muslim.uz
Фоторепортаж: Муфтий ҳазратнинг Боғистон қишлоғидаги Биби Наима зиёратгоҳига ташрифлари
Қримда «Халқ мадрасаси» очилди
Қрим Республикаси ва Севастополь шаҳрининг Мусулмонлар диний бошқармаси қошида очилган “Халқ мадрасаси”га қабул жараёни бошланди. Бу ҳақда Islam.ru сайти хабар берди.
Курс дастурида Исломнинг барча арконларини, араб алифбоси ва Қуръон ўқиш, диний аҳкомлар ва қримтатар халқининг миллий анъаналарини ўргатиш кўзда тутилган.
Бу ерда ўқиш учун эркаклар 15 ёшдан кейин таклиф этилади. Ўқиш жойи чегараланган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
“Саҳиҳул Бухорий”нинг дарси бошланди
Имом Бухорий номли Тошкент ислом институтининг 3 ва 4-босқич талабалари бу йилги ўқув режага биноан Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг “Саҳиҳул Бухорий” ҳадислар тўпламини тўлиқ ўқиб чиқиши режалаштирилган.
Талабалар ушбу муборак амални Имом Бухорий ҳазратларининг равзалари ёнида бошлашни ният қилган эдилар. Бугун, 15 сентябр куни олий маъҳаднинг 3 ва 4-босқич талабаларидан эллик нафари ҳамда ўн нафар устозлар Имом Бухорий мажмуасига ташриф буюрдилар. Ташриф дастлаб Имом Бухорий ҳазратларининг қабрларини зиёрат қилишдан бошланди. Муҳаддислар султонининг муборак равзаларини зиёрат қилишни ният қилган талабалар бу кунга қадар етти марта Қуръони каримнинг тўлиқ тиловатини қилиб, Хатму кабир адо этган эканлар. Шу жойда ушбу хатмларнинг савоби Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳнинг ҳақларига бағишланиб, дуолар қилинди. Шундан сўнг янги ташкил қилинган Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази ва Имом Бухорий ҳадис мактаби билан танишув бўлиб ўтди. Икки маскан зиёратидан сўнг талабалар Имом Бухорий мажмуасидаги масжид биносида йиғилиб, устозларнинг дуоларидан сўнг “Саҳиҳул Бухорий” ҳадислар тўпламининг “Ваҳийнинг бошланиши” китобидан “Амаллар фақат ниятга кўрадир...” деб бошланадиган биринчи ҳадисни мутолаа қилдилар. Ушбу асарнинг биринчи сабоқи шу тариқа бошланиши замонамизнинг етук уламоларидан бизга одат бўлиб келмоқда. Жумладан, марҳум устоз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳам “Олтин силсила” туркумидаги ҳадислар тўпламининг таржимасига киришишни айнан Имом Бухорийнинг қабрларини зиёрат қилиб, у кишининг живорларида “Саҳиҳул Бухорий” китобининг биринчи ва охирги ҳадисларини мутолаа қилишдан бошлаган эдилар. Шунингдек, замонимизнинг машҳур муҳаддисларидан Шайх Муҳаммад Аввома, Шайхул ислом, муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳлар ҳам Имом Бухорийнинг марқадларини зиёрат қилиш асносида шундай қилган эдилар.
Устоз ва талабаларнинг зиёрат ва илк дарс жараёнида уларга Самарқанд вилоят бош имом хатиби Зайниддин домла Эшонқулов ва Имом Бухорий ҳадис мактаби ректори Олимхон Юсупов ҳамроҳлик қилдилар.
Илоҳим, илми толибларимизга Аллоҳ манфаатли илм, қувватли ҳифз ва Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайнинг йўлларини берсин. Амин!
Манба: https://sammuslim.uz
Муфтий ҳазрат Пайғамбар алайҳиссаломга ғойибона ошиқ бўлган авлиё зиёратгоҳига ташриф буюрдилар
16 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Наманган вилоятига сафарлари давомида Чортоқ туманидаги “Султон Увайс Қараний” мажмуасига ташриф буюрдилар. Аввал азиз авлиёлар руҳига бағишлаб, Қуръони карим оятлари тиловат қилинди ва муфтий ҳазратлари томонидан дуолар йўлланди.
Давлатимиз раҳбари 2017 йил 7 июль куни Наманган вилоятига ташрифлари чоғида Султон Увайс Қараний зиёратгоҳини қадимий усулда таъмирлаш, кенг ва обод зиёратгоҳга айлантириш, зиёратчилар учун зарур шароитлар яратиш, масканда кутубхона ташкил этиш бўйича тавсиялар берган эдилар.
Ўтган давр мобайнида зиёратгоҳда кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилиб, унинг таркибидаги масжид, мақбара, музей таъмирланди, атроф ободонлаштирилди. Зиёратчилар учун қулай шарт-шароитлар яратилди. Бугун муборак қадамжони зиёрат қилиш истагида нафақат юртимиз шаҳару қишлоқларидан, балки хорижий давлатлардан ҳам кўплаб сайёҳлар ташриф буюрмоқда.
