muslim.uz

muslim.uz

Понедельник, 12 Июнь 2017 00:00

Бир йилда бир меҳмон

Рамазон! Айтилиши осон, муддати нақадар оз, бир йилда бир меҳмон.

Рамазон! Бир йилда бир келасану, лекин биз гуноҳкор, осий бандаларнинг бир йил ичида йиғилиб қолган қанчадан-қанча гуноҳларимиз, хатоларимиз ва камчиликларимизни кечирилишига сабабчи бўласан.

Рамазон! Сенга таъриф бериш менинг қўлимдан келмайди, чунки сенинг тарифингни Аллоҳ таоло берган: «Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир...» (Бақара, 185).

Рамазон! Қадринг шунчалар баландлигидан икки дунёимиз саодати бўлган Каломуллоҳ сенинг бағрингда нозил бўлди. Даражангни юксаклигидан бизни гуноҳлар хорлигидан, дўзах оловидан ҳимоя қилувчи, шайтони-лаъиннинг устидан ғалаба гарови, жисмимиз закоти, жаннатга элитувчи кўприк, ибодатини фақатгина Ўзига хослаган, мукофотини ҳам фақат Ўзи бергувчи амал, яъни рўза айнан сенга хосланди.

Рамазон! Сенга қандай таъриф берайки, суюкли ҳабибимиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бизга хабарини берган гўзал таърифлардан ортиқ. Узот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким Рамазон рўзасини имон, ишонч билан ва савобидан умид қилиб тутса олдинги гуноҳлари мағфират қилинади”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Рамазон! Сенинг ҳурматингдан жаннатлар жилоланади, жаҳаннам эшиклари ёпилади, шайтонлар кишанланади. Қадрингни баландлигини мадҳ этувчи ҳадислар, хушхабарлар шу қадар кўпки, улардан ортиб қандай таъриф беришни билолмай хайронман. Агар менга сен учун бир дона таъриф бериш керак бўлганда сенга “мўминнинг мавсуми” деган таърифни берган бўлардим. Чунки суюкли пайғамбаримизнинг қуйидаги биргина ҳадиси шарифлари сенга бундай таъриф беришимга сабаб бўлди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Ким Рамазон ойида зикр мажлисларида ҳозир бўлса, Аллоҳ таоло унинг хар бир қадамига бир йиллик ибодатнинг савобини ёзади ва қиёмат куни Аршнинг соясида мен билан бирга бўлади. Кимки Рамазон ойида жамоат намозларида бардавом бўлса, Аллоҳ таоло ҳар бир ракатига нурдан бўлган бир шаҳарни беради. Ким бу ойда ота-онасига қўлидан келганча яхшилик қилса, Аллоҳ таоло у бандага мулойимлик ва раҳмат назари билан қарайди ва мен унинг кафили бўламан. Қайси бир аёл Рамазон ойида ўз эрининг розилигини талаб қилса, у учун Аллоҳ таолонинг ҳузурида Марям ва Осиё (розияллоҳу анҳум)ларнинг савобига эга бўлади. Ушбу ойда кимки бир мусулмоннинг бир ҳожатини чиқарса, Аллоҳ таоло унинг минг-минглаб ҳожатларини раво қилади. Кимки Рамазон ойида муҳтожга хайру саховат қилса Аллоҳ таоло унга мингта яхшилик ёзади, унинг минглаб гуноҳларини ўчиради ва унинг даражотини минг пағона кўтаради” (“Нузхатул-мажолис” китоби).

Яна қанчадан-қанча таърифларинг, сифатларинг, рахматларинг ва биз билмаган сирларинг борки, уларни зикр қилишга забонимиз, ёзишга қаламимиз, санашга саноқларимиз, ўзгаларга етказишга илмимиз етмайди. Қўлимиздан келгани шу озгина ибодат, Роббимизга итоат, яхшиликларингдан умидворлик, сенинг дунёларга сиғмас ҳурматингни сақлаш ҳамда Роббимизнинг бизга юборган бир ойлик меҳмони олдида мезбонлик бурчимизни чиройли адо этиш холос.

Рамазон! Хар йилгидек бу йил ҳам сенинг ифорингга чанқоқ бўлган дўстларингни суюнтир, қалбларига ором бер. Сенинг ҳурматингни сақлаган, сендан унимли фойдаланган, сен туфайли ўзига жаннатни вожиб қилиб олган ҳар бир инсон икки дунёда азиз бўлсин. Кимки сенга етсаю, сенинг қадрингни билмаса, ҳурматингни сақламаса, сен буюрган амалларни қилиб, сен қайтарган маъсиятлардан қайтмаган ҳолда, ўзига жаннатни вожиб қилолмасдан сени ўтказиб юборса, унинг бурни ерга ишқалансин.

