Дунё янгиликлари

Саудияда Араб-Ислом қўшма саммити ўтказилди – муҳим иқтибослар

Араб давлатлари ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти аъзолари раҳбарлари Ғазода ўт очишни зудлик билан тўхтатишга чақиришди.

Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёз шаҳрида Араб давлатлари Лигаси (AL) ва Ислом ҳамкорлик ташкилотининг (OIC) фавқулодда қўшма саммити ўтказилди. Тадбир Ғазо секторидаги вазиятга бағишланди.

Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон Ғазо секторидаги жанговар ҳаракатларни зудлик билан тўхтатиш ва барча гаровга олинганларни озод қилишга чақирди. У Араб давлатлари Лигаси ва Ислом ҳамкорлик ташкилотининг қўшма саммитида шу ҳақда гапирди.

«Бу халқаро ҳамжамият ва БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Исроил томонидан халқаро гуманитар ҳуқуқнинг қўпол бузилишига чек қўйиш ва дунёда қабул қилинган икки томонлама стандартларни таъкидлашга қодир эмаслигини исботлаган гуманитар фалокат», деди у.

Унинг сўзларига кўра, минтақада тинчликка эришишнинг ягона йўли «Исроил ишғолига ва ноқонуний аҳоли пунктларига барҳам бериш, Фаластин халқининг ҳуқуқларини тиклаш ва 1967 йилги чегараларга қайтиб, пойтахти Шарқий Қуддус бўлган давлат яратишдир».

Саммитда сўзга чиққан Фаластин миллий маъмурияти раҳбари Маҳмуд Аббос АҚШ маъмуриятини Исроилга «муқаддас жойларни босиб олиш, ҳуқуқбузарлик ва таҳқирлашларга чек қўйиш» учун таъсир ўтказишга чақирди.

«Ҳеч қандай ҳарбий ечим қабул қилиниши мумкин эмас, чунки уларнинг барчаси муваффақиятсизликка учради. Биз Ғазо сектори ёки Ғарбий Соҳилдан халқимизни сиқиб чиқаришга қаратилган ҳар қандай уринишларни қатъиян рад этамиз», деди Аббос.

Миср президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисий «Ғазо секторида зудлик билан барқарор ўт очишни тўхтатишга» чақирди. Ўз навбатида Эрон президенти Иброҳим Раисий Исроилни Ғазо секторида ҳарбий жиноятлар ва инсониятга қарши жиноятлар содир этишда айблади.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Исроил ва Фаластин ўртасидаги можаронинг якуний ечимига эришиш учун халқаро тинчлик конференциясини чақириш зарурлигини айтди.

«Бизга бир неча соатлик танаффуслар эмас, балки Ғазо секторида доимий сулҳ керак. Исроил томонидан беайб одамларнинг ҳуқуқи поймол этилиши халқаро ҳуқуқ доирасида жазоланиши лозим... Туркия Ғазо аҳолисига гуманитар ёрдам беришда давом этади», деди у.

Шу билан бирга, Қатар амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Сонийнинг айтишича, Доҳа гаровга олинганларни озод қилиш учун воситачилик ҳаракатларини амалга оширмоқда. Шунингдек, у тез орада сулҳга эришилишига умид билдирди.

«Ўтмишда халқаро ҳуқуқ ва инсоний қадриятларни ҳурмат қилиш зарурлиги ҳақида маъруза ўқиган кўплаб одамлар ва давлатлар ҳозир бу ваҳшийликларга нисбатан сукут сақламоқда (...) Бу мисли кўрилмаган воқеалар», деди у.

Саммит якунида томонлар қўшма баёнотни имзоладилар. Унда Ғазодаги урушни тўхтатиш учун зудлик билан халқаро чоралар кўриш кераклиги таъкидланган.

 

1308 марта ўқилди

Янгиликлар

Top