muslim.uz

muslim.uz

Инсонлар зулматдан ёруғликка, залолатдан ҳидоятга чиқишлари учун Ўз пайғамбарларини юбориб, уларнинг тили орқали Ўз динини мукаммал қилган Аллоҳ таолога битмас, туганмас ҳамду санолар бўлсин.

Ўзимдан сўнг сизларга икки нарсани қолдирдим, агар уларни маҳкам ушласангиз ҳаргиз адашмайсиз. Улар Аллоҳнинг китоби ва Пайғамбарнинг ҳадиси”, - дея умматлари ғамида бўлган Аллоҳнинг расули Муҳаммадга салоту саломлар бўлсин.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг оғизларидан чиққан ҳар бир сўзни қалбларига жо қилган, У зотнинг суннатларини маҳкам ушлаб, келгуси умматга етказган саҳобалар, тобеинлар ва барча олимларга Аллоҳ таолонинг раҳмати бўлсин.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадислари Ислом шариатининг Қуръондан кейинги иккинчи асл манбаси ҳисобланади. Шунинг учун ҳам ҳадиси шариф Қуръон билан бирга шариатнинг асосини ташкил қилади. Бундан ҳадиси шарифлар ҳам Қуръон каби шариатнинг асосий манбаси эканлиги, Қуръон қандай қилиб кейинги авлодларга етказилган бўлса ҳадислар ҳам худди шундай кейинги авлодларга  етказилиши керак эканлиги тушунилади.

Бу масъулиятни ҳис қилган саҳобалар ҳадисларни бирор-бир калимасига ҳам ўзгартириш киритмай тобеинларга, улар эса ўз навбатида табаа тобеинларга етказишга ҳаракат қилганлар. Баъзи саҳобалар бошқалари олдига бориб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитмай қолган ҳадислар бормикан, деган мақсадда улардан ҳадисларни тинглашар ва эшитмаганлари бўлса, уларни ўрганиб олишар эди. Бунга Ибн Аббос, Ибн Умар, Абу Саъид ал-Худрий разияллоҳу анҳум ва бошқа ёш саҳобаларни мисол қилиш мумкин. Бу ҳол тобеинлар ичида янада ривож топди. Тобеинлар ҳадис ва динга тегишли барча нарсаларни эшитиш учун саҳобаларни маҳкам тутдилар. Улардан Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг айтган ҳадисларини эшитишга жуда катта аҳамият қаратдилар. Бу мақсадда саҳобаларга соядек эргашар ва улардан ҳадисларни эшитардилар. Жуда кўплари бу борада машҳур бўлишди. Саъид ибн Мусайяб, Ҳасан Басрий, Асвад ибн Язид, Қатода, Урва ибн Зубайр, Алқама ва юзлаб тобеинлар бунга мисол бўлади. Тобеинлар ўз навбатида ҳадис ва шариатга тегишли барча нарсани ўзларидан кейингиларга, яъни табаа тобеинларга ўргатар эдилар. Бу ҳол шу тарзда давом этиб, ҳадис илми кейинги авлодларга  етказилар эди.

Бу каби олим саҳоба ва тобеинлар “фақиҳ” деб номланар эди. Шу нарсага эътибор қаратиш керакки, “Мадинанинг етти фақиҳи” деб ном олган тобеинлар фақат фиқҳ билан шуғулланиб, бошқа (Қуръон, тафсир, ҳадис ва ҳоказо) илмлар билан шуғулланмаган экан-да, деган маъно келиб чиқмайди. Ким шу тушунчага борса, у нозик бир хатога йўл қўяди. Зеро, фақиҳ деб бизнинг наздимизда фақат фиқҳ илми билан шуғулланувчи одамга ишлатилади. Гўёки фақиҳ инсон ҳадис ва бошқа илмларга фиқҳчалик эътибор бермагандай. Аслида эса тобеинлар ва табаа тобеинлар даврида фақиҳ деб, бутун дин илмларини эгаллаб, бу борада жуда катта тажрибага эга ва айни вақтда маълумотлар орасидан ҳам кўпчилик одамлар эътибор бермаган нозик қирраларини билувчи инсонга айтилган. Айни шу маънода Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам “Кимга Аллоҳ кўп яхшиликни хоҳласа, уни динда фақиҳ қилиб қўяди”, - деб айтганлар. Чунки бу ҳадисда биз билган фақиҳларгина мақталмаганликлари аниқ. Зеро, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида алоҳида фиқҳ деган илм йўқ эди. Балки унинг маъноси шариат сир-асрорларини, нозик қирраларни билувчи киши деганидир. Бу эса айни вақтда динга тегишли барча нарсани, хусусан,  Қуръонни, ҳадисни жуда яхши билишни талаб қилади. Демак салафи солиҳлар даврида фақиҳ тушунчаси муҳаддис деган тушунчадан юқорироқ бўлган. Бундан  мужтаҳид тобеинлар ва табаа тобеинлар фақатгина ривоятларни жамлаш билан шуғулланган муҳаддислардан устун бўлгани англашилади.

