muslim.uz

muslim.uz

Ёзма манбаларда келтирилган маълумотларга ҳамда археологик тадқиқотларга кўра, Уструшана (Жиззах воҳаси) минтақасида қуйидаги шаҳар ва қишлоқлар бўлган:

Бунжикат. Уструшана минтақасининг пойтахти Бунжикат йирик ҳунармандчилик ва савдо маркази бўлганлиги манбаларда таъкидланади. Айни пайтда Бунжикатдан қурол-яроқ, темир ҳамда мисдан ясалган асбоб-анжомлар, ёғочдан ясалган асбоб-ускуналар, эгар-жабдуғлар ва бошқа ҳунармандлик маҳсулотлари Шарқ мамлакатларига сотувга чиқарилган.

Бунжикатда вилоят ҳокимининг қароргоҳи, шаҳар ташқарисида эса қасрлар, боғлар, узумзор ва экинзорлар бўлиб, шаҳар атрофи хандақлар билан ўралган эди. Бунжикат Самарқанддан олти фарсах масофада жойлашган бўлиб, эркак аҳолиси 20 минг кишидан иборат бўлган.

Ўрта аср араб манбаларида Бунжикат кенг ёритилган бўлиб, ўз замонида унинг катта аҳамиятга молик эканлиги шубҳасиз. Машҳур географ олим ал-Истахрий «Масолик ал-мамолик» асарида Бунжикатга шундай таъриф беради: «Бунжикат вилоят ҳокими яшайдиган шаҳар бўлиб, уйлари ёғоч ва лойдан қурилган. У ички ва ташқи шаҳардан иборат, деворлар билан ўралган. Ички шаҳарнинг икки дарвозаси бор, шаҳарнинг ичидан катта дарё оқиб ўтади. У ерда жоме масжид, бозорлар ва тегирмон ҳам бор. Шаҳар айлана деворининг атрофида бир фарсах келадиган боғлар, узумзорлар ва бир неча қасрлар бўлган. Ташқи шаҳарнинг тўрт дарвозаси: Зомин, Миросманда, Нужкет ва Каҳалбоз дарвозаси номлари билан аталган. Ташқи шаҳарда олтита анҳор бўлиб, улар шаҳардан ярим фарсахдан камроқ масофада жойлашган дарёдан бошланган. Х асрда Бунжикатда 10 минг эркак аҳолиси бўлиб, ички ва ташқи шаҳардан иборат ва шаҳардан дарё оқиб ўтган. Ташқи шаҳарда қамоқхона жойлашган».

В.В.Бартольд ҳам юқоридаги фикрларни инобатга олиб, уларга қўшимча равишда, «Бунжикат эҳтимол Панжикент ёки Ўратепа шаҳридан 25 км. тепада, унинг жануби-шарқий тарафида жойлашган Шаҳристон бўлиши мумкин», деган фикрни илгари суради.

Бунжикат – Панча (Панжикент) эмаслиги қуйидаги ёзма манбада ҳам ўз аксини топган. Панч ҳокимлигининг маркази бўлган Панжикентга бўйсунувчи Эскодар, Зароват, Кштут ...каби қишлоқлар «қишлоқ оқсоқоли» маъносини англатувчи унвон остидаги кишилар томонидан бошқарилган.

Баъзи бир манбаларда шундай таъкидланади: «Панча (Панжикент) ҳокими Диваштич арабларга қарши курашда ҳамкорлик қилиш, иттифоқ тузиш мақсадида ўзининг ишончли хизматчиси Фарасманни Уструшана, Чоч ва Фарғонага махсус топшириқ билан юборди. Фарасманнинг ўз хожаси Диваштичга ёзган махфий мактубида Уструшана ҳукмдори ҳамкорликка рози эмаслигини маълум қилган».

Тожикистонлик олимлар В.В. Бартольднинг юқоридаги фикрига таяниб таъкидлаётганидек, Бунжикат – Панжикент ёки Шаҳристон дегани эмас. Юқорида айтиб ўтилган бундай талқин араб манбаларидаги маълумотлардан фарқ қилади.

