muslim.uz

muslim.uz

«Батаҳқиқ, Биз инсонни энг яхши суратда яратдик» (Тийн сураси, 4 оят).

Ислом дини инсон боласининг жисми баркамол ва соғлом бўлиб дунёга келишини таъминлашга катта аҳамият қаратган. Жумладан, ака-сингил, амаки-жиян каби яқин қариндошларнинг оила қуришини ҳаром қилган. Қуда-андалик узоқроқ қондан бўлишини тавсия этган. Бир киши ҳазрат Умар розияллоҳу анҳуга қабиласида туғилаётган фарзандлар нимжон ва ногирон бўлиб қолаётганини айтганда: «Сизлар бошқа қабилалар билан қуда-анда бўлинглар», деганлар. Ушбу тавсияга амал қилишгач, ўша қабиланинг муаммоси ҳал бўлган экан.

Фарзанд дунёга келгач, унга бўлган эътибор янада кучаяди. Фарзанднинг руҳий-жисмоний тарбияси ота-онанинг, ота-онаси вафот этган  бўлса, яқинларининг, бўлмаса, жамият зиммасига юклатилган. Янги фарзанд кўрган онага унинг таъминоти учун кўмак сифатида бериладиган моддий ёрдам ҳам илк бор исломда йўлга қўйилган.

Ислом умумий маънодаги жисм тарбиясини ибодат – фарз даражасига кўтарди. Мисол учун, инсонга жисми учун зиён бўлган ҳар қандай нарса (масалан, маст қилувчи нарсалар) ҳаром қилинди. Инсонга ўз жисмини ўзи қийнаши, ҳатто ибодат юзасидан бўлса ҳам, тақиқланди. Баданда тангадек нопок нарса бўлса ҳам намозга ярамаслиги қоидаси билан танани доимо ҳар қандай зарарли микроблардан узоқ тутиш таъминланди. Хатна, тирноқ, мўйлабларни қисқартириш, баъзи тукларни тозалаб юриш суннат қилинди. Маййит танани, агарчи у жонсиз бўлиб, тупроққа қоришиш арафасида бўлса ҳам, тириклигидагидек ғусл қилдириб, поклаб, оппоқ либосларга ўраб дафн этилиши шарт қилинди. Инсонга, унинг жисмига шунчалар аҳамият, иззат-икром кўрсатган Ислом жисмоний тарбияга қандай қараши ўз-ўзидан аён бўлса-да, ушбу мавзуда сўз юритиш мақсад қилинганининг боиси бу борада кенгроқ маълумот беришдир.

Ҳозирда “спорт” деб танилган жисмоний тарбия тўғрисида сўз борар экан, мусулмон шахсда Исломнинг бунга муносабати қандай экан, деган савол туғилиши табиий. Маълумки, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг пайғамбарлик даврлари, 23 йил мобайнида Аллоҳ таолонинг кўрсатмаси билан инсон ҳаётининг барча жабҳаларида етарли йўлланмаларни бериб кетганлар. Бинобарин, Исломда юқоридаги савол ҳам ўз жавобини олган. Аввало, Ислом инсонда жисмининг ҳам ҳаққи борлигини эълон қилди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам тунларини намоз, кундузларини рўза билан ўтказаётган Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳуга: «Рўза тут, оғиз очиқ ҳам юр, таҳажжуд ўқи, ухла ҳам, чунки зиммангда танангнинг ҳам ҳаққи бор, кўзингнинг ҳам ҳаққи бор, аёлингнинг ҳам ҳаққи бор», – деганлар. Исломда фарз қилинган рўза руҳий тарбия бўлиш билан бирга жисмоний тарбия ҳамдир. Бу муолажа инсон танасини тозалаш муолажасидир. Ҳозирги кунга келиб, табобат билимдонлари инсонга бир йилда бир курс очлик муолажасини олишни тавсия қилмоқдалар. Улар Исломдаги Рамазон рўзасидан бехабар ҳолатда бир курс 28-29 кун бўлишини ҳам таъкидламоқдалар. 
Кундалик беш маҳал намозда ҳам ажойиб жисмоний тарбия бор. Мусулмон киши ўз Роббига ибодат қилар экан, намозга тайёргарлик ҳамда намоз мобайнида ўзи сезмагани ҳолда талайгина жисмоний хатти-ҳаракатларни бажаради. Намоз қанча мукаммал адо этилса, бошқа жиҳатларидан ташқари мазкур жиҳати ҳам самарали бўлиб боради.

