muslim.uz
Чин дўст
Анвар ва Умар саҳрода бир неча кун юришди. Улар сув тугагандан сўнг икки кун йўлда давом этишди. Чанқоқ уларни силласини қурутди. Қуёш оташ каби уларни ёндирарди. Бераҳм саҳронинг қумлари эса оёқларини куйдирарди. Улар ташналикдан қийналиб, қадам-бақадам умидсизланиб боришарди. Иккиси ҳам сувга олиб борадиган энг яқин йўл ҳақида пичирлашарди. Анвар: “Бу энг яқин йўл”, деб қўли билан кўрсатса, Умар қарши томонга ишора қиларди. Фикрлари бир жойдан чиқмаган дўстлар жанжаллашиб қолишди. Бу эса Анвар дўстининг юзига бир тарсаки уруши билан якунланди. Умар унга жавоб қайтармай, қумга: “Бугун дўстим билан тортишиб қолдим. Шу учун, у мени юзимга бир тарсаки урди”, деб ёзиб қўйди.
Икки дўст йўлда давом этишди. Узоқда анҳор кўринди. Анвар югура бошлади. Умар ҳам дўстининг ортидан чопиб, ундан ўзиб кетди. Умарни ташналик ва чанқоқ шу қадар азоблагандики, у сузишни билмаслигини унутиб, ўзини анҳорга отди. У сувга тушдию чўка бошлади. Анвар келиб, дўстини қутқарди.
Умар чўнтагидан пичоқ олиб, ҳарсанг тошга: “Бугун дўстим менинг ҳаётимни сақлаб қолди”, деб ёзиб қўйди. Унинг бу ишидан дўсти ҳайрон бўлиб: “Юзингга тарсаки урганимда қумга ёздинг. Жонингни сақлаб қолганимда эса, тошга ёзяпсан?”, деди. Умар: “Юзимга урганинг бир ҳодиса эди халос. Шамол келиб, ёзувни ўчириб юборади. Худди шунингдек, тарсаки ҳам ёдимдан ўчирилади. Лекин, ўлимдан асраб қолганинг улуғ иш. Шу боис уни тошга ўйиб ёздим. Бу ёзув тошдан ўчмаганидек, менинг ёдимда ҳам абадий қолади. Зеро, Яхши дўст хатоларни унитиб, гўзал сифатларни ёдда сақлайди”, деди.
Марғилон шаҳридаги "Қутайба ибн Муслим"
жоме масжиди имом хатиби Турсунбой ҒАНИЕВ
Самарада масжид қурилишига рухсат берилмади
Самара маъмурияти мусулмонлар диний-маърифий бошқармасига Мехзавод ҳудудида масжид қуриш учун рухсат бермагани хабар қилинди.
Бу ҳақдаги қарор матни Самара шаҳар маъмуриятининг расмий сайтида оммага эълон қилинди. Шаҳар маъмурияти қурилишга “йўқ” дейилишига шаҳар аҳолисининг кўпчилик қисмининг фикрига асосланганини айтиб ўтган.
Самаралик фаоллар томонидан шаҳар раҳбари Олег Фурсовга мурожаатнома ёзилган ва бу расмий таъқиқнинг сабаби экани айтилган. Шу сингари масжидлар қурилишига қаршиликлар Россия Федерациясининг бир нечта шаҳарларида юз берган эди.
Масъулият юкини ҳис этган толиби илмлар
Бугун Тошкент ислом институтида Махсус сиртқи бўлимга 2017-18 ўқув йили бошланаётгани муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирга Ўзбекистон мусулмонлари идораси, “Мовароуннаҳр” нашриёти ходимлари, “Кўкалдош” мадрасаси мударрислари, институтда таълим олган, бугунги кунда фаол меҳнат қилиб, илму маърифат тарқатаётган олиму уламолар, мусулмонлар идорасига узоқ йиллар меҳнати сингган, ҳозирги кунда эса кексалик гаштини сураётган фахрийлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари таклиф қилинди.
