Дунё янгиликлари

Екатеринбургда Ўзбекистон зиёрат туризми салоҳиятига бағишланган тадбир бўлиб ўтди

Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини тақдим этиш мақсадида Екатеринбургда Бош консулхона томонидан тадбир ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Унда Свердловск вилояти ҳокимияти мутасаддилари, Россия ТИВнинг Уралдаги вакилининг ўринбосари, Озарбайжон, Франция, Қирғизистон ва Тожикистоннинг Екатеринбургдаги Бош консуллари ва дипломатлари, шунингдек, Доғистон, Ингушетия, Чеченистон ҳукуматларининг Уралдаги доимий вакиллари, ўзбек диаспора фаоллари ҳамда ватандош талабалар иштирок этдилар.
Тадбир давомида иштирокчиларга Ўзбекистоннинг зиёрат туризми соҳасидаги сайёҳлик салоҳиятини очиб берувчи видеофильм ва тақдимот намойиш этилди. Шунингдек, тақдимот давомида иштирокчилар ислом цивилизация ривожига улкан ҳисса қўшган буюк алломаларимиз ҳақида маълумот олдилар.
Шу билан бирга, меҳмонларга ўзбекистонлик ҳунармандлар томонидан ишлаб чиқарилаётган декоратив-амалий санъат маҳсулотлари, мамлакатимиздаги гастрономик туризмнинг ўзига хос хусусиятлари ҳақида сўзлаб берилди.
Иштирокчиларда республикамизнинг зиёрат туризми салоҳияти тақдимоти катта таассурот уйғотди. Жумладан, Бошқирдистоннинг Челябинск вилоятидаги собиқ доимий вакили, Челябинск вилоят телевиденияси «ОТВ» раҳбарининг ўринбосари А.Хабибуллин Ўзбекистон заминида туғилиб ўсган уламолар ислом цивилизацияcига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшганликларини алоҳида таъкидлаб, иштирокчиларни Имом Бухорий юртини зиёрат қилишга чақирди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

672 марта ўқилди

Янгиликлар

Top