muslim.uz

muslim.uz

Жорий йилнинг  2-июль куни Польшада БМТнинг Фан, таълим ва маданият масалалари бўйича халқаро ташкилоти – ЮНEСКОнинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилиш кун тартибига кўра, Озарбайжон, Эрон, Иордания, Туркия ва Бирлашган Араб Амирликлари ва бошқа мамлакатлардаги қатор тарихий ҳудудларни Бутунжаҳон маданий ёдгорликлари рўйхатига киритиш масаласи кўриб чиқилди.

 

Фаластиннинг “Ал-Иброҳимий” масжиди жойлашган Ҳеврон ёки Ал-Ҳалил қадимий шаҳри Иордан дарёсининг ғарбий қирғоғида Иурессалимдан 30 км узоқликда жойлашган дунёдаги энг қадимий шаҳарларидан бири ҳисобланади.

 

Қўмитанинг 7-июл куни бўлиб ўтган сессиясида Ҳеврон шаҳри билан бирга Буркина-Фасода жойлашган В-Арли-Пенджари табиий қўриқхонаси ҳам ушбу рўйхатга киритилди.

Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси ЮНEСКО халқаро ташкилотига 1993 йилда аъзо бўлган эди. Ҳозирда юртимиздаги кўплаб тарихий ёдгорликлар, хусусан, Ичан қалъа, Бухоро ва Шаҳрисабзнинг тарихий марказлари, Самарқанд ва Ғарбий Тьян-Шан ҳудудлари Бутунжаҳон маданий ёдгорликлар мероси рўйхатига киритилган. 

 

Халқаро алоқалар бўлими

Жорий йилнинг 10-12 сентябрь кунлари Германиянинг Мюнстер ва Оснабрюк шаҳарларида самовий динлар уламолари иштирокида “Терроризмга қарши кураш ва бутун дунёда тинчликни сақлаш” мавзусида “Динлараро мулоқот” номли халқаро конференция бўлиб ўтади. Ушбу халқаро Конференцияни Германия канцлери Ангела Меркел ҳоним очиб беради.

Ушбу муҳим тадбирда Африка давлатлари номидан Нигерия Президенти Муҳаммад Бухорий, Европа Парламенти вакили Антони Таянилар ташриф буюришади.

Мазкур конференция мулоқот мавзусининг марказида динлараро ва маданиятлараро мулоқот, тинчлик ва осойишталикни сақлаш ҳамда фарқланишларга барҳам бериш масалалари қўйилган.

Конференция ташкилотчиларидан бири: “Дин бу – тинчлик ва осойишталикни таъминлайдиган, ўз ўрнида, одамларни бағрикенг бўлишга чақирадиган муқаддас таълимотлар йиғиндисидир. Ушбу конференция самовий дин вакиллари ўртасида ўзаро бирдамлик муҳитини шакллантиради”, дея таъкидлаб ўтди.

3 кун давом этиши кутилаётган ушбу халқаро конференциянинг тантанали ёпилиш маросими 12 сентябрь куни Оснобрюк шаҳар ҳокимлиги биноси қаршисида бўлиб ўтади.

Ўзбекистон мусулмонлар идораси

халқаро алоқалар бўлими

Milli.Az  хабарига кўра, Озарбайжонда меҳмон бўлиб турган Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларини Озарбайжон миллий мажлиси спикери Оқтай Асадов қабул қилди.

Спикер икки ўлка ўртасидаги муносабатларнинг янада яқинлаштириш учун Миллий мажлисда Ўзбекистон билан парламентлараро алоқалар бўйича ишчи гуруҳининг фаолият кўрсатаётганини сўзлади ва ҳар икки ўлка депутатларининг нуфузли халқаро анжуманларда тез-тез учрашиб, манфаатли масалалар юзасидан фикр алмашиб туриши икки томон учун ҳам фойдали бўлаётганини айтди.

Спикернинг сўзларига кўра, эътиборли меҳмонларнинг бу ташрифи икки ўлка орасидаги икки тарафлама муносабатларни, шу жумладан, диний соҳадаги алоқаларни янада ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшади. Озарбайжонда исломий қадриятларни ҳимоя қилиш ва ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда, деган О.Асадов. 2017  йил IV “Ислом бирдамлиги ўйинлари”нинг Озарбайжонда муваффақиятли ўтказилганига ҳам тўхталиб ўтди.