Зеро, муҳаддис ҳадисларни жамлайди, уларни ишончлисини ишончсизидан ажратади ва айримларини китобларда қайд қилади. Мужтаҳидларда ҳам айнан муҳаддислардаги ривоятлар бўлади, лекин улар муҳаддислардан фарқли ўлароқ ҳадисларни  фақат ривоят қилиш ё китобга қайд қилиш билангина эмас, балки уларни таҳлил қилиш, кўринишидан бир-бирига қарши кўринган ҳадисларни изоҳлаш, уларни бир-бири билан мувофиқлаштириш ва уларни Қуръон оятлари билан мувофиқ келишини изоҳлаш, икки манба наслари  борасидаги саҳобалар ва ўзларидан олдин ўтганларниинг сўзларини шарҳлаш билан шуғулланадилар. Бу нарса улардан жуда катта илмни талаб қилади. Бу каби мужтаҳидларга Саййид ибн Мусаййаб, Мадинанинг етти фақиҳи, Имом Абу Ҳанифа, Имом Молик, Суфён Саврий, Имом Авзоий, Аҳмад ибн Ҳанбал, Имом Шофеий  (раҳматуллоҳи алайҳим) ва бошқаларни мисол қилиш мумкин.

Асфуски, XX ва XXI асрга келиб, динни яхши тушунмайдиган, олдинги олимларни қай даражада илмга эга бўлганликлари, улар давридаги илмий муҳит, битта ҳукм чиқариш учун қанчадан-қанча оят ва ҳадисларга яна бир карра назар солишлари ва барча кишилардан, ҳатто шогирдларидан ҳам маълумотлар олишга ташна бўлганликларини англамасдан барча жабҳада пешво бўлган мазҳаббоши мужтаҳид олимларга тана тошини отиш, уларни ҳадис ва Қуръонга амал қилмай, масалаларни ўз фикр ва хоҳишлари билан чиқаришларида айблайдиганлар чиқиб қолгани ҳеч кимга сир эмас. Табиийки, ана шу жабридийда мужтаҳидларнинг асосийларидан бири мазҳаббошимиз бўлмиш Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдир. Айниқса, улар мазҳаббошимизнинг фикрлари билан олинган бир қанча фиқҳий ҳукмларни саҳиҳ ҳадисга, баъзан умуман ҳадисга асосланмаганлигини, ҳадислар турганда ўз раъйлари билан фатво берганликларини айтадилар. Абу Ҳанифа (р.а.) ва унинг шогирларини “асҳоби раъй” деб номланишларининг асосий сабаби ҳам шу, деб кўрсатмоқчи бўладилар. Гўёки, Абу Ҳанифа(р.а.) ҳадисларни қўйиб, ўз фикрига таяниб далил чиқарган-у, бошқа мужтаҳидлар ҳадисга амал қилганлар. Табиийки, бу каби сўзлар улар салафи солиҳлар даврини яхши билмасликлари, ўзларининг тўлиқ илмлари бўлмагани ва бошқа бир қанча омилларга бориб тақалади. Уларнинг бу каби асоссиз гапларига бир қанча кўринишда раддиялар бериш мумкин. Улардан баъзиларини қуйида келтирамиз:

- Ҳамма мужтаҳиднинг ҳам, хусусан Абу Ҳанифа(р.а.)нинг ҳам доим фатвоси остида албатта ё оятдан, ё ҳадисдан ёки саҳобанинг сўзидан иборат бир далил бўлган. Қачонки булардан биронтаси бўлмасагина ижтиҳод қилган.