Тожикистонлик олимлар чиқарган хулосалар қуйидаги маълумотларга асосан нотўғри деб топилди: биринчидан, Панжикент Панча ҳокимлигининг маркази бўлиб, унинг ҳокими Диваштич бўлган; иккинчидан, Шаҳристон Ўратепа шаҳридан 25 км. тепада, унинг жануби-шарқий тарафида жойлашган. Ўратепа шаҳри билан Самарқанднинг ораси 200 кмдан ортиқ, ваҳоланки, Самарқанд билан Бунжикатнинг орасидаги масофа 6 фарсах (36-48 км) бўлиши керак; учинчидан, шаҳарнинг ташқи тўртта дарвозаси тўртта томонга қараши керак, агарда В.В. Бартольд ҳамда баъзи бир тадқиқотчилар хулосасига қаралса эшиклар бир томонга қараб қолади; тўртинчидан, Бунжикатнинг ташқи шаҳрида мавжуд олтита анҳорнинг манбаи шаҳардан ярим фарсах масофада жойлашган дарёдан бошланган; бешинчидан, шаҳарнинг аҳолиси кўп, қасрлар, боғлар, узумзор ва экинзорлар бўлган. Мазкур тарихий ва объектив далиллар асосида Бунжикатдан ярим фарсах масофадаги дарё Сангзор дарёси ва шаҳарнинг ҳозирги даврдаги ўрни эса Жиззах вилоятининг Бахмал[1] тумани деб белгиланди.

Зомин. Ўрта асрларда гуллаб яшнаган ва Буюк Ипак йўли устида жойлашган Уструшанадаги энг катта тарихий шаҳарлардан бири – Зомин. Бу шаҳар Ўрта аср араб манбаларида атрофлича ёритилган. Зомин қадимда Сарасанда, Сусанда, Сабза номлари билан ҳам юритилган. У Фарғонадан Суғдга бориш йўлида жойлашган бўлиб, йўловчилар учун у ерда қўноқ бор. Зомин оқар сувли, боғдор ва узумзор жой. Унинг шарқи тоғлар, ғарби эса чўл билан қопланган. Шаҳар Зоминсувнинг ҳар иккала соҳилида жойлашган.

Оға Бургутли ўзининг «Жиззах вилояти зиёратгоҳлари» рисоласида Зомин ҳақида шундай дейди: «Зомин атамаси «Авесто»да тилга олинган «Зомёд» фаровонлик фариштаси номи билан боғланган. Мазкур шаҳарнинг тарихи зардўштий ота-боболаримиз замонаси билан, милоддан аввалги VII-V асрлар билан ўлчанади».

Зомин ҳақида кўплаб олимлар ўз асарлари ва тадқиқотларида батафсил маълумот берганлар. Зомин Фарғонадан Суғдга бориш йўлида жойлашган бўлиб, Сусанда номи билан юритилган ва Сабза номи билан ҳам аталган. Унинг шарқи тоғлар ва ғарби эса чўл билан қопланган. Шаҳар Зоминсувнинг ҳар иккала соҳилида жойлашган.

X асрда Зомин ёнида араблар истилосига қадар бўлган эски шаҳарнинг харобалари сақлангани манбаларда қайд этилган. «Ҳудуд ул-олам» асарида қуйидагича таъриф берилади: «Зомин – Хўжанд – Фарғона йўлидаги шаҳар бўлиб, Сарушанага қарашли. Унда мустаҳкам қўрғон бор; экинзорлари кўп бир жой эрур».

Зоминнинг Самарқанд, Бухоро, Шош (Тошкент) ва Фарғона водийси шаҳарларини боғловчи катта карвон йўлида жойлашгани унинг равнақига ижобий таъсир этган. Зоминда жуда катта боғлар ва узумзорлар бўлган. Араб географ сайёҳ олимлари ўзларининг тарихий-географик асарларида Зомин ва унинг атрофидаги қишлоқлар, шунингдек, у билан чегарадош шаҳар ва қишлоқларнинг жойлашган масофалари ҳақида кенг маълумотлар беришган. Хусусан, Ибн ал-Фақиҳ таъкидлашича: Самарқанддан Зомингача 17 фарсах бўлиб, у ерда икки томонга йўл кетган, бири Шош ва иккинчиси Фарғона водийсига йўналган. Зоминдан Саботгача 3 фарсах, Харқонагача 9 фарсах, Ховас йўли орқали Куркет қишлоғигача 13 фарсах масофада жойлашганини ал-Истахрий ўзининг «Масолик ал-мамолик» асарида таъкидлаб ўтган. Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Уструшаний «ал-Асъила ва-л-ажвиба» (Саволлар ва жавоблар) асарида Зоминни «мадина» ёки «булайда» деб атамаган, балки «қасаба», яъни бош шаҳар, деб мурожаат этади. Бундан Зомин мустаҳкам қалъалар билан ўралган стратегик аҳамиятга эга бўлган шаҳар бўлгани ҳақида хулоса чиқариш мумкин.

Дизак. Уструшананинг учинчи катта шаҳри Дизакдир. Дизак – Марказий Осиёдаги энг қадимий шаҳарлардан бири. Топономист олимлар Жиззах номини суғдийча «Дизак» («қалъача») диз – «қалъа, истеҳком қўрғон», ак – кичикликни билдирувчи қўшимча, деб таъриф берадилар.

