Дунё янгиликлари

Халқаро Қуръон мусобақаси ғолибига 275 минг доллар берилади

Шу йил 1 ноябрь куни Қатарнинг Вақф ва ислом ишлари вазирлиги томонидан ташкил этилган “Биринчиларнинг энг яхшиси” халқаро Қуръон мусобақаси бошланади.

“ИҚНA” сайтининг “ар-Рая”га таяниб хабар беришича, вазирлик халқаро Қуръони карим мусобақасининг 2023 йилнинг 1-12 ноябрь кунлари ўтказилишини маълум қилди.

Мусобақанинг ташкилий қўмитаси эълон қилган баёнотда: “Дунёдаги 4 қитъанинг 26 давлатида ўтказилган Қуръони карим мусобақаларида биринчи ўринни қўлга киритган 80 нафар ғолиб “Биринчиларнинг энг яхшиси” унвонини қўлга киритиш учун ушбу мусобақада иштирок этади ва халқаро мусобақалар тарихида бир миллион Қатар риёли (275 минг доллар) миқдоридаги энг юқори мукофотни қўлга киритади”.

Мусобақа иштирокчилари Қуръон карим сўзлари маъноларини ёд олиш билан бирга Қуръони каримни тўлиқ ёд олиш бўйича беллашади.

Мазкур мусобақа бир гуруҳ таниқли ва машҳур Қуръони карим ҳакамларидан иборат халқаро комиссия томонидан баҳоланади.

Бу иккинчи Қуръон мусобақаси бўлиб, биринчи ўринни қўлга киритган мусобақа ғолибига бир миллион Қатар риёли мукофоти топширилди.

Мазкур мусобақанинг биринчи босқичида қувайтлик иштирокчи Холид Муҳаммад Муҳсин Иброҳим Aл-Инати биринчи ўринни эгаллаган эди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

877 марта ўқилди

Янгиликлар

Top