Дин ишлар бўйича Ортиқбек Юсупов спикерга миннатдорчилик билдириб, Ўзбекистонда диний соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар, янги очилаётган илмий, маданий марказлар, диний ўқув юртлари ҳақида атрофлича сўзлаб берди. Икки давлат парламентлари орасидаги муносабатлар равнақи дўст ва қардош бўлган икки халқнинг умумий манфаатларига хизмат қилишини билдирди. Шунингдек, Озарбайжонда исломий қадриятларга юксак ҳурмат-эҳтиром билан муносабатда бўлинаётгани ҳамда бу мамлакатда диний бағрикенглик теран илдиз отганини таъкидлади. У ўз сўзида мустақил Озарбайжон Кавказ минтақасида нуфуси энг кўп ва барқарор тараққиёт йўлига кириб олган, келажаги порлоқ  мамлакат эканига эътибор қаратди.

Жаноб Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Никоҳ менинг суннатимдир. Ким суннатимга амал қилмаса, у мен (умматим)дан эмас” (Ибн Можа ривояти).

Турмуш қуриш, оила тебратиш ва фарзанд тарбияси каби муҳим ишларда диний ва миллий анъаналаримизга, мамлакатимиздаги жорий қонун-қоидаларга амал қилган ҳар бир киши, аввало, ўз ҳаёт тарзи тинч-осойишта кечиши учун ишончли асосга эга бўлади.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг “Шаръий никоҳдан ўтиш одоблари” тўғрисидаги фатвосида: “Шаръий никоҳ шартларига давлатимизнинг никоҳ ва оила тўғрисида қабул қилган қарор ва қонунлари ҳам қўшилади. Масалан, келин-куёв шаръий никоҳдан олдин никоҳни қайд қилувчи давлат идоралари рўйхатидан ўтиб, расмий гувоҳнома олган бўлишлари лозим. Расмий никоҳдан ўтмаган, ФҲДЁ гувоҳномасига эга бўлмаган ёш оилалар ажрашиб, она боласи билан кўчада қолишини ҳисобга оладиган бўлсак, шаръий никоҳ шартларига ҳукумат томонидан берилган ФҲДЁ гувоҳномасининг бўлишини ҳам муҳим шартлардан бири деб эътибор қилиш ўринлидир. Имомларнинг ФҲДЁ гувоҳномасини суриштирмай никоҳ ўқишлари ёш оилаларнинг ижтимоий ҳуқуқларини камситиш бўлса, гувоҳномани кўриб, сўнгра никоҳ ўқишлари ҳуқуқий жамият барпо қилаётган бир вақтда ёш оилаларнинг ижтимоий ҳуқуқини муҳофаза қилишдир...”, дейилади.

Мамлакатимизда амалда бўлган Оила кодекси ҳамда қонунларда белгилаб қўйилган талаблар, шунингдек, ёшларнинг турмуш қуришдан олдин тиббий кўрикдан ўтишлари шарт қилиб белгиланишидан мақсад йигит ва қизларни оилавий ҳаётга ҳар жиҳатдан тайёрлашдир. Бу муҳим ижтимоий вазифани ота-оналар чуқур ҳис этишлари, фарзанд­лари­ни оила қуришга тайёр эканига тўла қаноат ҳосил қилиб, сўнгра никоҳдан ўтказишлари шарт.

Оилавий ҳаётнинг остонаси бўлмиш никоҳ доимо кенг мушоҳада ва тажрибали инсонлар билан кенга­шиб амалга оширилишининг фазилатлари кўп. Имом Байҳақий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) турмушга чиқаётган хотин-қизларнинг ўзлари билан маслаҳатлашиш кераклигини айтганлар. Маслаҳатлашиш қиздан куёвликка танланаётган йигит ҳақидаги фикрларини билишдангина иборат бўлиб қолмай, унинг келинлик масъулияти вазифаларини қандай тушуниши, уларни адо этишга уқуви, малакаси, соғлиги, хоҳиш-иродаси қай даражада эканини ҳисобга олиб, йўл тутишни ҳам тақозо этади.

Агар бўлажак келин балоғат ёшига етган бўлса-да, аммо оила, эр ва жамият олдидаги бурч ва вазифаларини англаш, теран тасаввур этиш даражасида бўлмаса, у оилада ҳам, жамиятда ҳам ўз ўрнини топа олмайди. Худди шу мулоҳаза йигитларга ҳам тааллуқлидир.

Балоғат ёши – бу камолот ёши дегани эмас. Турмушда моддий ва маънавий жиҳатдан қийналмай  ўрнини топиб олиши учун ёшлар мажбурий ўрта таълим босқичларини босиб ўтишлари, ундан сўнг уч йил коллеж ёки лицей таълимини олиб, маълум бир ҳунарни эгаллашлари керак. Зеро, динимиз таълимотларида ҳам илм олиш, маърифатли бўлиш, ҳаёт учун зарур бўлган барча кўникмаларни ҳосил қилиш ҳар бир қиз болага зарурлиги айтилган. Борди-ю, шундан олдин турмуш қурсалар, ўқиш, оила юмушлари, уй бекалиги ва бошқа ишларни бажаришга улгурмай қийналадилар. Илмли ва касб-ҳунарли аёлгина фарзандларига яхши тарбия бера олади.