- Абу Ҳанифа (р.а.) 80 ҳижрий йилда туғилган ва айрим саҳобаларни кўрган. Бу нарса эса у зотнинг бошқа мазҳаббошилардан катта устунликка эга эканликларини билдиради. Ахир тобеинни табаа тобеиндан устунлигини Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари айтганлар.

- Абу Ҳанифа(р.а.)нинг 80 ҳижрий йилда туғилиб, ҳадисларни ровийларнинг оғзидан эшитганликлари, у зотдан кейин яшаган мужтаҳидлар билмаган гаплардан хабардор бўлганликларини англатади.

- Абу Ҳанифа(р.а.)нинг 4000 мингта устози бўлган. Табиийки, улардан фақат дин ишларини ўрганган. У илмлар эса Қуръон, ҳадис, саҳоба ва тобеинларнинг сўзларига асосланган бўлган, албатта.

- Абу Ҳанифа(р.а.)кўп ҳолларда олдин мавжуд бўлган ҳукмларни таржиҳ қилганлар. Саҳоба ва тобеинлар даврида учрамаган масалаларга янгидан ҳукм чиқарганлар. Чунки у зот айтган ҳукмлар саҳобалар ва тобеинлар орасида ҳам мавжуд бўлган. У зот эса фақатгина шу фикрни устун эканлигини исботлаб берганлар, холос. Масалан, намозда қўлни боғлаш масаласини олсак, Абу Ҳанифа(р.а)гача ҳам ҳамма намоз ўқиган ва намозда қўлини боғлаган. Лекин ҳамма ўзига етиб келган асарларга кўра турлича  фикрда бўлганлар. Абу Ҳанифа(р.а) ўзига етиб келган ҳадис ва асарларни жамлаб, чуқур тааммул ва ижтиҳод билан уларнинг бирини таржиҳ қилган ҳамда буни исботлаб берган. Аслида эса  қўлни киндик остига боғлашни у зот биринчи бор пайдо қилмаганлар.

- Абу Ҳанифа(р.а.)нинг жуда кўплаб шогирдлари мужтаҳид даражасидаги олимлар бўлган. Улардан бир қанчалари эса ана шу даврнинг буюк муҳаддислари бўлишган. Масалан, Имом Абу Юсуф, имом Муҳаммад, имом Зуфар, Абдуллоҳ ибн Муборак, Вакеъ ибн Жарроҳ, Мисъар ибн Кидом, Али ибн Мусҳир, Яҳё ибн Закариё ва бошқалар. Манбаларда келишича, уларнинг 40 таси мужтаҳид олим бўлишган. Айни вақтда бу зотлар эса бошқа буюк муҳаддисларга бевосита устоз ёки устозларининг устози бўлганлар. Мана шу каби юз минглаб ҳадисларни биладиган буюк муҳаддислар ҳадисларга амал қилишни қўйиб, ўз ҳавои нафсига берилиб, фатво берувчи одамга шогирд бўлишлари ва унинг дарсида устозга жуда тавозеълик билан ўтиришлари мумкинми?! Бу гап кулгили эканлигини билиш учун инсон ақлли бўлиши шарт эмас.

- Абу Ҳанифа(р.а.)нинг дарслари асосан мунозара тарзида бўлиб, бу мунозараларда юқорида зикр қилинган мужтаҳид одамлар иштирок этган. Баъзан бир масала жуда узоқ муддат ўрганилган. Охир-оқибат унинг ҳукми айтилган. Агар Абу Ҳанифа(р.а.) томонидан айтилган ҳукмлар далилларга, хусусан, ҳадисларга асосланмаган бўлганида дарсда ўтирган муҳаддислар албатта бундан норози бўлган ва бунга раддия келтирган бўлар эдилар. Лекин воқеликда улар имомнинг ҳукмларни далиллардан чиқариб олишлари, у зотда ҳаддан ташқари маълумотлар кўплиги ва далилларни тушунишда ақл-идрокларининг нақадар теранлигига қойил қолганликлари кўп китобларда нақл қилинган. Бу эса у зотнинг ҳукмлари жуда кучли далилларга таянганини кўрсатади.