Юнон солномачилари эса бу ҳудудни Газо деб атаб, уни алоҳида тилга оладилар. Археологлар Газо шаҳрининг ўрнини аниқ ва асосли тайин этмасалар-да, манбаларда уни Самарқанд ва Тошкент оралиғида жойлашгани айтилади. Юнонлар таъкидлаган Газони қадимий Жиззах деб тахмин қилиш мумкин.

Шаҳар араблар истилосидан олдин ҳам мавжуд бўлган. Фекнан ҳукмронлиги вақтида Дизакда кўплаб карвонсарой ва меҳмонхоналар қурилган. Шаҳардан бир фарсах узоқликда жойлашган Худийсар карвонсаройи, меҳмонхона ва кўплаб уйлар бўлган. Дизак эса Шошнинг йўлидаги, Самарқанд билан Зоминнинг ўртасидаги шаҳар. Дизакда Маросиманда деган жой мавжуд бўлган, у ер юз гектардан иборат бўлиб, ҳар йили у ерда бир маротаба катта савдо ярмаркаси ўтказилиб турилган. Атрофи тоғлар билан ўралган. Маросиманданинг яқинида Минғ деган жой бўлиб, у ердан ҳозирга қадар темир қазиб олинади.

«Ҳудуд ал-олам» асарида қуйидагича таъриф берилади: «Дизак – шаҳарча, унда оқар сув бор. Унинг яқинида Маросиманда деган жой бор, унда бир йилда бир кун бозор бўлади ва ўша куни ул бозорда юз минг динор (миқдорида мол) савдо қилинади, дейдилар».

Илк ўрта асрларда жаҳон бозорида Дизакда тайёрланган жун ва тери маҳсулотларига талаб катта бўлган. VIII-IX асрларда кулоллар, заргарлар, аравасозлар каби маҳаллаларнинг мавжудлиги миллий ҳунармандчиликнинг ривожланганлигидан дарак беради.

Қадим ва ўрта асрларда бунёд этилган меъморий ёдгорликлар бизгача етиб келмаган. Ўрта асрларга оид кўпгина қалъа-қўрғон ва карвонсаройлар тепа ва қўрғон (Култепа, Оқтепа, Работ, Қўрғонтепа, Хонимқўрғон, Калиятепа) каби номлар била аталади. Буларнинг сони юздан ортиқ. Жиззах ва Ғаллаорол туманлари ҳудудидаги Такалисойдаги қоятошларда ибтидоий чорвачилик, овчилик даврига оид мингдан ортиқ расм, Бахмал, Ғаллаорол, Жиззах туманларида жуда кўп ер ости йўллари сақланган. Бахмал тумани ҳудудида Будда ибодатхонаси қолдиғи топилган. Парпиота, Гиркушоқ, Авлиё Сероб, Нуриддин масжидларининг қолдиқлари сақланган. Фориш туманида қадимий «Банд» тўғони қолдиғи ҳозир ҳам мавжуд. Жиззах туманида Узунота қабри, Ўрда, Бобо Як, Қалиятепа, Нуриддин Ҳожи мадрасаси каби тарихий ва меъморий ёдгорликлар сақланиб қолган.

Жиззах IX – X асрларда сомонийлар, XI-XIII аср бошида қорахонийлар, XIII-XIV асрларда чингизийлар, XIV-XV асрларда темурийлар давлати, XVI-XVIII асрнинг биринчи ярмида Бухоро хонлиги, XVIII асрнинг иккинчи ярмидан 1866 йилгача Бухоро амирлигига тобе бўлган. Шаҳар бир неча марта инқирозга учраб, яна қайта тикланган.

Ховас. Машҳур географ олим Абулқосим Убайдуллоҳ ибн Абдуллоҳ ибн Хурдазбиҳ «Китоб ал-масолик ва ал-мамолик» асарида қуйидагича таъриф беради: «Ховас – Самарқанднинг тепасидаги Уструшана минтақасига тааллуқли шаҳарча. Мовароуннаҳрдаги Жайҳун ва Сайҳун дарёларининг ўртасида жойлашган. Ховас Шош йўлида жойлашган бўлиб, Зомингача олти фарсах».

Ҳозирда Ховас Сирдарё вилояти туманларидан бири бўлиб, Ховас шаҳарчаси ҳам бор. Қадимий Сирдарё тарихи ҳақида маълумот берувчи муҳим ёзма манба қадимда юнон тарихчиси Аррианнинг «Искандарнинг ҳарбий юришлари» асарида ёзишича, Сирдарё «Танаис», «Яксарт» номи билан юритилган.