Маълумки, жисмоний тарбияда нафас масаласи бирламчи масала ҳисобланади. Машҳур тиббиёт академиги, россиялик Бутерина махсус тадқиқот олиб бориб, организмга тўғри, осон ва фойдали нафас олиш учун тана туришининг энг қулай вазиятларини аниқлаган ҳамда уларни нафас машқлари сирасига киритган. Буни қаранки, рўйхатнинг бошида турган машғулотлар айнан намоздаги қиём, руку, сажда ҳолатларига мос келади.
Ҳар бир нарсада энг мукаммал намуна бўлган Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамма нарса оиладан бошланишини кўрсатиб, таълим-тарбия ва ислоҳотларни ўз оилаларидан бошлар эдилар. Жисмоний тарбия борасида у зот бизга яхши намуна бўлганлар. 
Оиша онамиз рохияллоҳу анҳо айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан сафардалигимда У киши билан югуриш ўйнаб, ўзиб кетдим. Вазним оғирлашганидан кейин У киши мендан ўзиб кетдилар, сўнг: «Ҳалиги билан биру бир бўлди», – деб қўйдилар».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёш авлоднинг жисмоний тарбиясига ҳам алоҳида эътибор берар эдилар. Зеро, келажак авлод соғлом ва кучли бўлиши учун, халқнинг эртаси буюк бўлиши учун жисмоний тарбия зарур. Абдуллоҳ ибн Ҳорис розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда у киши айтадилар: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳ, Убайдуллоҳ ва бошқа кўпгина Аббоснинг авлодларини саф қилиб мусобақалаштирар, «Ким менга биринчи етиб келса, унга фалон-фалон нарса»,  –  дер эдилар. Улар (бир-биридан) ўзишиб келиб, У кишининг орқаларига, кўксиларига урилишар эди. У зот уларни ўпиб, ажратиб қўяр эдилар».
Асҳоби киромларнинг ораларида жисмоний машғулотлар, мусобақалар одатий ҳол эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам югуриш, кураш, сузиш, улов чопиш каби машғулотларга ҳам кўп эътибор берар эдилар. 
Салама ибн Акваъ розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ғазотдан қайтишаётгандаги воқеани шундай ҳикоя қилади: «Ансорлардан югуришда ҳеч ким ундан ўза олмаган бир киши бор эди. Бир пайт ўша киши: «Ким мен билан Мадинагача кимўзарга ўйнайди (мусобақа қиладиган борми)?» – деб қайта-қайта айтиб қолди. Мен унинг сўзини эшитиб: «Улуғни ҳурмат қилмайсанми (шарафлидан ҳайиқмайсанми) дедим. У: «Йўқ, фақатгина Расулуллоҳ бундан мустасно», – деди. Шунда мен: «Эй Аллоҳнинг Расули, изн беринг, мен у билан мусобақалашай», – дедим. У зот: «Хоҳласанг мусобақалашавер», – дедилар. Кейин унга: «Ўзингга келиб ол», – дедимда, сакраганча кетдим… Мадинага ундан олдин кириб бордим…». 
Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу шундай дейди: «Умар ибн Хаттоб билан мусобақалашдим. Уни ютдим ва: «Каъбага қасамки, сени ютдим», – дедим. Кейин у мени ютиб қўйди ва: «Каъбанинг Роббига қасамки, сени ютдим», – деди. Кураш мусобақалари жоҳилият даврида ҳам бор бўлиб, Укоз бозори ёнида қабилалараро йиллик беллашувлар бўлиб турар эди. Араблар мазкур йиғинларни катта қизиқиш билан ўтказишар эди.  
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу мусулмон бўлмай туриб ҳам курашчиларнинг энг машҳурларидан эди. Ислом ушбу машғулотни тасдиқ ва тарғиб қилиш билан бирга ундан кишилар одатланган ваҳшийлик, ахлоққа, инсонийликка зид нарсаларни чиқариб ташлади.

