muslim.uz

muslim.uz

Рамазон ойи

Муборак Рамазон ойи Аллоҳ таолонинг наздида йилнинг энг афзал ойидир. Бу ой мусулмонлар учун ҳасанотларини, савобларини кўпайтириш мавсумидир. Рамазоннинг рўзаси балоғатга етган, ақлли мусулмоннинг зиммасида фарздир. Ушбу рўзани тутмаслик Аллоҳ таоло рухсат берган кишиларгагина мумкиндир. Улар бемор билан мусофирдир. Уларнинг рўза тутмаслигига рухсат бўлиши учун беморнинг касали кучайиши, тузалиши ортга сурилиши ёки ўлим хавфи юзага келиши керак. Мусофирга эса агар рўза тутса, сафар асносида машаққат бўлиб, сафари оғирлашиши керак. Агар мазкур ҳолатлар бўлмаса, бемор ҳам, мусофир ҳам рўза тутади.

Аллоҳ таоло Карим Зотдир. Рўза учун берадиган савоби улкан бўлиб, миқдори қанчалигини Ўзидан бошқа ҳеч ким билмайди.

Шундай улуғ ойда қилинадиган буюк амалларни қуйида келтириб ўтамиз:

Рўза

Саҳиҳ рўза мусулмоннинг бу ойда адо этадиган энг афзал амалларидан биридир. Рўза – ният билан таом, ичимлик ва жимоъдан тийилишдир. Бундан ташқари ёлғон гапиришдан, ғийбатдан, чақимчиликдан, ҳаромга назар солишдан, ҳаром нарсаларга қулоқ солишдан ва барча ёмон иллатлардан тийилиш ҳам киради. Рўзадор одам кўзини ва қулоғини, тилини, умуман, барча аъзоларини ҳаромдан тийиш шартдир. Ҳадисларда рўзадор одам гуноҳлардан тийилмаса, аъзоларини ҳаромдан тиймаса, унга фақат оч қолиш ва чанқашгина қолиши айтилган.

Қуръони Карим қироати

Мусулмон киши Рамазон ойида Қуръони Карим тиловати билан вақтини ўтказиши энг афзал амаллардандир. Қори ўқиган ҳар бир ҳарф учун ҳасана олади. Бир ҳасана ўнтага кўпайтириб берилади. Рўзадор киши ухлаб, телевизор кўриб, беҳуда гап-сўзлар билан вақтини ўтказиш ўрнига Қуръон қироатига берилиши, уни ёдлаш, маъноларини тадаббур қилиш билан вақтини ўтказиши лозимдир. Зеро, Рамазон Қуръон нозил бўлган ойдир.

Садақа

Оддий кунларда садақа қилиш Аллоҳ таолога маҳбуб амаллардан биридир. Рамазонда эса бу амалнинг савоби янада кўпаяди. Садақанинг турлари кўп. Масалан, фақирларга таом бериш, мол билан садақа қилиш, либос садақа қилиш ёки кимнинг нимага эҳтиёжи бўлса, ўша нарсани садақа қилиш. Айниқса, саҳарлик ва ифторликда егулик топишга қийналадиган камбағалларга таом ва бошқа егуликлар садақа қилиш ёки шунинг пулини бериш айни муддаодир.

Қиёмул лайл

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойида таҳажжуд намозини асло қолдирмас эдилар. Чунки бу ойда қилинган нафл ибодатга бошқа ойлардаги фарз ибодатнинг савоби берилади. Масжидларда таровеҳ намозини имом билан бирга жамоат бўлиб адо этган киши ҳам кечани бедор ўтказган ҳисобланади. У зот алайҳиссалом бу ойнинг охирги ўн кунларида масжидда эътикоф ўтирардилар. Чунки, охирги ўн кунликда минг ойдан яхшироқ бўлган қадр кечаси бордир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз умматларини бу ойнинг кечаларини ибодат ила бедор ўтказишга тарғиб қилганлар.

Умра

Рамазон ойида умра қилиш ҳаж қилганлик савобига тенг дейилади. Ким бу ойда умра қилишга имкони бўлса, умра қилсин, зеро бунда катта ажр бордир.

Аллоҳнинг зикри

Аллоҳни зикр қилиш улуғ амалдир. Зикр деганда Аллоҳни “Субҳаналлоҳ”, “Алҳамдулиллаҳ”, “Лаа илааҳа иллаллоҳ”, “Аллоҳу акбар”, “Астағфируллоҳ” каби лафзлар билан ёки намоз ўқиб, Қуръон тиловат қилиб зикр қилишга айтилади. Шу амалларни Рамазон ойида қилиш эса савобнинг кўпайишига сабаб бўлади. Оғиз очиш пайтида кўп дуо қилишга уриниш керак. Бу пайтда қилинган дуо ижобат бўлиши хабарларда айтилган.

Силаи раҳм

Силаи раҳм – қариндошлар билан алоқани боғлашдир. Бу амал оддий кунларда ҳам жуда савобли, инсоннинг умри, ризқи баракали бўлиши сабаб бўлади. Аммо шу амални Рамазон ойида бажарилса, савоби ҳам, умрга, ризққа келадиган барака ҳам зиёда бўлади.

 

 

Манба:  mawdoo3.com

Нозимжон Иминжонов таржимаси

Фатво ҳайъатига келган саволлар (11-қисм)

Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати жавоб беради.

Савол: Ассалому алайкум! Ўғил болани асраб олса онага маҳрам бўладими. Раҳмат!

