Истанбул халқаро аэропортида такси ҳайдовчиси вазифасида ишлайдиган Юксал Ялниз машинасининг орқа ўриндиғидан йўловчилардан бири унутиб қолдирган сумкани топиб олди. Сумкада 110 минг турк лираси (25 000 АҚШ доллари) қийматидаги тилла буюмлар бор эди.
У топилмани аэропортдаги таксичилар касаба уюшмасига топширди. Шу туфайли сумка соҳиби Семиха Кулакчи йўқотган қийматли нарсасини топишга мушарраф бўлди.
Юз берган ҳодисадан икки соат ўтиб аёл такси хизматига қўнғироқ қилди ва унга омонатини топширишди. Тўлқинланиб кетган аёл ҳалол ҳайдовчига миннатдорчилик билдириб дуолар қилди ва уни одамларга ибрат қилиб кўрсатди.
“Ўша куни тонгда Арзирумдан Истанбулга учиб келдим. Кейин аёллар хонасига кирдим. Мен дастлаб сумкамни ўша ерда қолдирдиммикан деб ўйладим. Кейин эса машинага ўтирганимда ёнимга қўйганимни хотирладим. У машинада кетиб қолган деб ўйлаганимдан сўнг жуда ваҳимага тушдим ва хавфсизлик хизматига боғландим. Улар менга такси ҳайдовчиси сумкани олиб келиб топширганини айтишди. Бу ҳақиқий мўъжиза эди”, дейди Семиха Кулакчи.
“Мен у аёлни Эсанюртга туширдим ва орқамга қайтиб кетдим. Йўлда кетаётиб орқа ўриндиқда нимадир ётганини сезиб қолдим. Қараб кўрсам, тилла буюмлари бор сумка экан. Аэропортга келиб қимматбаҳо буюмни офисга топширдим. Аллоҳ таолога беадад шукрлар бўлсинки, ишларим яхши боряпти, менга кимсанинг ҳақи асло керак эмас. Бу ерда бир катта иш ҳам қилганим йўқ, машинамда қолган омонатни эгасига қайтардим, холос”, дейди Юксал Ялниз.
ЎМИ матбуот хизмати