Маматқулов Жалолиддин

Учкўприк тумани “Шох муқаддам” жоме масжиди

имом-хатиби

Исломов Ёрбек 

Учкўприк тумани “Шох муқаддам” жоме масжиди

имом ноиби

Понедельник, 12 Июнь 2017 00:00

Саҳарлик – суннатдир

Саҳарлик қилиш Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг суннатларидан бўлиб,  Зайд ибн Собит (розияллоҳу анҳу) ул зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан бирга саҳарлик қилганларини бундай баён этадилар:

Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан саҳарлик қилдик. Сўнгра у зот намозга турдилар.....(Имом Бухорий ривояти).

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳамиша саҳобаларга саҳарлик қилиш, унинг фазилатлари ҳақида сўзлар эдилар. Шу боис, саҳобалар саҳарликка туришни ўзларига одат қилиб олгандилар.

Ирбод ибн Сария (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Рамазон ойида мени саҳарликка чақириб, барака дастурхони сари шошилгин, дедилар (Абу Довуд, Насоий ривояти).

Абдуллоҳ ибн Ҳорис (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳузурларига кирганимда у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳарлик қилаётган эканлар. Шунда менга, албатта, саҳарлик баракадир, дедилар (Насоий ривояти).

Салмон Форсий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): Барака жамоат ва саҳарликдадир дедилар. (Имом Табароний ривояти)

Абу Саид Ҳудрий (розияллоҳу анҳу) айтадилар: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Саҳарлик вақтида таом истеъмол қилиш – баракадир, бир қултим сув билан бўлса ҳам саҳарлик қилинг, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).

Саҳарлик Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг суннатларига эргашишдан ташқари, уммати Муҳаммадни аҳли китобдан ажаратиб турувчи амаллардан бири ҳамдир. Бу ҳақда Амр ибн Ос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): Бизнинг рўзамиз ила аҳли китобларнинг рўзаси орасидаги фарқ саҳарлик емагидадир, дедилар (Имом Муслим ривояти). 

Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) оғиз очиш вақти келса ифторлик қилишга шошилиб, саҳарликни эса кечиктирардилар ҳамда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай қилганлар, дер эдилар.

Саҳл ибн Саъд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Мен оилам билан биргаликда саҳарлик қилардим ва бамдод намозини Набий (алайҳиссалом) билан ўқишга кеч қолмай деб шошилиб уйимдан чиқардим (Имом Бухорий ривояти).

Саҳарликдаги баракалардан яна бири унда дуоларимиз қабул бўлувчи вақт бордир. Бу ҳақда Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): Аллоҳ таоло ҳар кечанинг охирги учдан бири қолганда дунё осмонига нозил бўлади ва: Ким Менга дуо қиладики, Мен уни қабул қилсам, ким Мендан сўрайдики, Мен унга берсам, ким Менга истиғфор айтадики, Мен уни мағфират қилсам», дейди, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Саҳарлик қилиш Аллоҳ ва фаришталарнинг раҳматига сазовор бўлишга сабаб бўлади. Абу Саид Ҳудрий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): Саҳарлик қилувчига Аллоҳ ва унинг фаришталарининг раҳмати бўлади, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).

Шунингдек, саҳарлик вақтида хурмо истеъмол қилиш Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг суннатларидан ҳисобланади.

Зеро, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): Хурмо мўмин учун қандоқ ҳам яхши саҳарлик, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).

Аллоҳ таоло барчамизни Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг суннатларига амал қилишимизни насиб этсин.

Даврон НУРМУҲАММАД

тайёрлади

 

 

Ўн тўрт йилдирки, марокколик насроний Мишел Аюб мусулмонларни саҳарликка уйғотади. У ўз хоҳиши билан Рамазоннинг ҳар тунида барабан чалиб одамларни уйғотишга чиқади.

Унинг айтишига қараганда, илгари бундай кўнгилли барабанчилар кўп бўлган. Аммо вақт ўтиши билан бу анъана ўтмишда қолиб кетди. Ҳозирги вақтда Акка шаҳрида ёлғиз унинг ўзи бу иш билан шуғулланади.

Аюб тунги соат бирда кўчага чиқади ва тонгги тўртга қадар барабан чалиб айланиб юради. Ундан мамнун бўлган шаҳар аҳолиси уни саҳарликка таклиф этади ва унинг ҳаққига дуолар қилади.  

Муқаддас ислом динимизда оила масаласига алоҳида эътибор билан қаралган. Зеро, оила ҳар бир жамиятнинг илиги ҳисобланади. Ўзаги мустаҳкам жамиятнинг ўзи ҳам мустаҳкам бўлади.

Куйида ҳар бир ишларида намуна бўлган Зот – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умр йўлдош сифатидаги намуналарни ибрат учун  эслаб ўтсак.

 لَقَدْ كَانَ لَكُمْ فِي رَسُولِ اللَّهِ أُسْوَةٌ حَسَنَةٌ لِمَنْ كَانَ يَرْجُو اللَّهَ وَالْيَوْمَ الْآَخِرَ وَذَكَرَ اللَّهَ كَثِيرًا 

(Эй, имон келтирганлар!) Сизлар учун – Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал намуна бордир(Аҳзоб сураси, 21 оят).