Рукона ибн Абду Язид Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан кураш тушади, У зот уни енгиб қўядилар ва у мусулмон бўлади. Имом Заҳабий: «Руконани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки марта йиқитганлар», – дейди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абул Асвад ал-Жумаҳий каби бақувват ва забардаст саҳобалар билан ҳам кураш тушар эдилар. Ёш саҳобаи киромлар ҳам кураш тушишар эди. Имом Ҳасан билан Имом Ҳусайн ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларида курашишар эди. Сузиш ҳақида гапирадиган бўлсак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:  «Зикрдан бўлмаган ҳар бир нарса лағвдир ёки хатодир,  фақатгина тўрт нарса бундан мустасно: кишининг икки нишон орасида юриши (яъни ўқ отиш), от ўргатиши, ўз аҳли билан мулоаба қилиши ва сузишни ўрганиш», деганлар. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Шом амирига ёзган мактубларида: «Болаларингизга ўқ отишни ва сузишни ўргатинглар уларни отларингизга сакраб чиқишга буюринг»,  – деб айтган эканлар.

Имом Суютий сузиш фазилати ҳақида келган ҳадис ва асарларни жамлаб бир китоб қилган. Суютий жумладан қуйидагиларни зикр қилади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳоблари билан бир кўлга тушдилар ва «Ҳар ким ўз соҳибига қараб сузсин», – дедилар. Кейин ўзлари Абу Бакр томон суздилар ҳамда унинг бўйнидан қучиб: «Агар мен ўзимга халил тутганимда Абу Бакрни тутган бўлар эдим, лекин у менинг соҳибимдир», – дедилар». Бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинадаги бир ҳовлига ишора қилиб: «Онам билан шу ерга тушганмиз, мен Бану Адий ибн Нажжор қудуғида яхши сузганман», – деганлар. Ўшанда У зот олти ёш атрофида бўлганлар. Оталари Абдуллоҳнинг қабри шу ерда эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам улов мусобақасига ҳам алоҳида аҳамият берганлар. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар айтилган: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уловга тайёрланган отларга (Мадина ташқарисидаги) Ҳафё билан Санийятул вадо орасида, уловга тайёрланмаган отларга Санийятул вадо билан Бану Зурайқ масжиди орасида мусобақа уюштирдилар». Имом Термизий ривоятида Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу: «Мен ғолиблардан бўлдим, кейин отим мени бир девор устига ирғитиб юборди», – деганлар. Ҳафё билан Санийятул вадо ораси 6-7 мил, Санийятул вадо билан Бану Зурайқ масжиди ораси тақрибан 1 мил бўлган. (1 мил 750 метрга тўғри келган).

Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидаги сўзларни айтганлар: «Ўқ отинглар, от мининглар, мен учун отганингиз минганингиздан яхшироқдир». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳарбий жисмоний машғулотларга асосий эътиборни қаратар эдилар. Зеро миллатнинг, юртнинг шарафли ҳимояси ҳам шунда. Бунга ўхшаш мисолларни яна кўплаб келтиришимиз мумкин. Аммо шунинг ўзи ҳам Исломнинг жисмоний тарбияга муносабатини билишга кифоя қилади.