Милоддан аввалги III-II асрларда Ўрта Осиёнинг шимолий раёнларида 5 та майда давлатлардан иборат Қанғюй давлати иттифоқи юзага келади. Унинг таркибига ҳозирги Сирдарё вилояти ҳудудлари ҳам кирган. Ушбу даврда кўчманчи аҳолининг вилоят ҳудудига келиб ўрнашиши ер танқислигини юзага келтиради. Натижада ҳозирги Ховас туманининг ғарбий қисмлари ҳам аҳоли томонидан ўзлаштирилади. Шўрбулоқсойнинг қуйи қисмида Эски Ховас ёдгорлиги, Ширинсойнинг қуйи қисмида Мунчоқтепа ёдгорлиги қад кўтаради.

Ховас қадимда ислом дини ривожига хизмат қилган уламолар ватани бўлиб, улар ал-Ховасий нисбаси билан фаолият юритганлар.

Собот. Мовароуннаҳрнинг Уструшана минтақасидаги машҳур шаҳарча. Самарқанддан йигирма фарсах, Хўжанддан ўн фарсах масофада жойлашган.

Шибла. Уструшананинг қишлоқларидан бири. Шибла сўзининг маъноси  шуки, араблар шернинг урғочи боласини «шиблатун» дейишади. Шибла қишлоғи Боркаснинг жанубидан бир фарсах ва Усматнинг шимоли-шарқидан бир фарсах масофада жойлашган. Об-ҳавоси тоза, ерлари ҳосилдор, суви тиниқ, булоқлари кўп. У ерда узум ва олмалар етиштирилади.

Ҳозирда Зомин туманининг Увол қишлоғида «Шер тўпи» деган уруғдан бўлмиш юздан ортиқ оила яшайди. Эҳтимол ушбу уруғ мана шу Шибла қишлоғидан тарқалган бўлиши мумкин. Улар асосан чорвачилик ва деҳқончилик билан шуғулланадилар. Мазкур қишлоқда таваллуд топган олиму уламолар асосан аш-Шиблий нисбаси билан фаолият юритганлар.

Боркас. Уструшананинг қишлоқларидан бири, кейинчалик Самарқандга қараган. Боркас Самарқанддан Сирдарёга кетиш йўлида тўрт фарсах, Хушуфағнгача Қатвон йўли орқали тўрт фарсах масофада жойлашган, деган маълумотлар берилган.

Санжафин. Уструшананинг Самарқанд яқинидаги қишлоқларидан бири.

Худийсар. Уструшана билан Самарқанд чегарасидаги шаҳарча. Худийсар Дизакнинг шимолидан икки фарсах масофада жойлашган ва у афшин Ҳайдар ибн Қавус томонидан 199/815-204/820 йилларда Маросиманданинг ёнида мамлакатни душманлардан ҳимоя қилиш мақсадида беш йил давомида қурилган.

Сурхакат. Уструшана қишлоқларидан бири. Садр ал-Афодил Қосим ибн Ҳусайн ал-Хаворазмий «Силот ар-раёҳийн» асарида ёзишича, Сурхакат номи билан Мовароуннаҳрда икки қишлоқ бўлиб, бири Хазор туманида ва иккинчиси Уструшананинг Самарқанд яқинидаги қишлоқларидан бири. Мазкур қишлоқ уламолари ас-Сурхакатий нисбаси билан фаолият юритганлар.

Нужоникас ёки Нужкат. Уструшананинг Самарқанд яқинидаги шаҳарчаларидан бири.

Ёркас. Самарқанднинг шимолида жойлашган Уструшана қишлоқларидан бири. Кейинчалик Самарқанд ҳудудига ўтиб кетган. Ёркасда дарёдан келадиган сув манбаи йўқ. Ёркас аҳли булоқлардан келадиган сувлар билан кифояланишади, деган маълумотлар берилган. Бу қишлоқдан чиққан олимлар ал-Ёркасий нисбаси билан фаолият юритганлар.

Бурнамад. Уструшананинг Самарқанд яқинидаги қишлоқларидан бири. Бурнамаднинг луғавий маъноси «буғланиш» сўзидан олинган. Баъзи бир манбаларда Бурнамаз ҳам дейилиб, у ўзининг кўплаб булоқлари билан машҳур. Бурнамад Дизакдан Зоминга борадиган савдо йўлида жойлашган бўлиб, араб географ олими Ибн Хурдазбиҳнинг ёзишича, у Саъд работининг ғарбига икки фарсах, Хушуфағнгача беш фарсах ва Зомингача тўрт фарсах масофада жойлашган.

Шовкат. Уструшананинг қишлоқларидан бири бўлиб, кейинчалик Самарқандга ўтиб кетган. Манбалардан мазкур қишлоқ қачон Самарқанд ҳудудига ўтиб кетганлиги ҳақида ҳеч қандай маълумот топилмади.