 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсоният ичра хулқлари ва одоблари энг гўзал Зотдир. Аллоҳ таолонинг Ўзи бу ҳақда таъкидлаб:

وَإِنَّكَ لَعَلَى خُلُقٍ عَظِيمٍ

 “Сиз энг буюк хулқ узрадирсиз”, дея марҳамат қилган (Қалам сураси, 4 оят). Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шу буюк хулқлари билан оилавий ҳаёт кечирганлар ва Раббимизнинг аёллар борасидаги:

وَعَاشِرُوهُنَّ بِالْمَعْرُوفِ 

“Улар билан яхшиликла яшангиз”, деган илоҳий фармонини амалда кўрсатиб берганлар (Нисо сураси, 19 оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз аҳлларига жуда меҳрибон ва раҳмли бўлганлар. Оиша онамиздан ривоят қилинади: “Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан сафарда кетаётган эдик. Бир ялангликка етганимизда тўсатдан мунчоғим узилиб тушиб қолди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уни қидириш учун тўхтадилар. Одамлар ҳам тўхташди. Ҳолбуки ичишлик учун на одамларда, на бир яқин атрофда сув бор эди. Одамлар Абу Бакрнинг олдига бориб:”Оишанинг нима қилганини кўрмайсизми?! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ва У зот билан бирга одамларни ҳам тутиб қолди-ку! Одамлар суви бор жойда ҳам эмаслар, ўзлари билан сувлари ҳам йўқ”, дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чарчаб тиззамга бошларини қўйиб  ухлаб қолдилар. Шу пайт отам Абу Бакр розияллоҳу анҳу келиб: “Шундай тақчиллик нозик пайти ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни тўхтатасанми?” – деб мени койидилар. Койиш асносида мени шундай турткилардиларки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйғониб кетмасинлар деб зўрға қимирламай ўтирардим. У зот ҳам ухлаб туриб, сувсиз бўлиб қолгандилар. Шунда  Аллоҳ таоло таяммум оятини нозил қилди. Дарвоқе, Усайд ибн Хузайр: “Эй Абу Бакрнинг оиласи, сизларнинг баракангиз туфайли!” – деди. Оиша розияллоҳу анҳо сўзларида давом этиб: Кейин мен минган туяни турғизган эдик, мунчоғимни ўшанинг тагидан топдик” (Имом Бухорий ривояти).

Эътибор берган бўлсангиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биргина мунчоғни деб чанқоқлик пайтида ҳам одамларни тўхтатиб уни излашга тушганлар.

У зот алайҳиссалом бирор марта бировга қўпол сўз айтмаганлар, ҳеч кимни хақорат қилмаганлар, қўл кўтармаганлар, қувватларини фақатгина Аллоҳнинг йўлида сарфлаганлар. Бу меҳр-шафқатни тўғрироқ тасаввур қилиш учун баъзи статистик маълумотни келтириб ўтамиз: Мусулмон бўлмаган, айни вақтда пешқадамликни даъво қилаётган баъзи мамлакатлар аҳолиси орасида 70% эркаклар ўз аёлларини урар ва шу калтакланган аёлларнинг 83%и оғир аҳволда шифохоналарга тушар экан. “Маданият”ни даъво қилаётган юртларда аёллар ҳуқуқи ана шу аҳволда.

Энди яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оилаларига қайтайлик. Бир куни сафарда София онамиз минган улов орқада қолиб кетади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларига келганларида София онамиз йиғлаб: “Мени секин юрадиган уловга миндирибсиз”, - дейдилар. Набий алайҳиссалом эса онамизнинг кўз ёшларини артиб, юпатдилар (Насаий ривояти).

Пайғамбаримизнинг ўз аҳли аёлларига нисбатан муомалалари худди шундай меҳрибонлик ва ғамхўрлик билан йўғрилган эди.

Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади: “Абу Бакр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келганларида Оиша розияллоҳу анҳонинг баланд овозда гапираётганлигини эшитди ва яқин келиб: “Эй Умму Румоннинг қизи, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурида ҳам овозингни баланд қиласанми?!” – дея койидилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ораларини ажратдилар ва кетгач: “Сен билан ҳалиги кишининг орасини ажратганимни кўрдингми?” – дедилар. Бироз вақт ўтгач Абу Бакр розияллоҳу анҳу қайта келиб, киришга изн сўраганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамизни кулдириб ўтирган эдилар. Шунда Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Жанжалларингизга шерик қилганингиздек, қувончингизга ҳам мени қўшинглар”, - дедилар (Имом Аҳмад ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам барчага бир хил гўзал муомалада бўлганлари каби аҳли аёллари билан ҳам ана шундай намунали ҳаёт кечирганлар. Бугунги кунда ҳар биримиз У зотдан ўрнак олсак, жамиятимиз қандай ҳам гўзал ва фаровон бўлар эди! 

Жалолиддин Ҳамроқулов

Тошкент ислом институти “Таҳфизул Қуръон” кафендраси мудири,

Тошкент шаҳар“Новза” жоме масжиди имом хатиби

Муфтий ҳазратнинг Андижон вилояти бўйлаб сафарларидан

Янгиликлар

Top