muslim.uz

muslim.uz

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. Бундан ташқари саҳобаи киромлар, улуғ олимлар, Яқин Шарқ, Осиё, Европа ва Америка мутафаккирларининг бир қатор фикрлари ҳам берилган. 

*****

Қум устига қурилган нарса ё бугун ёки эртага қулайди.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Мунофиқ кимса сизни баланд овозда мақтайди-да, жим туриб хиёнат қилади.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Ҳаётдаги энг хатарли инсон – ёлғончидир!

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Яхши ном қолдиришга эътиборли бўл. Чунки сендан кейин ҳам узоқ вақт яшайдиган нарсанг – яхши номингдир.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Агар мени яхши танимасанг ҳам мен ҳақимда яхши гумон қилиб, ҳурматимни жойига қўявер.

Нажиб Маҳфуз

*****

Бир шахс сенинг қалбингни синдирди, ишонган дўстинг ишончингни оқламади, мансабдор кимса сенга зулм қилди, сенинг муваффақият йўлинг худди шу жойдан бошланади. Энди сен одамлардан умидингни узасан-да, Аллоҳ таолонинг ўзига юзланасан, Ундан ёрдам сўрайсан. У эса сени бошқалардан беҳожат қилиб қўяди.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Ҳақиқий дўст – битта шодлик ва битта маҳзунликни икки қалб кўтариб юради деганидир.

“Ҳикматлар”

*****

(Дўстимиз бизни ташлаб кетганда) биз дўстларни йўқотмаймиз, балки ҳақиқий дўст ким эканлигини билиб оламиз.

“Ҳикматлар”

 

 

 

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

Нозимжон Иминжонов

 

Парижда бўлиб ўтган “Ислом ва глобаллашув муаммолари” мавзусидаги XIV Халқаро мусулмон форуми доирасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Россия муфтийлар кенгаши раиси, муфтий, Шайх Равиль Гайнуддин ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқотда Дин ишлари бўйича қўмита маслаҳатчиси Бекзод Қодиров, Диний идора масъул ходими Абдулҳаким Орипов, Россия муфтийлар кенгаши раиси биринчи ўринбосари Рушан ҳазрат Аббасов, Россия мусулмонлари диний бошқармаси аппарати раҳбари Элдор Нуриманов иштирок этди.
Муфтийлар икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш, Ўзбекистон ва Россия диний идоралари муносабатларини кенгайтириш масалаларини муҳокама қилдилар. Хусусан, 2019 ва 2020 йилларда Ўзбекистон ва Россия давлатларида диний-маърифий ва илмий-амалий тадбирларни ҳамкорликда ўтказиш тўғрисида маслаҳатлар қилинди.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Аллоҳ таолонинг биз бандаларга берган неъматлари жуда кўп. Биз бу неъматларни санаб саноғига, шукр қилиб бу неъматлар шукронасини адоғига етказа олмаймиз. Ана шундай неъматлардан бири Аллоҳ таоло бизни Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламнинг умматидан қилганидир. Бунинг улуғ шарафлигига сийрат китобларини ўқиш асносида амин бўламиз.

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам умматлари учун жуда қайғурардилар. Ҳудди, она ўз боласига қандай қайғурса ана ўшандай умматлари устида ғам чекар эдилар. Балки у зот саллоллоҳу алайҳи васаллам умматларига онаданда меҳрибонроқ эдилар. Ҳаттоки асир тушган мушрикларга ҳам раҳм қилардилар. Биринчи уларни иймонга чақириб кўрар, агар иймон келтиришмаса исломга қарши гапирмаслик шарти билан уларни озод қилиб, уларга раҳм қилар эдилар. Яна меҳрибонликлари тимсоли сифатида Тоиф воқеаларини мисол қилиб келтиришимиз мумкин. Тоиф сафарида у зотни тошбўрон қилишди. Ваҳоланки Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам Тоиф аҳлига иймонга келишни, Аллоҳга ҳеч нарсани ширк келтирмасликни таклиф қилгандилар холос. Шундан сўнг Аллоҳ таоло Тоиф аҳлининг ҳалок бўлиши ёки омон қолиши ихтиёрини Расулуллоҳ соллфллоҳу алайҳи васалламга топширди. Аммо у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Тоиф аҳлига раҳм қилиб меҳрибонлик кўрсатдилар, уларга бир ёмонликни исташ ўрнига уларни дуо қилдилар. Энди ўйлаб кўринга кофирларга раҳм қилган зот қандай қилиб ўз умматларига меҳрибонлик қилмайдилар?

Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам дуо қилиб ўзларини олдиларидаги саҳобийларга, нафақат саҳобийларга балки келажакда келадиган умматлари учун ҳам офиятни, нажотни сўрар эдилар. Қуйидаги ҳадисда эса умматлари учун заҳира қилиб олиб қўйган энг катта дуолари тасвирланган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир Набийнинг қабулида шак йўқ дуоси бўлади. Барча Набийлар ўз дуоларини (бу дунёда) қилиб бўлдилар. Мен ўз дуойимни қиёмат куни умматимга шафоат бўлиши учун беркитиб қўйганман. У менинг умматимдан Аллоҳга ҳеч нарсани ширк қилмай ўлганларга, албатта, етгувчидир”,-дедилар. Икки шайх ва Термизий ривояти.

Бу ҳадисдан Набий саллоллоҳу алайҳи васалламга Роббилари томонидан қабул бўлишига шак-шубҳа йўқ бўлган дуо берилганини, Набий саллаоллоҳу алайҳи васаллам эса бу дуоларидан ўзлари учун эмас, аҳли оилалари учун эмас балки умматларини шафоат қилиш учун фойдаланганларини англаймиз. Бундай уммат ғамини яна қайда кўришимиз мумкин?

     Аллоҳ таоло Набий саллоллоҳу алайҳи васалламга Зуҳо сурасининг 5-оятини нозил қилди:

وَ لَسَوْفَ يُعْطِيْكَ فَتَرْضَى                                     

“Яқинда Роббингиз Сизга (шундай неъматлар) ато этурки, Сиз (у Илоҳий марҳаматлардан) рози бўлурсиз”.

Шунда у зот саллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Умматимдан бирортаси дўзаҳда бўлса рози бўлмайман”, - дедилар. Субҳаналлоҳ!!! Бизнинг аҳволларимиз ҳабибимизнинг бундай эътирофларига арзирмикан? Бундай ҳадисларни ўқиб инсоннинг кўзига ёш келади, қалби титрайди. Беихтиёр ҳозирги кундаги у зотнинг суннатларига беэтиборлик, у зотнинг кўрсатмаларига амал қилмаслик натижасида пайдо бўлган турли хил жамият иллатлари кўз олдимизда гавдаланади. Бундай пайтда ҳар бирларимиз “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учун нима қиляпмиз?”, “У зотга саловат айтяпмизми?”, “У зотнинг суннатларига амал қиляпмизми?”, “У зотнинг сийратларини ўрганяпмизми?” деган саволларни ўзимизга берган ҳолимизда У зотга ғоибдан қаттиқ муҳаббат қўйишимиз керак. Зероки, у зотга муҳаббат қўймагунча комил мўмин бўла олмаймиз. Аллоҳ таоло ҳаммаларимизга Росуллуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллмга нисбатан саҳобий розияллоҳу анҳумларникидек муҳаббат, ҳарислик ато этсин!!!

 

"Кўкалдош" ўрта маҳсус ислом билим юртининг 4-курс талабаси

Хушвақтов Абдулҳай.

“Биз сени оламларга фақат раҳмат қилиб юбордик”,[1]деб марҳамат қилган оламларнинг Робби Аллоҳга чексиз ҳамду саноларимиз бўлсин!

“Сизлардан бирортангиз то мен унга ота-онаси, боласи ва жамики инсонлардан севиклироқ бўлмагунимча (иймони комил) мўмин бўла олмайди”,[2] деб марҳамат қилган Сарвари коинот соллаллоҳу алайҳи васалламга батамом ва мукаммал салоту дурудлар бўлсин.