Қатавон. Уструшананинг Самарқанд яқинидаги қишлоқларидан бири. Боркаснинг шимол томони Аби Аҳмад работидан икки фарсах ва Самарқанддан беш фарсах масофада жойлашган. Бу қишлоқни Қатавон диза – «Қатавон қалъаси», деб ҳам аташади. Қатавон қишлоғида Аҳмад аз-Зоҳид ал-Ховасий томонидан қурилган работ бўлиб, у Самарқандгача етти фарсах масофада жойлашган. У ер кўп мусулмонлар қатл қилинган жой бўлиб, шаҳидлар қабристони бўлган. У ерга зиёратчилар бориб, икки кеча қолганлар.

Хушуфағн. Уструшана қишлоқларидан бири. Абу Саъд ас-Самъоний «Ансоб» асарида Мовароуннаҳрда Хушуфағн номи билан икки қишлоқ бўлиб, биринчиси Суғднинг Иштихон туманида ва иккинчиси Боркас қишлоғининг шимолига тўрт фарсах масофада жойлашган Уструшана қишлоқларидан бири, деган маълумотни беради.

Харқона. Уструшананинг Дизакка яқин жойдаги қишлоқларидан бири. Харқона Дизакгача тўрт фарсах, Абу Аҳмад работидан икки фарсах, Самарқандгача саккиз фарсах, Зомингача тўққиз фарсах масофада жойлашган. У ерда ўз замонасида маълум ва машҳур бўлган Харқон работи бўлган.

Камаржа. Уструшананинг қишлоқларидан бири бўлиб, Самарқандгача бир кунлик йўл масофада жойлашган. Баъзи бир манбаларда Самарқанддан 7 фарсах масофада жойлашган, деб таъкидланади. Кейинчалик Самарқанднинг Суғд ҳудудига қараган. Бу қишлоқдан ҳам жуда кўплаб уламолар етишиб чиқиб, ал-Камаржий нисбаси билан фаолият юргизганлар.

Можарм. Уструшананинг қишлоқларидан бири. Кейинчалик Самарқанднинг Суғд ҳудудига қараган.

Навқад. Навқад номи билан Мовароуннаҳрда икки катта қишлоқ бўлиб, биринчиси Боркас қишлоғидан 3 фарсах масофада жойлашган Уструшана қишлоқларидан бири. Иккинчиси Насафдан 6 фарсах масофада жойлашган катта қишлоқ. Манбаларда Насафдаги бу қишлоқни Навқад қурайш деб ҳам атайдилар. Бу қишлоқдан ҳам жуда кўплаб олиму уламолар етишиб чиқиб, ан-Навқадий нисбаси билан илмий изланишлар олиб борганлар.

Ғубдин. Бу ном билан Мовароуннаҳрда икки қишлоқ бўлиб, биринчиси Уструшана минтақасида ва иккинчиси эса Насафга 2 фарсах масофада жойлашган. Бу қишлоқдан ҳам жуда кўплаб олимлар чиқиб, ал-Ғубдиний нисбаси билан фаолият юргизганлар.

Усманд. Уструшананинг Боркас қишлоғига 2 фарсах масофада жойлашган қишлоқларидан бири. Бу қишлоқ Самарқанд ҳудудига яқин жойда бўлганлиги боис кейинчалик шу ҳудудга қараган.

Шийракас. Уструшананинг қишлоқларидан бири.

Шунингдек, Уструшанада Арсъаникат, Куркат, Ғазақ, Фағкат каби қишлоқлар ҳам мавжуд бўлган.

Тарихий манбаларнинг гувоҳлик беришича, IX–XIII асрлардаёқ бу воҳадан юзлаб жуда салоҳиятли олиму фузалолар, саркардалар, қозию элчилар, савдогару ҳунармандлар етишиб чиққан. Уструшана подшоси афшин Ҳайдар ибн Қавус 220/835-225/840 йилларда шимолий Эрон, Озарбайжон, Арманистон ҳудудларини, Рум давлатини халифаликка бўйсундирган бош қўмондон бўлган. Абу Саж ибн Девдаст IX асрнинг охири – X асрнинг биринчи ярмида Озарбайжондаги Сажлар давлатига асос солган. Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг шахсий қўриқчиси ҳам жиззахлик Турдибек Юсуфбек ўғли бўлган.

