Дунё янгиликлари

Муфтий ҳазрат халқаро анжуманда нутқ сўзладилар

Аввалроқ, Озарбайжон давлатининг Боку шаҳрида ўтказилаётган халқаро анжуман ўз ишини бошлагани ҳақида хабар қилган эдик. Айни дамда, ушбу анжуман доирасидаги илмий-амалий конференция ўз ишини бошлади.

Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари чиқиш қилдилар. Дастлаб, халқаро анжуман ташкилотчилари ва иштирокчиларни самимий қутладилар. Ўз нутқларида: “Биз икки қардош халқларнинг дўсту биродарлигимиз жуда ҳам қадим-қадимдан сайқалланиб, ривож топиб келган. Айниқса, дўстлигимиз кўп йиллик тарихга эга. Халқларимиз ўртасидаги маданий, маърифий ва дўстона алоқалар тарихи олис ўтмишга бориб тақалади. Ўзбекистон ва Озарбайжонни азалдан дўстлик ва ҳамкорлик ришталари боғлаб келган. Ўзаро ишончга асосланган муносабатларимиз бундан буён ҳам янада мустаҳкамланиб боришига ишонаман”.

Шунингдек, муфтий ҳазратлари бугунги мураккаб даврда тинчлик ва барқарорликни сақлаш учун динлар, конфессиялар, миллат ва элатлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик, бир-бирини тушуниш муҳим аҳамиятга эга эканини алоҳида қайд этиб ўтдилар.

“Хабарингиз бор, кўпчилигингиз иштирок қилдингиз шу йил 18 октябрь куни Ўзбекистон пойтахти азим Тошкент шаҳрида Озарбайжон давлати билан ҳамкорликда “Ислом ҳамжиҳатлиги: Ўзбекистон ва Озарбайжон мисолида” номли халқаро анжуман жуда ҳам юқори даража ташкил этилди. Ушбу анжуман Ислом динининг асл қадриятларини асраб-авайлаш, мусулмон давлатлари ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамлашга жуда катта ҳисса қўшди десак, сира муболаға бўлмайди”, деб қайд этдилар.
Халқаро анжуман ўз ишини давом эттирмоқда. Воқеъалар ривожини сайтимизда кузатиб боринг.


ЎМИ Матбуот хизмати

4357 марта ўқилди

Янгиликлар

Top