Дунё янгиликлари

Ҳиндистонда уларнинг сони тўрттага етди

“Мен учувчи бўлмоқчиман”. Камтаргина новвойнинг қизининг ўн йил олдинги ана шу орзуси рўёбга чқишига кўпчилик ишонмас эди.

Саййида Салва Фотима ҳаво йўллари компаниясида иш бошлаш арафасида. У Ҳиндистонда Тижорий учувчи лицензияси берилган тўртинчи муслима ҳисобланади.

Янги Зеландиядаги мулти-юргизгич (мотор) ва Баҳрайндаги турли тоифадаги самолётларни бошқаришга рухсат берувчи курсларни тамомлаган ҳайдарободлик аёл “Airbus A320” русумли самолётни бошқариш учун Фуқаролик авиацияси бош директорининг имзосини кутмоқда. 

Орзуси йўлида Салва хоним кўп қийинчилик ва тўсиқларни енгиб ўтишига тўғри келди. Оддий новвойнинг қизи бўлган ёш муслима учувчи Ҳайдарободнинг эски шаҳар қисмидаги қашшоқ Султон Шаҳи маҳалласида вояга етган.

Бу ҳикоянинг диққатга сазовор жойи шундаки, дейди http://muslimnews.co.uk нашри, ундаги қаҳрамонимиз қашшоқликдан илм зиёси томон тинмай интилган ва ана шу жараёнда ўзлигини, иймонини сақлаб қола олган.

 “Мен доим рўмолимни иш, ўқиш кийими билан  бирга ўраб юрдим, бу масалада менга ҳеч қандай тўсиқ бўлмади”, дейди Салва Фотима Ҳиндистоннинг энг йирик янгилик ресурси бўлган IANS нашрига. Баҳрайндаги Кўрфаз авиация академияси эса унинг ҳижобдаги суратини ўз журналида чоп этди.

“Қайси соҳада бўлмасин, авиациями ёки бошқаси, сизга билим ва қобилиятингиз ёрдам беради. Қолган гап бекор. Сиз муайян соҳада белгиланган вазифани астойдил бажара олишингизни исботлашингиз керак. Мен авиация имтиҳонларидан уч маротаба йиқилдим, лекин ҳар сафар имтиҳондан ўта олмай тушкунликка тушганимда, “мағлубият” муваффақиятга босилган қадам эканини эслатиб туришди”, деб ҳикоясини давом эттиради Салва Фотима.

 2013 йилда учувчилик қилишга берилган дастлабки сертификатни олганда, Салва Фотиманинг катта самолётларни бошқариш учун ўқишга киришга катта маблағи йўқ эди. 24 ёшни қаршилаган Салва ҳонимни уйдагилари турмушга узатишди.  Аёллик вазифасини адо этса, Аллоҳ таоло, албатта, орзусини амалга оширишига ишонар эди. Тақдир қўп куттирмади. Салванинг қизалоғи 4 ойлик бўлганда, унга Телангана ҳукумати турли самолётларни бошқаришга рухсат берувчи сертификатни олиш учун ўқишга молиявий ёрдам кўрсатишини билдирди. Мотоцикл салонида ишлайдиган турмуш ўртоғининг қўлида шўхлик қилаётган қизига қараб Салва Фотима: “Қизим менга омад келтирди”, дейди.

  Ўзига ўхшаган катта орзуларга эришишни мақсад қилиб олган қизларга қарата  Салва  ҳоним бундай дейди:  “Мақсадни аниқ қўйинг ва доим у ҳақда ижобий фикрда бўлинг. Мақсадингиз сизни оила ва фарзанд неъматидан тўсиб қўймасин. Фидоийлик ва тинмай қилинган ғайрат албатта орзуингизни амалга оширади”.

 Учувчи ҳоним ўзи яшайдиган жамиятга хизмат қилишга бел боғлаган. Ҳар ойлигининг бир қисмини таълим олишга, даволанишга мухтож ва турмуш қуриш учун маблағи бўлмаганларга ёрдам тариқасида сарфламоқчи.

Алишер САТТОРОВ,

Халқаро алоқалар бўлими ходими

5506 марта ўқилди

Янгиликлар

Top