Соҳибқирон Амир Темур замонида вилоятнинг шаҳар ва қишлоқлари яна обод бўлди. Деҳқончилик, ҳунармандчилик, савдо-сотиқ ривожланиб, кўплаб мадраса, масжидлар қурилган. Амир Темурнинг ҳордиқ олиш ва ов қилишда севимли манзиллари ҳисобланмиш Бахмал, Зомин туманлари, Молгузар тоғининг шимолий ён бағрларида боғлар яратилган. Молгузарнинг шимолий биқинидаги Олтиҳовуз манзилида Соҳибқирон Амир Темур бобомиздан ёдгор қолган баҳайбат ёнғоқ дарахти ҳали-хануз ҳосилдор мева беради. Жиззах вилоятида Мирзо Улуғбек ва Абдуллахон II нинг хотира ёзувлари сақланган. Шунингдек, вилоят ҳудудида 372 та маданий мерос объектлари, шундан 42 та тарихий обида ва муқаддас зиёратгоҳлар, 267 та археологик манзилгоҳлар, 63 та монументал ёдгорликлар мавжуд эканлиги аниқланди.

Зиёратгоҳлар ҳар бир халқнинг миллий қадрият-ларини ўзида мужассам этган муқаддас жойлар сифатида муҳим аҳамият касб этади. Жумладан, Саад ибн Абу Ваққос, Парпи ота, Хўжамушкент ота, Новқа ота, Ўсмат ота, Саид Мир Халилиллоҳ ота, Хўжабоғбон ота, Жондаҳар ота, Кўк тўнли ота, Хўжаи Сароб ота, Хожа Шоҳимардон Шердор, Саййид Бурҳониддин Қилич, Хожа Қаҳҳор вали, Чўқмозор ота, Сайфин ота, Арчамозор ота, Ғубдун ота, Парпи ойим, Қоплон ота, Нарвон ота, Қулфисар ота, Чанговул бобо, Қирқчилтон, Қобулмозор, Қум ота, Бобоякка, Бешбулоқ ота сингари зиёратгоҳлар халқ меъморчилигининг нодир намуналари сифатида ўзбек халқининг миллий маданий ёдгорликлари ҳисобланади.

Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, бутун мусулмон Шарқидаги маданий марказлар қаторида кўҳна Уструшана ҳам тарихда Мовароуннаҳрдаги йирик маданият марказларидан бири сифатида ном қолдирган. Бу ерда адабиёт, тасаввуф фанлари билан бир қаторда ҳадис, тафсир ва фиқҳ илмлари ҳам ривожланган. Бу ҳол дунёда юз берган ўзгаришлардан Уструшана минтақаси четда қолмаганлигини, ўзга диёрларда пайдо бўлган маданий тараққиётдан маълум даражада баҳраманд бўлиб турганлиги ва ўз навбатида, Уструшанада ҳам турли илмлар ва маданият ривожланиши билан бирга ҳунармандчилик, иқтисодий муносабатлар ва савдо-сотиқ ҳам кенг тараққий этганлигини тасдиқлайди.

Ўрта аср араб манбалари асосида Уструшана – Истаравшан шаҳри эмаслиги, балки Уструшана Самарқанднинг олди ва Сайҳун дарёсининг қуйи қисмидаги катта бир вилоят эканлиги аниқланди. Тадқиқот натижаларига кўра, Уструшана минтақасининг ҳозирги жойлашган ҳудуди Жиззах ва Сирдарё вилоятлари ҳудудини ўз ичига олади, деб хулоса қилинди.

Тожикистонлик тадқиқотчилар В.В. Бартольднинг юқоридаги фикрига таяниб, Бунжикат – Панжикет ёки Шаҳристон деб таъкидлашлари тўғри эмас. Ўрта аср араб манбалари асосида шаҳарнинг ҳозирги кунда жойлашган маскани Жиззах вилоятининг Бахмал тумани бўлганлигини қайд этиш мумкин.

Ёзма манбаларда келтирилган маълумотлар ҳамда археологик тадқиқотларга таяниб, мазкур рисолада ўрта асрларда Уструшана минтақаси таркибида бўлган 3 та катта шаҳар, 4 та шаҳарча, 22 та қишлоқ ҳақида қисқача таъриф берилди.

[1]Бахмал – Жиззах вилоятида 1943 йил 8 майда ташкил этилган туман. Ғаллаорол, Жиззах, Зомин туманлари, Самарқанд вилояти ва Тожикистон Республикаси билан чегарадош. Майдони 1,86 минг км. Аҳолиси 91,8 минг киши (2000 й.). Бахмал туманида 1 шаҳарча (Усмат) ва 10 қишлоқ фуқаролари йиғини бор. Маркази – Усмат шаҳарчаси. Ўзбекистон миллий энциклопедияси. 1-жуз. 651-бет.