Меҳмонлар йиғилиб, ҳамма ўз жойини эгаллагач, Ўзбекистон Республикасининг Давлат Мадҳияси янгради.
Қуръони каримдан тиловат қилиниб дуолар қилингач институт ректори Уйғун Ғафуров тадбирни очиқ деб эълон қилди ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларига сўз берди.
Талабаларга эзгу тилаклар билдирган муфтий ҳазратлари юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, хусусан, диний соҳага қаратилаётган эътибор борасида ҳам сўз юритиб, ана шу жараёнларда ҳар бир кишининг, айниқса, имом-хатибларнинг ўрни, бажарган ишлари кўзга ташланиб туриши зарурлигини таъкидладилар. Бунинг учун эса уларнинг илми зўр, дунёқараши бой, нутқи равон бўлмоғи зарурлигига урғу бериб, эндиликда ўқиш – дарс жараёнлари ҳар доимгидан-да кучли, талаб қаттиқ бўлишини айтаркан, жумладан бундай дедилар: “Биз ўз олдимизга Имом, Имом Мотуридий... каби олимларни етиштиришни вазифа қилиб олиб, шу ишга бел боғладик ва Аллоҳдан астойдил сўраб ҳаракат этмоқдамиз”. Бунинг учун сизга ҳамма шароит муҳайё қилинган. Сиздан талаб қилинадигани эса фақат ўқишу уқиш ва ижодкорлик фаолиятидир”.
Шундан кейин Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Ўткирбек Ҳасанбоев, Ўзбекистонда Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Мунавваровлар табрик сўзлари айтиб, талабаларга илм олишдек шарафли ва машаққатли ишларида муваффақиятлар тилашди.
Сўнгра муфтий ҳазратлари Махсус сиртқи бўлим талабаларига рамзий талабалик гувоҳномасини топширдилар.
Кириш имтиҳонида энг юқори балларни қўлган киритган талабалар – Навоий вилояти бош имом-хатиби Тоҳиржон Рўзиев ва Зангиота тумани имом-хатиби Нурали Мавлоновлар сўзга чиқиб, устозларга ўзбек ва араб тилларида миннатдорчилик билдирганларидан кейин муфтий ҳазрат дуои хайр қилаётиб ёш талабаларга ибрат учун бундай дедилар: “Тоҳиржон Рўзиев ҳам деҳқон, ҳам имом-хатиб, ҳам талаба. Бу – шариату тариқатга маҳкам амал қилиб келган боболаримизнинг аъмоли: ҳам ҳалол меҳнат қилиб тирикчилигини ўтказади, ҳам халққа илм ўргатади, ҳам ўзи илм ўрганади”. Арабчада ниҳоятда фасоҳат билан гапириб муаззам шоиримиз, марҳум Эркин Воҳидовнинг ҳаёт моҳияти ҳақидаги дилбар шеърини ифодали тарзда ўқиб берган Нурали Мавлонов ҳақида ҳам чиройли гапларни гапириб кейин дуога қўл очдилар.
ЎЗБЕКИСТОН МУСУЛМОНЛАРИ ИДОРАСИ РАИСИ, МУФТИЙ УСМОНХОН АЛИМОВ ҲАЗРАТЛАРИНИНГ УШБУ БАЙРАМ ТАДБИРИДА СЎЗЛАГАН НУТҚИ
Бисмиллаҳир раҳмонир раҳим
Мўмин-мусулмон бандаларига илм олишни фарз қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин, “Уламолар пайғамбарларнинг меросхўрларидир” деган Ҳабибимиз, икки дунё сарвари Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламга ва у зотнинг оилалари ҳамда саҳобаларига дуруду салавотларимиз бўлсин.
Ассалому алайкум, азиз меҳмонлар, устозлар, толиби илмлар ва имом домлаларимиз!
