Дунё янгиликлари

Малайзиянинг халқаро ҳалол маҳсулотлар кўргазмасида вакилларимиз қатнашди

Жорий йилнинг 12-15 сентябрь кунлари Малайзия пойтахтида жойлашган халқаро савдо ва кўргазмалар марказида бўлиб ўтаётган “MIHAS-2023” Халқаро ҳалол маҳсулотлари кўргазмасида Ўзбекистон элчихонаси кўмагида республикамизнинг маҳаллий корхоналари вакиллари иштирок этмоқда, деб хабар беради “Дунё” АА мухбири.

Халқаро ҳалол маҳсулотлари кўргазмаси (Malaysia International Halal Showcase – MIHAS-2023) ҳалол маҳсулотлар саноатида дунёдаги энг йирик тадбир бўлиб, 2004 йилдан бери ҳар йили Малайзия пойтахтида ўтказиб келинади. Ушбу кўргазма ташкилотчиси – Малайзия савдо ва саноат вазирлиги ҳузуридаги Халқаро савдони ривожлантириш корпорацияси (MATRADE).

Ушбу тадбирда ҳар йили 40 дан ортиқ мамлакатлардан 1000 га яқин компаниялар, 80 дан ортиқ мамлакатлардан 25 минг киши иштирок этади. Мазкур йилда кўргазмада 43 мамлакатдан 549 та компания ва 64 мамлакатдан 16,5 минг киши иштирок этмоқда.

“MIHAS-2023” очилиш маросимида Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳим иштирок этди. Тадбир давомида иштирокчилар “ҳалол” саноатидаги янги йўналишлар ва тенденциялар билан танишдилар.

Тадбир иштирокчиларига мамлакатимизнинг экспорт салоҳияти, маҳаллий маҳсулотларни хорижий мамлакатлар бозорларига чиқариш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ва маҳсулотлар таннархини тушириш бўйича фойдаланилаётган халқаро транспорт коридорлари бўйича батафсил маълумотлар берилди.

Тадбир давомида Ўзбекистондан ташриф буюрган “Eclair”, “Elice” ва “Asia Premium Deluxe” компанияси вакиллари Малайзиянинг бир қанча ишлаб чиқарувчилари, шу жумладан “Imedikel Pharma Holding Berhad”, “RCAB food ventures Sdn. Bhd.”, “Eramas Group”, “Mahkota”, “Quanterm Logistics Sdn Bhd”, “The Vida World Sdn Bhd” ва “Matase Sutera” компаниялари билан музокаралар олиб бордилар. Унда мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни Малайзия бозорига экспорт қилиш ва Малайзия ишлаб чиқарувчи компанияларини республикамизда инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Кўргазмада иштирок этаётган Малайзиянинг “Imedikel Pharma Holding Berhad”, “RCAB food ventures Sdn. Bhd.”, “Makhota Detergent” ва “The Vida World Sdn Bhd” компаниялари Ўзбекистонда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини кўриб чиқишга қизиқиш билдирдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

868 марта ўқилди

Янгиликлар

Top