Дунё янгиликлари

«The Times»: Ўзбекистон - бу ажойиб мамлакат – британиялик сайёҳлар сиз қаерда?

«The Times»: Ўзбекистон - бу ажойиб мамлакат – британиялик сайёҳлар сиз қаерда?

Британиянинг машҳур «The Times» кундалик газетасида  нашр муҳаррири, саёҳатчи - журналист Люси Перриннинг Ўзбекистон сайёҳлик бренди элчиси Софи Ибботсон кўмагида ёзилган мақоласи чоп этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Мақола британиялик журналистнинг мамлакатимизга қилган сафари тафсилотлари асосида тайёрланган. Унда муаллиф ўз таассуротлари билан ўртоқлашади, диққатга сазовор жойлар - тарихий обидалар ва табиий ландшафтлар, шунингдек, юртимизнинг замонавий сайёҳлик инфратузилмасини қаламга олган.

«Ўзбекистон британияликлар орасида жуда машҳур эмас – ҳар йили ушбу  мамлакатга  Буюк  Британиядан 10000 га яқин одам ташриф буюради холос.  Шу  ўринда  таъкидлаш керакки, Марказий Осиё давлатларини мустақил равишда айланиб чиқиш ғояси менга бироз қўрқинчли туюлди, - деб ёзади у. - Бироқ, мен гуруҳ сафарига қўшилишни хоҳламадим ва муроса йўлини танладим. Маҳаллий гид билан шахсий саёҳат, у ерда мен ишончли қўлларда бўлганимда имкон қадар кўпроқ нарсани ўрганишимга  ёрдам берди.  Энг муҳими, ҳеч нарсани олдиндан режалаштиришнинг ҳожати йўқ, тезюрар поездлар ва арзон ички рейслар бир саёҳатда барча қизиқарли нарсаларни кўриш имконини берди».

Мақолада қайд этилишича, Лондондан етти соатлик парвоз йўлида жойлашган Ўзбекистон 1500 йилдан ортиқ вақт давомида Узоқ Шарқни Ғарб дунёси билан боғлаб турган қадимий Ипак йўлининг марказида жойлашган.  Милоддан аввалги II  асрдан бошлаб  мелодий XV асргача Ипак йўли 4000 милядан ортиқ масофага  чўзилган. Дунёнинг  40 та давлатини кесиб  ўтган ушбу  қадимий йўл ўзаро савдо-сотиқни ривожлантиришга хизмат қилган. Мазкур  йўл орқали ўзаро товар алмашиш ривожланди. Хусусан, Хитойдан ипак, Ҳиндистондан қимматбаҳо тошлар Европага  олиб келинган. Бундан  ташқари Ипак йўли халқлар ўртасидаги маданий алмашинувни рағбатлантиришга ҳам катта хизмат қилган. Жумладан, маданий-гуманитар алмашинувлар Марко Поло каби тарихчилар  орқали халқларимиз ҳаётига  кириб борди.

«Ўзбекистон пойтахти Тошкент карвонсаройлари билан машҳур манзил бўлган. Чорсу бозори тарихда шундай масканлардан бири эди, – деб ёзади  британиялик саёҳатчи - журналист. - Бугунги кунда отлар, аравалар ва Марко Поло каби сайёҳлар йўқ. Уларнинг ўрнида тўкин-сочин замонавий бозор қад ростлаб  турибди. Бозорнинг бутун бир қаватини ўзбек ширинликлари анъаналарини намойиш қилувчи бўлим эгаллаган. Бу ерда ҳолвадан тайёрланган турли кўринишдаги  ширинликларни сотиб олишингиз  мумкин. Сотувчиларнинг  айтишича,  оналар янги туғилган чақалоқнинг тили остига ҳолва қўйишар экан. Ушбу одат агар болалар келажакда тадбиркор бўлса, харидорлар билан мулоқотга киришишга ёрдам берар экан».

Британиялик журналист ўз мақоласида, шунингдек,  қадимий Хивани муҳташам шаҳар ва очиқ осмон остидаги музей сифатида тасвирлайди.

«Унинг қадимийлиги Ипак йўли савдогарлари ўтган ёғоч дарвозаларда ўйиб битилган. Мен келган куни шаҳарда қум бўрони кўтарилди ва у шунчаки ҳувуллаб қолди. Кимсасиз қолган кўчалар бўйлаб сайр қилиш,  кино суратга  олаётган туруппа майдончани ташлаб кетганидан кейин кино саҳнасига чиқиш каби туюлади. Шаҳарда мураккаб мозаикали кошинлари билан безатилган миноралар устунлик қилади. Ҳар бир бурчакда мадраса ва диний уламоларнинг қабрлари қўйилган мақбараларни кўриш мумкин. Мен Европада биз кўришга ошиқадиган диққатга сазовор жойлар ҳақида эслай олмайман. Хиванинг ислом меъморчилиги билан солиштирганда, Эйфель минораси Лего тўпламига, Треви фавворалари эса тўлиб-тошган бассейнга ўхшайди», - дейди у.

«The Times» газетаси мухбири Хивадан Бухорога кетаётганда чўл бағридаги қадимий қалъаларни  кўрганини  баён этган.

«Биз Аёз-Қалъада тўхтадик. У ерда IV асрда қурилган учта қалъа бор ва бир вақтлар подшоҳлар яшаган саройлар харобаларини кўрдик. Бу ерда ҳеч қандай жонзот йўқ, вайроналарни тепадан кузатиб турган қушлар «қўрларди», - деб ёзади муаллиф.

Журналист, шунингдек, Бухорога қилган саёҳати, шаҳардаги қадимий  тимлар ва Пои Калон меъморий ансамбли ҳақидаги ҳаяжонларини ҳам қоғозга  туширган.

«Шунчалик ҳайратланарлики, уларнинг  гўзаллиги мени ўзига  ром  этди. Ҳаяжонларимни жиловлолмай қолдим, кўзимга ёш келди. Аммо бу кўрганларим бизни кейинги бекатда – Самарқандда кутаётган мўжизалар олдида ҳеч нарса эмас экан», - дея қайд этади  нашр муаллифи.

Журналист Регистон билан танишуви ҳақида ёзар экан, ушбу  тарихий майдоннинг гўзаллиги  олдида лол қолганини яшириб  ўтирмайди: «Кундузи биноларнинг сеҳри  сизни ўз  домига  тортади, унинг асирига  айланасиз. Ушбу  майдон  минглаб мозаикалар билан қопланган. Менга  энг ёққани, Регистонга  кираверишда чўзилиб ётган улкан йўлбарслар бўлди. Кечки  пайт, қуёш ботганида майдон олтин ва яшил чироқлар билан ёритилади.  Ушбу  сонияларда кўз ўнгизда сеҳрли манзара гавдаланади».

«Самарқанддан 25 чақирим нарида, маҳаллий аҳоли ўртасида омад келтирувчи жой сифатида тарифланадиган миллионлаб булоқлари бўлган  Мингбулоқ қишлоғи жойлашган. Оилалар бу ёрга булоқнинг муқаддас сувида чўмилиш учун келишади. Шунингдек, улар ерга гиламларни тўшаб, фарзандлари билан ҳордиқ чиқаради. Ғор ичида жойлашган зиёратгоҳга ёш  келин-куёвлар ҳам дуо олиш ташриф  буюришади, - деб ёзади  Люси Перрин.

 

546 марта ўқилди

Янгиликлар

Top