Обид
жон МИРҲАМИДОВ

Қибрай тумани,
 “Саъдулла ота” жоме

 масжиди имом-хатиби
 

 

9-май Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан Диний идоранинг Хоразм вилояти вакиллиги ҳамда вакиллик тасарруфидаги масжид имом-хатиблари томонидан табаррук ёшга етган иккинчи жахон уруш қатнашчиларининг холидан хабар олиниб, уларга моддий ёрдамлар кўрсатилди.

 Ушбу сана сабабидан қалбларда меҳр-мурувват, ҳурмат-эътибор, хайр-саховат янада кучаяди. Чунки ёши кексаларнинг дуоларини олиш, урушнинг даҳшатли асоратларини уларнинг ўз оғизларидан эшитишнинг инсон қалбига таъсири кучли бўлади. Отахонлар билан суҳбат чоғида, уларга кўрсатилаётган меҳр ва эътибордан хурсанд бўлиб, Ватанимизда ҳукм сураётган тинчликнинг бардавом бўлишлигини ҳамда унинг шукронасини қилиб юриш лозимлигини таъкидлашди.

Шунингдек, Муҳтарам Президентимиз томонларидан амалга оширилаётган улкан ижобий ишлардан мамнун эканликларини алоҳида таъкидлаб, тинчлик ва осойишталик ҳамма вақт юртимизда бардавом бўлишлигини сўраб дуои хайрлар қилдилар.

ЎМИ Матбуот хизмати

Ҳар йили 7май куни Босния ва Ҳерсоҳовинада Масжидлар куни нишонланади. Ушбу кунда 1992-1995 йилларда юз юерган фуқаролар уруши натижасида содир этилган хунрезликлар ва вайрон этилган Сребреница шаҳри обидалари хотирланади.

Ушбу кунда серб ва хорват ҳарбийлари томонидан бузиб ташланган юзлаб масжид ва диний иншоатлар ҳақида одамларга сўзлаб берилади.

7 май кунининг нишонланиши бекорга эмас, ушбу кунда Баня-Лука шаҳридаги Фарҳодия масжидининг серб қўшинлари томонидан портлатиб юборилган. Ушбу масжид Босния ва Ҳерсоховинанинг маданий белгиси ҳисобланади.

Босния ислом иттифоқининг маълумотларига кўра, уруш вақтида 614 та масжид бутунлай бузиб ташланган. Урушга қадар мамлакатда 1144 та масжид бўлган ва уларнинг 80 фоизи бузиб ташланган. Бироқ бугун Боснияда 1912 та масжид фаолият юритади, 789 та иншоат қайта тикланган.

Фарҳодия масжидининг тикланиши учун 15 йил муддат сарфланган. Ушбу масжид 1579 йилда қурилган бўлиб, 2016 йилда қайта очилган.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Ҳиндистонда бугунги кунда “Мусалман” номли қўлёзма газета урду тилида босилади. Ушбу газета ҳар куни чоп этилиб, 21 минг нафардан ортиқ ўқувчилар қўлига етиб боради.

Газетанинг бош идораси Ченнай шаҳрида жойлашган бўлиб, уч нафар хаттот фаолият юритади. Газетанинг мақолалари хаттотлар томонидан эҳтиёткорлик билан икки соат мобайнида ёзиб чиқилади. Улар анаъналаргамувофиқ котиблар деб аталади.

Газетанинг қўлёзма ишлари пешин вақтига қадар тугаллангач кечки вақтда чоп этилиб, тарқатилади.

Тўрт варақли катта қоғоздан иборат газетада асосан мусулмонлар ҳаёти, ислом маданияти ва ижтимоий-сиёсий хабарлар чоп этилади.

Ўзининг тарихий анаъналарига содиқ қолган “Мусалман” газетаси таҳририятида бирор бир компютер жамланмасини учратмайсиз.