Муфтий ҳазратлари мақбарани зиёрат қила туриб, уни обод ва кўркам ҳолатда сақлаш ҳамда бу масканнинг ёш авлодни юксак маънавиятли инсонлар этиб тарбиялашдаги ўрнини янада ошириш бўйича тавсиялар бердилар. Шунингдек, муфтий ҳазратлари мажмуадаги масжид фаолияти билан ҳам танишиб, жомега йиғилган қавм билан мулоқот қилдилар.
Маълумот ўрнида, Султон Увайс Қараний Ислом оламида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ғойибона ошиқ бўлганларнинг сардори сифатида машҳур бўлган.
Султон Увайс Қараний зиёратгоҳи ҳар йили минглаб ички ва хорижий сайёҳлар ташриф буюради. Юртимизда сайёҳлик ва халқ ҳунармандчилигининг ривожланиши натижасида сайёҳлар оқими сезиларли даражада ошгани кузатилмоқда. Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан янада ободонлаштирилган зиёратгоҳ, шубҳасиз, ўлкамизнинг энг хушманзара, обод ва кўнгилочар сайёҳлик мавзеларидан бирига айланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Халқаро Қуръони карим мусобақаси ғолиблари тақдирланди
Маълумки, ҳар йили дунёнинг бир қатор давлатларида ёшларни Аллоҳнинг каломини ёд олишга ва мусобақалашишга қизиқтириш ҳамда уларни Қуръони карим хулқлари ва одоблари билан хулқланишига тарғиб этиш мақсадида халқаро Қуръони карим мусобақалари анъанавий тарзда ўтказилиб келинмоқда. Юртимизнинг 2 нафар вакили мазкур мусобақада қатнашди.
Шу йилнинг 7-11 сентябрь кунлари Қуръони каримни ёддан ўқиш ва тафсир қилиш бўйича Саудия Арабистонининг Макка шаҳрида ўтказилган 41-Халқаро Қуръони карим мусобақаси ўз ниҳоясига етди. Бугун иштирокчилар учун Мадина Мунавварадаги қадамжоларга зиёрат ташкил қилинди. Улар орасида вакилларимиз Тошкент ислом институти талабаси Ҳусниддинов Зуҳриддин қори ва Бухоро шаҳридаги “Мир Араб” олий мадрасаси талабаси Орифжонов Абдурауфхон ҳам мавжуд. Улар Қуръони каримнинг тўлиқ 30 порасини ва 15 порасини тажвид қоидаси билан ёддан ўқиб бериш йўналишида қатнашишди. Мусобақада 103 та давлатдан келган 146 нафар қорилар рақобатлашди.
Жорий йилнинг 11 сентябрь куни Маккаи Мукаррама шаҳрида Маккаи Мукаррама амири Холид ал-Файсал жаноблари раҳбарлигида ғолибларни тақдирлаш тадбири бўлиб ўтди. Унда “Масжидул Ҳарам” ва “Масжидун Набавий” идораси Бош мудири Шайх Доктор Абдурроҳман ас-Судайс, Саудия Арабистони Ислом, иршод ва даъват ишлари вазири Доктор Абдуллатиф бин Абдулазиз Ол аш-Шайх, Қироллик девони маслаҳатчиси Шайх Саъд бин Носир, Масжидул ҳаром имом-хатиби Шайх Солиҳ бин Ҳумайд ва бошқа нуфузли шахслар иштирок этишди. Тадбир чоғида юқори уч ўринни қўлга киритган 12 нафар қориларга совринли мукофотлар топширилди. Қуръони каримни тўлиқ 30 порасини тажвид қоидаси билан ёддан ўқиб бериш билан бирга 30 поранинг луғавий маъноларини билиш йўналишида 1-ўринни Саудия Арабистони, 2-ўринни Иордания, 3-ўринни Нигерия давлатлари қорилари эгаллади. Қуръони каримнинг 30 порасини тажвид қоидаси билан ёддан ўқиб бериш йўналишида 1-ўринни Кения, 2-ўринни Иордания, 3-ўринни Нигерия ва Ливия давлатлари қорилари эгаллади.
Қуръони каримнинг 15 порасини ёддан ўқиб бериш йўналишида 1-ўринни Филиппин, 2-ўринни Ливия, 3-ўринни Баҳрайн давлатлари қорилари эгаллади.
Мусулмонлар камчилик бўлган давлатлар иштирокчилари учун Қуръони каримнинг 5 порасини ёддан ўқиб бериш йўналишида 1-ўринни Сербия, 2-ўринни Босния ва Герцеговина, 3-ўринни Шри-Ланка давлатлари қорилари эгаллашди.
Вакилларимизга иштироки тўғрисидаги ташаккурнома ёрлиғи тақдим этилди.
Халқаро алоқалар бўлими ходими
Абдуллоҳ ПАРПИЕВ
тайёрлади