muslim.uz

muslim.uz

26 ноябрь куни Ҳиндистон пойтахти Нью-Деҳли “Қуръони каримнинг оламшумуллиги” доирасидаги халқаро анжуманни ўтказишга мезбонлик қилади. Ушбу анжуманни Ҳиндистондаги  Қуръони карим илмларини тадқиқ этишга оид “Ямоний” маркази ташкиллаштириб, унда Ҳиндистон ва бошқа давлатлардаги Қуръони карим илмлари бўйича етук мутахассислар ва Ислом университетлари мударрислари иштирок этади.

Анжуманда Муҳаммад Иноятуллоҳ Субҳоний, Саййид Абдуллоҳ Ториқ, Ислом Абдуллоҳ ва Саййид Ториқ Надавий каби Қуръони карим илмлари бўйича етук тадқиқотчи олимлар иштирок этади.

“Қуръони каримнинг оламшумуллиги” доирасидаги халқаро анжуманнинг олдинги давра йиғилиши 2015 йилда ўтказилиб, унинг мавзуси “Қуръони карим ва табиат” деб номланган эди. 

Халқаро алоқалар бўлими ходими 

И.Аҳмедов тайёрлади

Кеча Тошкент ислом институтининг Ахборот-ресурс маркази ташаббуси билан “Янги аср авлоди” нашриёт-матбаа маркази ҳамкорлигида китоб кўргазма савдоси ташкил этилди.

Кўргазмада Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими мутахассислари, институт жамоаси ҳамда “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти устоз ва талабалари иштирок этди.

“Янги аср авлоди” нашриёт-матбаа марказида чоп этилган китоб-журналлар ўзининг ранг-баранглиги билан алоҳида ажралиб турди. Нашриёт-матбаа марказининг “Ёшлар матбуоти” савдо тармоғи ходимлари кўргазма иштирокчиларига 350 номдаги 1550 дона “Ёшлар кутубхонаси”, “Заковат дурдоналари”, “Саломатлик”, “Мактабдан ташқари ўқиш” рукнларидаги адабиётларни, жаҳон ва болалар адабиёти дурдоналари, инглиз, немис, рус ва корес тилларидаги луғат ва бадиий китоблар, оила психологияси, тарих, ҳуқуқшуносликка оид китоблар, шеърий тўпламлар, халқ табобатига оид китоблар ҳамда синфдош журналларини тақдим қилдилар.

Институтда бу каби китоб кўргазмаларини ўтказиш йўлга қўйилгани устоз ва талабаларнинг вақти ҳамда нақдини тежаётгани ва албатта талабалар дуёнқараши ривожланишида катта омил экани эътироф этилмоқда. Шунингдек, китоб кўргазмалари юртимиздаги нашриётлар фаолияти ва уларда чоп этилаётган янги китоблар билан яқиндан танишишда шароит яратмоқда.  

Камолиддин МАҲКАМОВ,

Тошкент ислом институти АРМ мудири

 

Япония ҳукумати Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида жойлашган “Фозил-Ота” қабристони қоровули Мироқил ота Фозиловни император ордени билан тақдирлади. Бу ҳақда Япониянинг Ўзбекистондаги элчихонаси хабар берди. 

Хабарда Мироқил ота Фозилов “Кумуш нурларга эга чиқиб келаётган қуёш” ордени билан Ўзбекистонга юборилган японияликлар ҳақида тарихни сақлаб қолиш ва қабристонни қўриқлашдаги хизматлари учун тақдирлангани айтилган. 

75 ёшли Мироқил ота Фозилов 40 йил давомида Иккинчи жаҳон урушидан сўнг Тошкентга келиб қолган япон фуқаролари, асосий ҳарбий асирлар қабрларини обод қилиб келган.

ЎМИ матбуот хизмати

Саудия Арабистони ҳукумати Умра мавсуми учун Пайғамбар масжиди тайёр ҳолга келтирилганини маълум қилди.

Саудия Арабистони подшоҳи Салмон ва шахзода Муҳаммад бин Салмоннинг фармонига асосан Мадинадаги Пайғамбар масжиди ишлари бўйича Кенгаш Умра мавсуми учун тайёргарликни якунига етказди. 

Saudi Gazette нашрининг хабарига кўра, бугунги кунда зиёратчилар учун масжиднинг барча эшиклари очилган. Масжиддаги эшиклар сони 100 тани ташкил этади. 

Кенгаш раисининг ўринбосари фикрига кўра, масжидга имконияти чекланган шахсларнинг келиши учун барча шароитлар яратилган. Бундан ташқари, масжид ичи ва унинг атрофида тозаликка риоя қилинишини таъминлаш чоралари кўрилган. 

Муҳаммад (салоллоҳу алайҳи васаллам) пайғамбаримиз кутубхонасида сақланаётган барча китоблар, овозли адабиётлар зиёратчиларнинг фойдаланишлари учун очиқ бўлиши айтилмоқда.