Жисмонан ва маънан вояга етмасдан турмуш қурган қизларнинг ҳаёти оғир кечади. Эрта ҳомиладорлик, нимжон бола туғилиши, рўзғор юмушларидаги уқувсизлиги боис унга айтиладиган таънаю дашномлар охир-оқибатда аҳволини янада оғирлаштириб, тинкасини қуритади.

Яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ масаласига ҳам жиддий эътибор қаратиш лозим. Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) Соиб авлодларининг бир-бирлари билан қуда-анда бўлишларини кўрганда: “Фарзандларингиз заиф бўлмаслиги учун бегоналардан уйланинглар”, деганлар (Иброҳим Ҳарбий, “Ғариб ал-Ҳадис” китобидан). Бу насиҳат касаллик тарқалиб, одамлари заиф, нимжон бўлиб қолган қавмга қарата айтилган бўлса-да, ибратли томонлари кўплиги ҳаётда тасдиқланиб келмоқда. Чунки қуда-андачиликдан келиб чиққан муаммолар туфайли яқин қариндошлар орасига совуқчилик тушиши, улар юзкўрмас бўлиб кетишлари  кўп кузатилган. Қондошлик ришталари бўлмаган одамлар қуда бўлганда, қариндошлару қадрдонлар сафи кенгаяди. Яна муҳим жиҳати, тиббиёт соҳаси олимлари илмий изланишларининг натижаларидан келиб чиқиб,  яқин қариндош-уруғлар ўртасидаги никоҳдан туғилганлар орасида нимжон, ақли заиф болалар нисбатан кўп эканини айтадилар. “Ирсият етти пушт суради”, дейдилар. Статистик маълумотларга кўра, қариндош бўлмаган оилаларда ҳар мингта гўдакдан иккитаси ногирон бўлиб дунёга келса, яқин қариндошлар эру хотин бўлган оилаларда бу кўрсаткич икки-уч баробар юқори экан.

Маълумки, биз, ота-оналар учун ўғлимиз, қизимизни қандай қилиб бўлмасин тезроқ уйлантириш ёки турмушга узатиш  эмас, балки уларни чин оилавий бахтга сазовор этадиган хислат, фазилатлари борлигига тўла ишонч ҳосил қилгандан кейин мустақил ҳаётга йўллаш муҳимдир. Зеро, жамият истиқболини соғлом, ақлли, маънан баркамол фарзандлар яратадилар. Улар тарбияси, ҳаёт йўлини танлашида халқимизнинг ибратли анъаналари ва диний-миллий қадриятларига асос­лансак, иншоаллоҳ, хайрли ниятларимиз амалга ошади.

 

Марям АБДУЛЛАЕВА,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси

Аввал хабар берилганидек, Озарбайжонга хизмат сафарига жўнаб кетган Ўзбекистон делегацияси Боку шаҳрига етиб борди.

Боку халқаро аэропортида вакилларимизни Озарбайжон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмита раиси Қурбонали Мубориз ва Кавказ мусулмонлари идораси раиси, Шайх-ул-Ислом Оллоҳшукур Пошшозода кутиб олди.

Сафар аввалида вакилларимиз Озарбайжоннинг марҳум Президенти Гайдар Алиев қабрини зиёрат қилдилар ва унинг хотирасига Қуръон тиловат қилинди.

Шундан сўнг, делегациямизни Озарбайжон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси раиси Қ.Мубориз қабул қилди. Учрашувда О.Юсупов самимий қабул учун миннатдорчилик билдириб, бу ташриф диний соҳада икки томонлама алоқаларни ривожлантиришга умид билдирди.

Учрашувда Қ.Мубориз сўз олиб, О.Юсупов ва муфтий ҳазратларини Озарбайжонга ташрифи билан яна бир бор қутлади. У сўзида давом этиб - Ўзбекистон қадим қадимдан илм бешиги бўлгани, Озарбайжоннинг кўплаб аҳли илмлари, хусусан, Оллоҳшукур Пошшозода каби алломаларнинг  Ўзбекистондаги диний мадрасаларда илм олганини алоҳида таъкидлади ва Ўзбекистонда диний соҳаларда қилинган ишлар ва амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади.

Қ.Мубориз ўз сўзида давом этиб, Озарбайжон бошқа соҳаларда бўлгани каби диний соҳада ҳам Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилиш тарафдори, хусусан, дунё ҳамжамиятини ташвишга солиб келаётган экстремизм ва терроризмга қарши курашда икки давлат ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга эканлигини билдирди.    

Учрашув сўнгида томонлар ўзаро ҳамкорлик учун миннатдорчилик изҳор қилиб, эсдалик совғалари алмашдилар.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Халқаро алоқалар бўлими 

Янгиликлар

Top