- Абу Ҳанифа (р.а)нинг илми мужтаҳид ва муҳаддис талабаларни қониқтиргани учун ҳам улар дарс ҳалқасида доимо у зотни интизор бўлиб кутганлар.

- Абу Ҳанифа(р.а.)га ўз замондошлари таъна тошини отмаган. Балки у зот билан ҳамфикр бўлганлар ёки у зотдан кейин яшаганлар ҳам у зотни жуда мақтаганлар.

- Абу Ҳанифа (р.а.)дан кейин ҳам катта олимлар, хусусан, муҳаддислар у зотнинг мазҳабини тутиши ҳам Абу Ҳанифа(р.а)нинг ҳадис борасидаги даражаларини кўрсатиб беради. Масалан, ҳижрий 164 йилда туғилган, буюк муҳаддис, жарҳ ва таъдил олимларидан бўлган Яҳё ибн Маъин ҳам Абу Ҳанифа(р.а) мазҳабини тутган. Манбаларда келишича, Яҳё ибн Маъин бир миллион асар жамлаган. Уни Аҳмад ибн Ҳанбал жуда ҳурмат қилган ва унинг яқин дўсти бўлган. Энди ўйлаб кўрайликчи, қачон бир миллион ҳадис тўплаган одам ўзга одамга эргашади? Қачонки, у одамни ҳадислари кўплиги ва уларни ўзидан яхшироқ тушунишини тан олган кишигина ўзидан олимроқ кишига эргашади. Аслида Яҳё ибн Маъин ҳам фаҳм-фаросатда машҳур эди.

- Абу Ҳанифа (р.а.) ва у зотнинг шогирдларига “асҳоби раъй” деган номни ишлатилиши уларнинг ҳадисга таянмай, ўз фикрига кўра ҳукм чиқарганларидан эмас, балки Қуръон ва ҳадисни яхши билганликлари ва асарларни бошқалар илғамайдиган жиҳатларини кўра олганликлари сабабли бу ном у киши ва шогирдларига нисбатан ишлатилган. Чунки, раъй сўзи шу мақсадда ишлатилиши ҳам ана шу замонда урфда бўлган. Масалан, Имом Моликнинг машҳур устози Робиъага  ҳам “Робиатур-Раъй” деб ном берилган.

Бу гаплардан шуни тушуниш мумкинки, аслида Абу Ҳанифа(р.а.) ҳадисларни билиш борасида буюк муҳаддислардан устун бўлсалар устун бўлганлар-у, лекин кам бўлмаганлар. Чунки у зотда ҳадисдан ташқари улардан ҳукм олиш салоҳияти ҳам кучли бўлган. Шу устунликни яхши англаган буюк муҳаддислар у зотга бевосита ёки билвосита шогирд бўлганлар ва ўзларини у зотга нисбатлаганлар. Айни вақтда улар бундан ўзларида фахр ҳиссини туйганлар. Бунга буюк муҳаддисларнинг юзлаб эътирофлари далил ҳамда бу маълумотлар кўпгина китобларда қайд қилинган.  Демак, бугунги кунда У зотни насга, хоссатан, ҳадисга таянмай ҳукм чиқаришда ва ҳадисни яхши билмаганликда айблашлик гўё бир гўдакнинг хархашасига ўхшайди.

Тошкент ислом институти

 ўқитувчиси Ф. Маманасиров

Агар Аллоҳ бу умматни азоблашни ҳоҳлаганида эди. Уларга Рамазон ойи ва Ихлос сурасини ато қилмас эди.”( Ҳазрати Али р.а)