ЎМИ матбуот хизмати

Болалар тарбиясига доир фойдали маслаҳатлар

Боланинг қобилиятига эътибор қилиш. Гўдакнинг ҳолига қараб иш тутиш, уни қайси ишларга қобилияти бор, нималар қилишга тайёр эканига аҳамият бериш керак. Шариатда изн берилган ҳар қандай юмушни унга юклаб қўявермаслик керак. Чунки унга қўлидан келадиган ишдан бошқаси юкланса, у ишни бажара олмайди ва қобилияти етадиган нарсани қўлдан бой беради. Агарда валий болани фаҳму фаросати ўткир, идроки дуруст, хотираси яхши, тўғри англайдиган ва билимга рағбатли деб билса, бу унинг илмни қабул қилишга тайёрлигининг аломатидир. Модомики, қалб лавҳаси фориғ бўлиб турганда, унга илмни нақш қилсин. Токи, илм қалбга муҳрлансин ва тобора ривожланиб борсин.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай марҳамат қилганлар: «Аллоҳ таоло илмни бандалардан тортиб олмайди, уни уламоларни маҳв қилиш йўли билан тортиб олади. Одамлар биронта ҳам уламо қолмаганидан динни тушунмайдиганларни ўзларига бошлиқ қилиб оладилар. Сўнг улардан сўрайдилар. Улар билмасдан фатво айтадилар. Ўзлари ҳам адашиб, ўзгаларни ҳам адаштирадилар». Буюк файласуф Суқрот: «Дунёдаги барча адашишларнинг бош сабабчиси илмсизликдир», деган.

Умар ибн Абдулазиз розияллоҳу анҳу Абу Бакр ибн Ҳазм розияллоҳу анҳуга шундай деб ёзган эди: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтган сўзларнинг ҳаммасини кўриб чиқиб, ёзиб боргин, чунки мен уламоларнинг вафотидан сўнг илмнинг йўқ бўлиб кетишидан қўрқаяпман. Фақат Расулуллоҳ ҳадислари қабул қилинсин! Уламолар илм ўргатишга, илм тарқатишга киришсинлар, билмаганларга ўргатсинлар, зеро, илм сир тутилмас экан, ҳалокатга учрамайди!»

Агарда боланинг илмга лаёқати ва рағбати йўқ эканини сезса, бироқ унда баҳодирлик ва от миниш, ўқ отиш, найза ўйнатиш каби ишларга қобилият кўринса, унга шу соҳа билан шуғулланиш ва машқ қилиш лозим бўлади. Мана шу иш унга ва мусулмонларга фойдалироқдир. Борди-ю аксинча, уни бундай ишларга қобилияти йўқ эканини кўрса ва унинг мусулмонларга фойдали бўлган бирон-бир ҳунарни эплаб кетишига ақли етса, ўшанга йўл очиб берсин.

Булар унга кифоя этадиган зарур даражадаги диний билимни ўргатилгандан кейинги ишлардир. Бу вазифаларни бажариш ҳар бир кишининг қўлидан келади. Бандалар устида Аллоҳнинг ҳужжати қоим бўлиши учун мана шундай осон қилингандир. Бандалар устида Аллоҳнинг мўл-кўл неъмати бўлганидек, Унинг етук ҳужжати ҳам улар устида барқарордир.

Болаларни ҳаромдан йироқ қилиш. Болани ипакдан тайёрланган кийимлар кийишдан узоқлаштиришга сабаби шуки, бу унинг тарбиясини бузади ва аёлмижоз қилиб қўяди. Шунингдек, баччабозлик, ароқхўрлик, ўғрилик ва ёлғон ҳам уни хотин мижозга айлантиради. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай дедилар: «Ипак ва тилла умматимнинг эркакларига ҳаром қилинди, аёлларига ҳалол қилинди». (Абу Довуд, Насоий, Ибн Можа ва бошқалар ривояти). Гўдак мукаллаф бўлмаса-да, унинг валийси мукаллафдир. Валийнинг бола учун ҳаромга йўл очиб қўйиши ножоиздир. Негаки, бола шунга одатланиб қолса, ундан ажралиши оғир бўлади. Бу олимларнинг айни масала юзасидан айтган сўзларининг энг тўғрисидир. Ипак кийиш болага ҳаром бўлмайди, дейдиганлар: «Чунки у мукаллаф эмас, унинг ҳам ипак кийиши ҳаром бўлмайди», – дейдилар. Бу сўз энг фосид қиёсдан келиб чиқади. Ахир, гўдак мукаллаф бўлмагани билан мукаллаф бўлишга тайёрланаяпти-ку! Шунинг учун унга таҳоратсиз, яланғоч ёки нажосатли ҳолда намоз ўқиш, ароқ ичиш, қимор ўйнаш ва баччабозлик қилишга йўл қўйилмайди.

Муслим Атаев,

тарих фанлари номзоди,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Фатво бўлими ходими

Янгиликлар

Top