Жавоб: Ва алайкум ассалом. Йўқ маҳрам бўлмайди. Агар болани асраб олган чоғда унинг ёши икки ярим ёшдан кам бўлиб, асраб олган аёл у болани ўзининг маҳрам аёлларидан бирортасига эмизган бўлса, бола маҳрам бўлади.

Савол: Ассалому алайкум. Арвоҳ капалаклар ростан ҳам борми? Агар бор бўлса, улар (уйимизга, хонамизга....) келганда нима қилишмиз керак? Саволимни жавобсиз қолдирмайсизлар деган умиддаман!!! Жавоб учун олдиндан раҳмат.

Жавоб: Ва алайкум ассалом. Арвоҳ капалак йўқ. Бу каби гаплар ислом ақидасига зид бўлган бидъат ва хурофотдан ўзга нарса эмасдир.

Савол: Ассалому алайкум азизлар саволим шундан иборат. Рамазон ойида рўза тутган одам албатта 5 вақт намоз ўқиши шарт экан бўлмаса тутган рўзам қабул бўлмас экан шу ростми? Жавоб учун олдиндан раҳмат.

Жавоб: Ва алайкум ассалом. Рўзани тутиш қанчалик фарз амал бўлса намоз ҳам шундай фарздир. Мусулмон киши бу икки амални бажаришга бирдек амр қилинган. Шу ўринда шуни ҳам билиб қўймоғимиз лозимки намоз рўза ҳар бири алоҳида-алоҳида ибодатлардир. Бирини тарк қилиш билан иккинчисини ҳам тарк қилиш лозим деган нарса келиб чиқмайди.

 

Барча жавобларга ўтиш 

 

Швециянинг Кроноберг шаҳрига қарашли Ваксо провинциясида жума куни азон чақирилишига рухсат берилди. Бу ҳақда Islam.ru сайти хабар тарқатди.

Ҳукуматга тегишли бўлган "SR" радиоси орқали берилган маълумотга қараганда, полиция жума куни соат 13.00 да азон айтилишига рухсат берган.

Мусулмонларнинг намозга чақириғи мактаб ва давлат муассасалари жойлашган ҳудудларда 45 децибеллдан, қолган ҳолатларда эса 110 децибеллдан ошмаслиги зарурлиги қайд этилган.

Маълумот учун, Швецияда азон илк бор 5 йил аввал Стокҳолмдаги Боткирка провинциясида жаранглаган эди.

ЎМИ Матбуот хизмати

Мамлакатимизда муқаддас динимизни, уламоларимизнинг бой меросини ўрганиш, тарихий обидаларни асраб-авайлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 23 июндаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ўзбекистондаги Ислом цивилизация марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада мухим қадам бўлди. 

Яқинда Тошкент вилоятининг Пискент  туманига ижодий сафарда бўлганимизда туманнинг диққатга сазовор жойларини тасвирга олдик. Оҳангарон дарёси шу жойда Туябўғиз сув омборига қуйилади. Табиати ғоят гўзал.

Дарё бўйидан унча узоқ бўлмаган жойда Ҳаким  Полвонов номидаги жамоа хўжалиги бор экан. Маълум бўлишича, ушбу жамоа хўжалигида истиқомат қилувчи  Қўйдинисо Қуронова хонадонида 4 авлоддан бери Пайғамбаримиз Муҳаммад айлаҳиссаломнинг муборак мўйлари сақланиб келинаркан. Биз уни тасвирга олишдан аввал Ўзбекистон мусулмонлари идорасига мурожаат қилдик. Бу топилма уларни ҳам қизиқтириб қолди.

Қишлоқдаги оддий хонадонда 14 асрга тенг мўйи муборакнинг борлиги, тўғриси, барчани ҳайратга солади. Пайғамбаримизнинг мўйлари кичкина шиша идишдаги сувда сақланаркан. Шайх ҳазратлари бошчилигидаги ижодий гуруҳ уни диққат билан ўрганиб чиқди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари  Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари: “Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга тегишли бўлган буюмлар, уй анжомлари ҳозирги кунда дунёнинг саноқли давлатларидагина сақланади. Мўйи муборак Ориф акага бобосининг акасидан мерос. У  тўртинчи авлод вакили ҳисобланади”, дедилар.

Бугун мамлакатимизда диний қадриятларимизни асраб-авайлашга катта эътибор қаратиляпти. Ўзбекистонда Ислом цивилизация маркази ташкил этилиши, якунланиб бораётган ҳафтада Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонининг эълон қилиниши   бу борадаги саъй-ҳаракатларни янги поғонага олиб чиқади.

У.Ҳамроқулов,

журналист

 

Бирлашган Араб Амирликлари 2019 йилда Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирларининг 46-давра анжуманини ўтказишга мезбонлик қилиш талаби билан чиқди. Бангладеш пойтахти Дакка шаҳрида ўтказилган  45-давра анжумани якунида қабул қилинган баённомада Бирлашган Араб Амирликларининг мазкур талаби қўллаб-қувватланди.

Ўз навбатида ИҲТ Ташқи ишлари вазирлари 2019 йилда ИҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари иштирокида  Гамбия пойтахти Бангол шаҳрида ўтказиладиган  14-олий анжуманга мезбонлик қилишга тайёргарлик кўраётган Гамбия республикаси раҳбарларига миннатдорчилик изҳор этдилар.

 

ЎМИ ходими  И.Аҳмедов тайёрлади.

Янгиликлар

Top