muslim.uz

muslim.uz

Пятница, 24 Сентябрь 2021 00:00

Ҳақиқий олимни қандай таниймиз?

 

Дин илмларини ўрганмоқчи бўлган одам олимларни танлашда экстремизм ёки бошқа оқимлар тўрига тушиб қолмаслиги учун жиддий ёндашиши керак. Анас розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Албатта, ушбу илм диндир. Бас, ҳар бирингиз динини кимдан олаётганига қарасин” (Имом Ҳоким ва Ибн Адий ривояти).

Хўш, ҳақиқий олимни қандай таниб оламиз?

Белгилари

Ҳақиқий олим ҳар доим маънавий қадриятларни моддий нарсалардан, абадий ҳаётни эса оддий нарсалардан афзал кўради. У динни ўзига мослаб олмайди ва ўзининг манфаати йўлида фойдаланмайди.

Нафақат олимнинг илмига, балки унинг одоб-ахлоқига ҳам эътибор қаратиш лозим. Яъни, унинг амали, хулқ-атвори шариатга мос бўлиши керак. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Одамларни яхшиликка чорлаб, ўзларингизни унутасизларми? Ҳолбуки, ўзларингиз Китоб тиловат қиласизлар. Ақлингизни юргизмайсизларми?» (Бақара сураси, 44-оят).

Ҳақиқий олим – амали сўзларига мос келадиган, бошқаларга қандай ҳукм, фатво чиқарса, ўзига ҳам худди шундай адолатли ҳукмни раво кўра олиши керак.

Каъб ибн Молик розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким илмни уламолар билан можаро қилиш учун, эсипастларга ғолиб келиш учун ёки у билан одамларни ўзига қаратиш учун ўрганса, Аллоҳ уни дўзахга киритади”, дедилар (Имом Термизий ва Имом Ибн Можа ривояти).

Эҳтиёткорлик

Ҳақиқий олим еб-ичиш ва кийинишда камтар бўлади. Ҳатто рухсат берилган нарсаларда ҳам эҳтиёткордир. Унинг учун дунё неъматлари шунчаки восита, холос, мазмун эмас.

Амал ва обрўга интилмайди

Олим инсон бой ва нуфузли одамлар билан яқин муносабатда бўлишга интилмайди. Моддий фойда олиш учун бой ва обрўли одамларга яқинлашиш орқали уларнинг салбий ҳаракат ва хатоларини оқлаб берадиган ҳукмларни чиқариш эҳтимоли бор.

Бу дегани олимлар амалдорларни ёмон кўриши ёки улардан узоқ бўлиши керак, дегани эмас. Лекин ҳақиқий олим ўзини амал ва шуҳрат васвасасидан ҳимоялашга ҳаракат қилган одамдир.

Эътибор беринг, олимлар фатво беришда шошма-шошар қарор қабул қилмайди ва даъвогарларнинг гапларига эҳтиёткорлик билан ёндашади. Чунки улар одамлар сўраган масалани тўла билиш имконияти чеклангани сабабли адолатсизлик қилишдан қўрқишади.

Абу Ҳафс Нишопурий айтган: “Ҳақиқий олим – диний масалаларда ҳукм чиқариб, қиёмат куни ўз фатволари учун жавоб беришдан қўрққан ва хавотир олган киши”.

Нафсини тергаб туради

Ҳақиқий олим юқоридаги гаплар билан чекланиб қолмайди, ҳар доим ўзини ўнглаш, нафсини тергаш билан банд бўлади. У ўзини нурли қилмаса, бошқаларга ёруғлик бера олмайди. Ушбу жиҳат билан бошқалардан ажралиб туради:

 – таваккул, яъни Аллоҳга таваккул;

– ризо, ўз тақдири ва Аллоҳ берган барча ишларга;

– таслим, Аллоҳнинг иродасига бўйсуниш.

Камтарлик

Агар одамнинг билими ғазаб, такаббурлик, баландпарвозлик ва беҳудалик билан қоришган бўлса, демак, илм Аллоҳнинг розилигига эмас, балки дунё манфаатларига эришишга қаратилган бўлади. Аллоҳнинг динига хизмат қилган ва Унинг розилигига эришиш учун илм олган киши хотиржамлик, камтарлик ва дўстлик сифатлари билан ажралиб туради.

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Илмни ўрганинглар. Илм учун сокинлик ва виқорни ўрганинглар. Ўзингиз таълим олаётган зотга тавозели бўлинглар” (Имом Табароний ривояти).

Ишончли илм

Ҳақиқий олим ўз динини чуқур тушунади, илмнинг турли соҳаларини қамраб олишга интилади ва фақат ишончли манбаларга асосланади, суянади. Агар олим фақат диний билимлар билан чегараланиб қолмаса, янада яхши. Чунки баъзи масалалар бўйича фатво, қарор қабул қилишда нафақат диний билим, балки ҳаётнинг бошқа соҳаларидан ҳам хабардор бўлиши зарур.

 

Пўлатхон КАТТАЕВ,

Имом Бухорий номидаги

Тошкент ислом институти катта ўқитувчиси

 

"Зиё" медиа маркази ва "Орият доно" радиоси ҳамкорлигида тайёрланган " "Зиё чашмаси" радио дастури.

Дастур меҳмони "Хувайдо" жоме масжиди имом хатиби Aброр домла Aлимов

Сухандон: Нурмуҳаммад Зиёдулло ўғли

Хабарингиз бор, марҳум муфтий Усмонхон Темирхон ўғли ҳазратлари томонидан нашр этилган “Тафсири Ирфон” китобининг мухтасар шаклда таълиф этилган – “Қуръони карим ва ўзбек тилидаги маънолари таржимаси” китоби чоп этилиб, хайрия тариқасида кенг тарқатилмоқда.

Айни кунларда ушбу Қуръони карим китобининг нусхалари мадрасалар устозлари, талабалари, имом-домлалар, диний соҳа ходимлари ва Қуръони карим ўқишга иштиёқи бор, лекин имконияти йўқ фуқароларга ҳам бепул тарқатиш ишлари давом этмоқда.

Шундай тадбирлардан бири Сурхондарё вилоятидаги Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказида “Сиз бизга кераксиз!” шиори остида эшитиш ва сўзлашишда нуқсони бор, ижтимоий ҳимояга муҳтож юртдошларимиз иштирокида ўтказилди.

Тадбир давомида марҳум муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари таржима қилган “Қуръони карим ва ўзбек тилидаги маънолар таржимаси” китоби имконияти чекланган ҳамюртларимизга ҳадя тариқасида улашилди. Бундан имконияти чекланган юртдошларимизнинг кўнгли тоғдек кўтарилди.

Шу кунларда ушбу Қуръони карим китоби хайрия сифатида улашиш ишлари давом эттирилмоқда.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Янгиликлар

Top