 

Муслим Атаев,

тарих фанлари номзоди,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Фатво бўлими ходими

 

Кеча Қарши давлат университетида вилоятдаги 182 та масжид имом-хатиблари, жамоат ташкилот вакиллари ҳамда талаба ёшлар иштирокида “Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар: моҳият ва мақсадлар” мавзуида семинар-йиғилиш бўлиб ўтди.

Семинарда Ўзбекистон Республикаси Президенти девони масъул ходими К.Шермуҳаммедов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим бошлиғи Х.Ишматбеков, вилоят ҳокимлиги масъул ходимлари, вилоят маънавият ва маърифат маркази раҳбари Л.Саодатова, вилоят ИИБ ходимлари ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби Р.Усмонов, ОАВ вакиллари иштирок этди. Семинарни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби Р.Усмонов бошқариб борди.

Семинарда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Президенти девони масъул ходими К.Шермуҳаммедов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим бошлиғи Х.Ишматбековлар Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 19 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида кўтарилган сиёсий, диний,ижтимоий ва яна бошқа кўплаб соҳалардаги муҳим масалалар ҳақида сўзлаб бердилар. Шунингдек, бугунги кунда диний ходимларнинг ўз устида тинимсиз ишлаши, касбий малакаси ва маҳоратини мунтазам ошириб, мўмин-мусулмонларни ҳалол-покликка, инсоф-диёнатга, бугунги осуда ҳаётимизни қадрлаб яшашга даъват этувчи чинакам тарғиботчига айланиши учун барча шароитлар яратиб берилгани, яқинда ўз фаолиятини бошлаган Самарқанд вилоятидаги ҳадис ва калом мактаблари, Қашқадарёдаги ақида илми мактаби, Фарғонадаги ислом ҳуқуқи мактаби, Бухородаги тасаввуф мактаблари – буларнинг барчаси ана шу эзгу мақсад-муддаонинг рўёби йўлида амалга оширилаётганини тушунтирилди. Шу билан бирга, 2017 йил 15 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида мамлакатимизда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида белгиланган вазифалар ижроси, бу борада мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида ҳар бир маҳаллани жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантириш, бу борада бефарқлик, лоқайдлик ҳолатларига барҳам бериш жамиятда тинч ва осойишта ҳаётни таъминлаш борасида давлат ва жамоат ташкилотлари олдида турган долзарб масалалар белгилаб берилгани, ҳар бир фуқаро онгида “Менинг маҳалламда жиноят содир бўлмаслиги керак” деган туйғуни шакллантириш ғоят муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди.

ЎМИ Қашқадарё вилоят вакиллиги

Матбуот хизмати.

nasafziyo.uz

Среда, 22 Ноябрь 2017 00:00

Болангизни дуо қилинг!

Болалар тарбиясига доир фойдали маслаҳатлар

Дуо – ибодатдир. Барча ибодатларни адо этиш қонун-қоидалари бўлгани каби дуо қилишнинг ҳам ўзига яраша хос одоблари бор. Дуо одоблари хусусида кўплаб оятларда баён қилинган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилинган:  «Раббингизга зорланиб ва хуфёна (овозсиз) дуо қилингиз! Зеро, У (дуода ва бошқада) ҳаддан ошувчиларни ёқтирмагай. Унга (Аллоҳга) ҳам қўрқинч ва ҳам умид билан дуо қилингиз! Аллоҳнинг раҳмати эзгу иш қилувчиларга яқиндир» (Аъроф, 55-56).

Дуо асносида Аллоҳнинг гўзал исмларини такрор-такрор айтиш ҳам дуонинг мустажоб бўлишига бир сабаб бўлиб, бу хусусда Қуръони каримда: «(Эй, Муҳаммад!) Айтинг: “Аллоҳ, деб чорлангиз ёки Раҳмон деб чорлангиз. Қандай чорласангиз ҳам (жоиздир). Зеро, Унинг гўзал исмлари бордир» – деб марҳамат қилинган (Исро, 110).

Дуода тинчлик, офият, саломатлик билан бир қаторда, дунё ва охират яхшиликларини сўраш лозим. Зеро, Аллоҳ таолонинг Ўзи Қуръони карим орқали бизларга таълим сифатида: «...Эй, Раббимиз, бизга бу дунёда ҳам яхшилик ато этгин, охиратда ҳам яхшилик (ато этгин) ва бизни дўзах азобидан асрагин» (Бақара, 201), деган дуони ўргатган.