Рамазон меҳру-мурувват, хайр-у саховат ойи. Рамазон қалб, руҳ ва жасадимиз покланадиган ой. Рамазон ойи дуоларимиз ижобат бўладиган, қадр кечаси, таровеҳ намозларию хатми Қуръонлар баракаси, рўзадорни ифторлантиришнинг савобидан баҳраманд бўладиган, хайрли амалларимиз учун савоблар, ажрлар кўпайтириб бериладиган, фазилатли, барокатли ой. Зеро, Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Агар умматим Рамазон ойида улар учун қанча фазилатлар борлигини билганларида эди, йилнинг ҳаммасини Рамазон бўлишини ҳохлар эдилар”, - деганлар. Рамазон ойида аввало қалбни поклаш, агар бир-бири билан хусуматлашган бўлса, гина ва хусуматларни унутиб бир-бири билан ярашиш, қўни-қўшни маҳаллада,   қариндошлар орасида ёрдамга мухтожларга мурувват кўрсатиш, ёрдам қўлини узатиш, қариндошларга сийлаи раҳм қилиш, беморларни зиёрат қилиш, етимлар бошини силаш, ёлғиз кексалар, ногиронлар ҳолидан хабар олиш, савобли ишларга шошилишлигу, барча гуноҳ ишлардан ўзини тийиш, бировнинг дилига озор етказиб қўйишдан, бировнинг ҳаққига тажоввуз қилишдан сақланишликка бу ишларни амлга оширишлик билан бўлади. Бир ойлик эртаю-кеч қилинаётган анна шундай қизғин ибодатларга мукофотўлароқ гуноҳларимиз мағфират қилинади, айбу нуқсонларимиз кечирилади. Шунинг учун бу ойнинг авали раҳмат, ўртаси мағфират, ниҳояси дўзахдан нажотдир.

Рамазон ойи покланиш ойи экан, аввало қалбимизни поклайлик. Агар қалбимиз пок бўлса, бошқа аъзоларнинг гуноҳ қилишига имкон бермайди. Чунки, қалби покиза одамдан доимо яхшилик умид қилинади. Рамазон ойи йил ичидаги энг афзал ой ҳисобланади. Унинг фазли ҳақида кўплаб ҳадиси шарифлар улуғ уламоларимизнинг сўзлари, мадҳлари, шеърлар айтилган, китоблар битилган. Лекин бу ҳақидаги таърифларнинг гултожи Роббил Оламийннинг Ўз каломида айтган мадҳидир. Бу мадҳ турли оятларда келган. Ушбу оятдаги таъриф Рамазони шарифнинг энг улкан фазилатлари ҳақидадир. Яъни: Бақара сурасининг 185-оятида: “Рамазон ойики, унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ баёнотлар бўлиб, Қуръон тушурилгандир. Сизданким бу ойда ҳозир бўлса, рўзасини тутсин. Ким бемор ёки сафарда бўлса, бас, саноғи бошқа кунлардан. Аллоҳ сизларга енгилликни хоҳлайди ва сизларга қийинликни хоҳламас. Саноғини мукаммал қилишингиз ва сизни ҳидоятга бошлаган Аллоҳни улуғлашингиз учун. Шоядки, шукр қилсаларингиз”.

Ҳазрати Мавлоно Зулфиқор Аҳмад Нақшбандий ҳафизаҳуллоҳ айтадилар: “Рўза Аллоҳ таоло билан банда ўртасидаги бир махфий аҳдлашувдир. Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда: “Рўза мен учундир. Унинг мукофотини Ўзим бераман” дейди. Чунончи, бошқа ҳар турли ибодатнинг савобини фаришталар ёзадилар. Магар, рўза борасида фаришталар “Бу банда рўза тутди” деб ёзадилар, холос. Унга бериладиган савоб ва мукофотни қиёмат куни Аллоҳ таолонинг Ўзи беради.

Бунда бир нозик жиҳат бор, уни яхшилаб тушуниб олайлик, ҳар бир берувчи ўзининг даражасига кўра беради. Фараз қилайлик, бирор тиланчи келиб мендан сўраса, мен ўзимнинг ҳолатимга мувофиқ, унга бир сўм бериб юбораман. Агар айни шу тиланчи бирор мулкдор одамдан сўраса, у бир сўм беришга уялади. Эҳтимол, у унга минг сўм бериб юбориши мумкин. Агар айни шутиланчи бирор мамлакатнинг подшоҳидан бориб сўраса, у минг сўм беришга уялади. У унга юзминг сўм бериб юборади, балки миллион сўм бериб юборар. Ундан кам бермайди. Дунёнинг буюк шахслари ўзларининг даражаси ва ҳолатига кўра берганларида, бу ўринда шуни англаб олиш лозимки, Аллоҳ таоло ҳам қиёмат куни рўза ибодатига савоб берганда, Ўзининг буюклигига мувофиқ беради.