Барчамизга маълумки, бугунги кунда юртимизда барча соҳаларда кенг кўламда ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айниқса, диний соҳадаги улкан ислоҳотлар ва ютуқларни санаб саноғига ета олмаймиз. Албатта, бу ислоҳотлар диний соҳа вакиллари зиммасига катта масъулиятни юклайди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси бошчилигида диний таълим муассасалари мударрислари, имом домлаларимиз ва шу соҳа вавиллари ҳам давлатимиз томонидан диний соҳага берилаётган катта эътиборга жавобан, юртимиз равнақи ва халқимиз маърифати ривожи йўлидаги ислоҳотларга ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар.
Ҳозирда идора тасарруфида 11 та диний таълим муассасаси мавжуд бўлиб, улар замонавий талабларга жавоб беради. Бугун ёшларимизнинг диний таълим олишлари учун ҳам барча шароитлар яратиб берилди. Ўзбекистонда диний таълим тизими жадал ривожланиб, мутлақ янги босқичга кўтарилди. Ушбу тизим нафақат қўшни мамлакатлар, балки, кўпгина хорижий давлатлар учун ҳам ўзига хос тажриба намунасига айланди.
Мисол тариқасида кейинги бир йил ичида диний таълим соҳасида эришилган ютуқларни зикр этсак:
- Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан Бухорода Мир Араб Олий мадрасаси ташкил этилди. Бу ўқув йилида 60 нафар талаба ўқишга қабул қилинди.
- Ўрта махсус диний маълумот билан биргаликда олий дунёвий маълумотга эга имом-хатиб ва педагог-ўқитувчи вазифаларида фаолият олиб бораётган кадрлар тўлиқ олий диний маълумотга эга бўлишлари учун Тошкент ислом институтида 6 ойлик қайта тайёрлаш курслари очилиши арафасида турибди.
- Республикамизда фаолият юритаётган икки мингдан зиёд масжидларни олий диний маълумотга эга имом-хатиблар билан таъминлаш учун Тошкент ислом институтида 3 йиллик махсус сиртқи бўлим ташкил этилди. Мана бугун биз мазкур сиртқи бўлим очилишининг гувоҳи ва шахсан иштирокчиси бўлиб турибмиз.
- Идора томонидан Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларини илмий-мафкуравий салоҳиятга эга бўлган юқори малакали кадрлар билан таъминлаш, диний таълим муассасалари ходимлари ва республика масжидларида фаолият кўрсатаётган имом-хатибларни илмий-тадқиқот ишларига жалб қилиш, қуръоншунослик, ҳадис, фиқҳ, ақида йўналишлари бўйича илоҳиётшунослик фанлари докторлари ва тадқиқотчиларни тайёрлаш йўлга қўйилмоқда.
- Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбариятининг ташаббуси билан интернет орқали Ақида, Тафсир, Фиқҳ, Сийрат, Ҳадис ва Араб тили фанларидан онлайн шаклда дарслар ташкил этилди.
Шунингдек, Самарқанд вилоятида "Ҳадис илми мактаби" ва "Калом илми" мактаби,
Фарғона вилоятида "Ислом ҳуқуқи" мактаби;
Бухоро вилоятида "Тасаввуф" мактаби;
Қашқадарё вилоятида "Ақида илми" мактаби ташкил этилди.
Аллоҳ таолодан бу каби янгиликларни бардавом қилишини сўраб, бугунги кунда ўқишни бошлаётган имом домлаларимизга ўқишларида муваффақиятлар тилаб қоламиз.
Эътиборингиз учун раҳмат.
Вассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ.
http://old.muslim.uz/index.php/yangiliklar-2016/dunjo-yangiliklari/itemlist/user/280-muslimuz?start=7735#sigFreeId0388897073
Зиёрат туризми бўйича ассоциация ташкил этилади
2017 йил 2 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида зиёрат туризмини ташкил этиш бўйича қилинаётган ишларни жадаллашлатириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва юртимиздаги энг етакчи сайёҳлик фирмалар иштирокида ишчи йиғилиш ўтказилди.