Шунингдек, дуони Аллоҳга ҳамд ва Пайғамбар алайҳиссаломга салавот айтиш билан бошлаб, яна шулар билан тугатиш суннатга мувофиқ ва мустажоб бўлишга асосдир. Ой ва кунлар ичида дуолар мустажоб бўладиган махсус вақтлар ҳам борки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам буларнинг баъзиларини айтиб берганлар. Жумладан, азон билан иқомат ўртасида, саҳар вақтида, жума кунида, Шаъбон ойининг ярмидаги тунда, Қадр кечасида, шунингдек, Арофот, Мино, Муздалифа каби муқаддас даргоҳларда қилинган дуоларнинг юқорида зикр қилинган шартлар бажарилган тақдирда ижобат бўлишига шубҳа йўқ. Шундай экан, ана шу вақтларни ғанимат билиш муқсадга мувофиқдир.

Муслим Атаев,

тарих фанлари номзоди,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Фатво бўлими ходими

 

Ҳуқуқбузарлик профилактикаси ва жиноятчиликка қарши кураш борасидаги вазифалар ижроси ҳамда мавжуд муаммоларни ҳал этиш масалалари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ўтказган видеоселектор бўйича Ўзбекистон мусулмонлари идорасида ҳам диний соҳа ходимлари иштирокида Диний идора раиси муфтий ҳазратлари бошчиликларида мажлис бўлиб ўтгани ҳақида 18 ноябрь куни хабар берган эдик.
Йиғилиш якунида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бугунги кунда жамиятимизда кузатилаётган сунъий уруғлантириш масаласига алоҳида тўхталиб: «Диний идорамизнинг Хотин-қизлар билан ишлаш бўлимига ушбу масала юзасидан мурожаатлар бўлмоқда ва Фатво бўлимига ҳам саволлар келиб тушмоқда. Ҳатто айримлар етти ёт бегона инсоннинг уруғидан ҳомиладор бўлиб, қилган иши жоиз эмаслигини билгач, энди нима қиламан, деб бош қотирмоқда. Хўш, сунъий уруғлантириш борасида динимиз таълимотида нима дейилади, қандай усули жоиз-у, қайсиниси ҳаром? Мўмин-мусулмонлар ҳам бу усуллардан фойдаланса бўладими? Шу каби саволларга батафсил жавоб берувчи, ушбу масалаларга аниқлик киритувчи барча ҳукм ва кўрсатмаларни ўз ичига олган фатво ишлаб чиқиш ва халқимизга етказиш зарурлигини” таъкидладилар.
Шунингдек, муфтий ҳазратлари аёллар ва ёш болаларга зулм қилиш каби жамиятимизда учраб турган ноҳуш холатлар оғир гуноҳ экани, шунингдек, ғарбдан кириб келаётган миллий ва диний қадриятларимизга мутлақо тўғри келмайдиган энг жирканч иллатларга қарши фатволар эълон қилиш орқали курашиш муҳимлигини алоҳида қайд этиб ўтдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Бугун, 22 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Президент Мун Чжэ Иннинг таклифига биноан давлат ташрифи билан Корея Республикасига борганлари ҳақида хабар берилди. 

Давлатимиз раҳбари шарафига Сеул шаҳри аэропортида икки давлат байроқлари кўтарилиб, фахрий қоровул саф тортган. Давлатимиз раҳбарини Корея Республикасининг расмий шахслари кутиб олди. Маросимдан сўнг Ўзбекистон делегацияси ўзи учун ажратилган қароргоҳга йўл олган. 

Ушбу ташриф Ўзбекистон–Жанубий Корея ўртасида мунтазамлик касб этган олий даражадаги учрашувларнинг мантиқий давоми бўлиб, давлатларимизнинг ўзаро алоқаларига доир кенг кўламли масалаларни муҳокама қилиш, ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилаш, долзарб минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашиш имконини бермоқда. 

Олий даражадаги музокараларда ўзаро ҳамкорликнинг кенг кўламли масалалари, сиёсий, савдо-иқтисодий, молиявий-сармоявий, илмий-техникавий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги давлатлараро алоқаларни янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилиш, минтақавий ва халқаро муаммолар юзасидан фикр алмашиш кўзда тутилган.

Ташриф доирасида Давлатимиз раҳбари Корея Миллий Ассамблеяси Спикери Чон Сэ Гюн ва Корея Республикаси Бош вазири Ли Нак Ён билан учрашиши, икки давлатнинг етакчи иқтисодий ва молиявий тузилмалари раҳбарлари, йирик ишбилармонлар иштирокидаги Ўзбекистон – Жанубий Корея бизнес форумида иштирок этиши кўзда тутилган. 

Ташриф якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси Президентларининг Стратегик шерикликни ҳар томонлама ривожлантириш тўғрисидаги қўшма баёноти қабул қилиниши, шунингдек, турли соҳалардаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга доир кўплаб ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар, тижорат келишувлари ва шартномалари имзоланиши кутилмоқда.

ЎМИ матбуот хизмати

 

Янгиликлар

Top