Расулуллоҳ алайҳиссолату вассаломнинг бармоқлари орасидан сув чиқиши

وعن جابر رضي الله عنه ، قال : عطش الناس يوم الحديبية ورسول الله - صلى الله عليه وسلم - بين يديه ركوة فتوضأ منها ، ثم أقبل الناس نحوه ، قالوا : ليس عندنا ماء نتوضأ به ونشرب إلا ما في ركوتك ، فوضع النبي - صلى الله عليه وسلم - يده في الركوة ، فجعل الماء يفور من بين أصابعه كأمثال العيون ، قال : فشربنا وتوضأنا . قيل لجابر : كم كنتم؟ قال: لو كنا مائة ألف لكفانا ، كنا خمس عشرة مائة. متفق عليه.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Ҳудайбийя куни инсонлар чанқаб қолишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларида бир сув идиши бор эди. Ўша идишдан таҳорат қилдилар. Сўнгра инсонлар у зотнинг олдиларига келиб: “Бизда таҳорат қилишимиз ва ичишимиз учун идишингиздаги сувдан бошқа сув йўқ”, дейишди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлларини сув идиши ичига тиқдилар. Шунда у зотнинг бармоқлари орасидан ҳудди булоқлардан чиққани каби сув отилиб чиқа бошлади. Жобир розияллоҳу анҳу айтадилар: “Сўнгра биз чанқоғимизни қондирдик ва таҳорат қилиб олдик”. Жобир розияллоҳу анҳуга: “Қанча киши эдингиз”, дейилди. У зот бизга дедилар: “Агар юз минг киши бўлсак ҳам етарди, (ўшанда) биз бир минг беш юзта[3] эдик” (Муттафақун алайҳи).

Бу муборак ҳадиси шарифда саҳобалар розияллоҳу анҳум Сарвари коинот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, “бизда таҳорат қилишимиз ва ичишимиз учун идишингиздаги сувдан бошқа сув йўқ”, деб мурожаат қилишларидан “бизга ўзингиздаги сувдан беринг”, деган маъно тушунилмайди. Зеро, бир идишдаги сув бундай катта жамоатга етмаслиги кундек равшан нарса. Саҳобалар розияллоҳу анҳумнинг ўз Суюклиларига бу тарзда мурожаат қилишларидан улар бирор бир муаммога йўлиққан вақтларида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан хайр-барака истаб, у зот алайҳиссаломнинг баракаларидан баҳраманд бўлиш учун олдиларига боришга ошиққанларини англаб олсак бўлади.

                                              

Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти                                      

4-курс талабаси Мурод Музаффар ўғли

 

[1]Анбиё сураси, 107-оят.

[2]Имом Бухорий ривояти.

[3]Тибий айтадилар: Жобир розияллоҳу анҳу кўп ва камлик борасида (саҳобалар томонидан) адашиш эҳтимоли бўлгани учун зоҳирдан четланганлар. У зотнинг бу тарзда йўл тутишлари саҳобалар сони борасида ижтиҳод қилганлари ва гумонлари мана шу миқдорга ғолиб бўлганлигига далолат қилади/ Мулла Али Қорий. Мирқотул мафотиҳ шарҳу мишкотил масобиҳ. -Байрут: “ДКи”,2015. -Б 20.

Париж шаҳрида бўлиб ўтган Халқаро мусулмонлар форумида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари маъруза билан иштирок этдилар.
Муфтий ҳазратлари бугунги глобаллашув жараёнлари ўзининг салбий жиҳатларини ҳам намоён этаётгани, айниқса, ахборот хуружи ёш авлодга кучли таъсир этаётгани, ёшлар орасида ҳуқуқбузарлик, жиноятчилик ўсиб бораётгани ва буларга қарши ўз вақтида чора-тадбирлар қўллаш зарурлигини алоҳида қайд этдилар.
Бундай муаммоларни бартараф этишда, энг аввало, келажак авлодни дину диёнатли, имон-эътиқодли, савоб ва гуноҳни фарқлайдиган қилиб тарбиялаш, бу борада уламолар, дин пешволари, таълим-тарбия ишига мутасадди бўлган ҳар бир кишининг олдида турган долзарб вазифларни муфтий ҳазратлари таъкидладилар.
Дунёнинг кўп минтақаларида мусулмонлардан ҳадиксираш, исломофобия ҳолатлари кузатилаётганининг энг асосий сабабларидан бири Ислом динининг асл моҳиятидан бехабарлик эканини очиқладилар.
Муфтий ҳазратлари ҳозирги мураккаб даврда айрим кучлар мусулмонлар ўртасида тарафкашлик келтириб чиқаришга уринаётган шундай паллада бундай қарашларга имкон бермаслик, кескин қарши курашиш учун мўмин-мусулмонлар ўзаро ҳамжиҳат бўлиб яшашлари зарурлигини атрофлича баён этдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Янгиликлар

Top