Маълумот учун, газетага 1927 йилда Саид Озодулло томонидан асос солинган. Унинг ташкил этилишидан мақсад сифатида мусулмон жамоаси вакилларига ҳам фикр билдириш белгиланган.

Газета 75 ҳинд пайси (1 ҳинд руписига яқин) нархида сотилади.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Ана шу маълумотни аниқлаштириш ва унга тегишли ҳужжатлар тафсилотини билиш учун Ўзбекистон Республикаси Марказий давлат архивида бўлдик. Катта илмий ходим, диншунос, исломшунос Дилшод Ваҳобов билан суҳбатлашдик. 

— Макканинг XII асрга тегишли ҳужжатлари бу ерда сақланаётгани ростми? 

— Мазкур ҳужжатнинг икки қисми 1300 ҳижрий йилда Татаристоннинг Қозон босмахонасида босмадан чиққани ҳақида маълумот бор, – дейди Д.Ваҳобов. – Яна бир қисми қўлда чизилган. У XII асрга тегишли бўлиб, Маккани тасвири акс эттирилган. Унда ҳожиларнинг бориши керак бўлган зиёрат жойлари, дам олиш хоналари ва қанақа амалларни бажаришлари кўрсатилган. Бу чизма чизилган қоғоз сифати жуда юқори бўлиб, ўша даврларда ҳажга борувчиларга қўлланма бўлган. 

 
6fa327cb-4a37-4569-b70a-6fb22219d5f5.jpg 

— Ҳужжатнинг босмахонадан чиққан қисмида нима изоҳланган? 

— Улар 1280 ҳижрий йилга таллуқли бўлиб, унда Ҳакимхўжа Эшонхўжа ўғли ва Муҳиддинхон Худойберди ўғлига тегишли муҳрлар қўйилган. Бу уларнинг ўша даврда ҳажга бориб, ҳожи бўлиб келганини тасдиқловчи ҳужжатлар ҳисобланади. Улардан бирига ўнта яна бирига саккизта муҳр қўйилган. Бу номи юқорида келтирилган шахснинг ҳажга келиб, зиёратнинг барча амалларни бажаргани ҳақида араб тилида ёзилиб, муҳрлар билан тасдиқланган. Энг биринчи муҳр Макка имом хатиби Саидмуҳаммад Солиҳга тегишли экани белгилаб қўйилган. Кейин муаззин ва маъсуллар ўз белгисини қўйган. 

— Бу ҳужжатлар шу вақтга қадар қандай тартибда сақлаб келинган? 

— Бухоро хонлиги даврида ҳажга бориб келгани ҳақидаги ҳужжатлар ҳожиларнинг ўзида сақланган. Чор Россияси Туркистонга кириб олгандан кейин, юртимизнинг бой тарихи талон-торож қилиниб, барча ҳужжатлар йиғилиб, олиб кетилган. 

Улар араб ва форс ёзувида битилган бу ҳужжатларни ўқий олмаган. Уларда муҳим маълумотлар акс эттирилган деган фикрда узоқ ушлаб туришган. Шарқшунос мутахассислар бу ҳужжатларни у қадар муҳим, сиёсий аҳамиятга эга эмаслигини ўрганиб чиққандан кейин Ўзбекистонга қайтариб юборилган. 1976 йилда Ўзбекистонга бир қатор архив ҳужжатлари қаторида бу маълумотлар ҳам қайтиб келган. 

Қайд этиш кераки, архивда халқимиз ўтмишига тегишли араб, форс ва лотин алифбосида ёзилган ҳужжатлар шу қадар кўпки, улар рўйхатга олинган бўлса-да, олимлар ёки шарқшунослар томонидан ҳануз тўлиқ ўрганиб чиқилмаган. Архив сирлари қачон тўлиқ очилиши эса номаълум. Бунинг учун малакали кадрлар етишмаётгани кундай равшан. 
 

 

Сайёра Шоева, ЎзА

Янгиликлар

Top