали учрашувлар самарали бўлгани ҳам қайд этилди.


Мазкур учрашувларда эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида Ўзбекистоннинг зиёрат туризм йўналишидаги улкан салоҳиятини Жанубий Корея оммасига кенг тарғиб қилиш ва келгусида ушбу мамлакатдан сайёҳларни жалб этишга доир режалар белгилаб олинди.

Ўзбекистон мусулмонлари маъмурияти матбуот хизмати

1618 марта ўқилди

Янгиликлар

Top