Йиғилишни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Ш.Миноваров очиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 август кунги «2018-2019 йилларда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилиниши давлатимиз томонидан туризм соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлиб, туризм соҳасини жадал ривожлантириш учун қулай муҳитни шакллантирган ҳолда юртимизга келадиган сайёҳлар оқимини кўпайтириш йўналишида зиёрат туризми ташкил этилаётганини таъкидлади.
Шунингдек, мусулмон давлатлари, айниқса, Малайзия, Индонезия каби мамлакатлардан Ўзбекистондаги муқаддас қадамжоларга сайёҳларни жалб қилиш бўйича ишлар жадал кетаётганини алоҳида қайд этди. Ш.Миноваров сўзида давом этиб, бу бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси, “Ўзбектуризм” ташкилоти билан ҳамкорликда амалий ишлар олиб борилаётганини маълум қилди. Жумладан, мамлакатимизда зиёрат туризми ассоциация ташкил этиш бўйича саъй-ҳаракатлар бошланганини билдирди.
Мажлис иштирокчилари йиғилишда сўзга чиқиб, зиёрат туризми бўйича гидларни қайта тайёрлаш, маълумотнома китобчаларининг янги таҳририни нашр этиш, тарқатма материаллар, буклетлар, баннерлар, слайдлар тайёрлаш, муборак қадамжоларни зиёрат этиш одобларини ишлаб чиқиш, аэропорт ва виза бериш хизматларини енгиллаштириш ҳамда хорижий ҳамкорлар, элчихоналар билан алоқаларни ривожлантириш масалалари юзасидан ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдиришди.
Шунингдек, зиёрат туризми бўйича хориж давлатлари тажрибасини ўрганиш, чет эл мамлакатларида ташкил этилаётган сайёҳлик кўргазмаларида қатнашиш ва реклама тадбирларини самарали ташкил этиш бўйича таклифлар қўллаб-қувватланди.
Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ҳукумат муҳожирлар аҳволига бефарқ эмас
Аввалроқ, Ўзбекистон Президентининг Давлат маслаҳатчиси бошчилигидаги делегация таркибида Тошкент шаҳар Бош имом-хатиби ўринбосари – “Носирхон” масжиди имоми Жасур Раупов Россияга меҳнат муҳожирлари билан учрашувларда иштирок этиш учун боргани ҳақида хабар берган эдик.
Ушбу ташриф чоғида Тошкент шаҳар Бош имом-хатиби ўринбосари Новосибирск вилоятидаги мехнат муҳожирлари истиқомат қилаётган умумий ётоқхоналарда якка тартибдаги суҳбатлар ташкил этди. Суҳбатлар диний экстремистик оқимлар борасида бўлди.
Шунингдек, миллатлараро тотувлик борасида Байналмилал клубида ўзбек жамоат бирлашмалари вакиллари билан учрашувлар бўлиб ўтди. Новосибирск вилоятининг губератори ўринбосари ва ҳукумат аъзолари билан учрашувлар 30-31 октябрь кунлари ташкил этилди.
Новосибирск шаҳридаги Хелок бозоридаги Хелок масжидида пешин намозидан кейин бир гуруҳ меҳнат муҳожирлари билан диний экстремистик оқимлар, ватанпарварлик, оиланинг мукаддаслиги мавзуларида маъруза қилинди.
Новосибирск филармониясининг залида ҳалол меҳнат қилаётган муҳожир ватандошлар билан катта учрашув ташкил этилди. Учрашувда огоҳлик давр талаби экани, ватанга садоқат, ҳалоллик, оилага вафодорлик мавзуларида фикрлар билдирилди.
Маълумот учун, Ўзбекистон делегациясининг Россияга сафари 30 октябрдан 9 ноябрга қадар давом этади. Улар Москва, Санкт-Петербург, Астрахань ва Новосибирск шаҳарларида учрашувлар ўтказадилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
матбуот хизмати