Аллоҳ таоло барчамизни Рамазон савобларидан баҳраманд айласин. 

“Жўйбори Калон” аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим

юрти мударрисаси Ҳуснигул Ҳалимова

Рўзадорлик мўминниг қалқонидир. Барча динларда ҳатто илоҳий бўлмаган динларда ҳам рўза тутишлик мавжуд. Аммо, Ислом динида рўза тутиш қонун-қоидалари бошқа динларникидан фарқ қилади. Ислом тарихидан маълумки, Қуръони Карим Рамазон ойида нозил бўлган. Шунинг боисидан ҳурмат қозонган бу ойда мўминлар учун яна бир туҳфа - рўза фарз қилиниб ўн икки ой ичидан Рамазон ойи энг шарафли ой саналади.

Рамазони шарифда рўза тутишга қодир бўлган бахтли мўминлар зикр билан ҳам машғул бўлишса ажрлар дўли остида қолишликлари табиийдир. Рўзадор инсон еб-ичиш, жинсий яқинлик қилиш кабилардан тийилиши билангина рўза ибодатини тўкис адо этди деган хулоса келиб чиқмайди. Ёлғон гапириш, ғийбат қилиш, жанжаллашиш, чақимчилик каби иллатлардан холи бўлсагина рўза тўла адо этилган бўлиб ҳисобланади. Хўш бу иллатлардан инсон ўзини қандай тўлақонли ҳимоя этиши ёки тия олиши мумкин? Уларнинг давоси аниқ агар рўзадор зикр билан банд бўлса, ана ўшанда уни ҳеч қандай юқорида номи зикр қилинган иллатлар йўлдан оздира олмайди.

«Зикр» луғатда эслаш, ёдга олиш, гапириш маъноларини англатади. Истелоҳда эса, Аллоҳ таолони ёд этишга зикр дейилади. Аллоҳ таолонинг исми зотини, сифатларини ёд этиш, ҳукмлари ҳақида гапириш, Қуръон тиловат қилиш, Роббга илтижо қилиш, дуо қилиш, Уни улуғлаш, Унга ҳамд айтиш, тавҳид калимасини айтиш, неъматларига шукр қилиш кабилар зикр ҳисобланади.

Расулуллоҳ (саллалоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: «Сизга амалларингизнинг энг яхшиси, энг тозаси, даражаларингизни энг кўп кўтарадигани, сизлар учун тиллаю кумушни инфоқ қилишдан ҳам афзали, душманларингизга йўлиқиб, улар билан жанг қилишингиздан ҳам яхшисини айтайми?» Саҳобалар: «Ҳа, айтинг», дейиишди. У зот: «Аллоҳнинг зикри», дедилар (Имом Аҳмад ва Имом Термизий ривояти).

Зикр билан қалб маънавий озуқа олади, меҳр-муравватга тўлади,  маъсиятдан йироқ бўлади шунинг билан биргаликда яхшиликка ошно бўлади.

Ибодатлар (намоз, рўза, закот, ҳаж) зикр қилувчига оғир кечмайди. Зикр ибодатларнинг энг афзали бўлиши билан бирга энг осони ҳамдир. Шайтонлар занжирбанд бўлган ойда рўзадорнинг зикр қилиши энг маҳбуб амаллардандир. Бу муборак ойда дуолар ижобати, тавбалар қабул бўлиши, гуноҳлар авфи учун белбоғлашлигимиз, қалбларимизни зикр ила поклашимиз лозим. Рўза ибодатини адо этаётган айни вақтимизда кам сармоя сарфлаб кўп даромад оладиган ва тез бойийдиган тижоратчининг ҳолатидамиз. Шунинг учун ҳар сонияси олтиндан қиммат бўлган рўзадор ҳолимизда фурсатни қўлдан бой бермайлик.

Абу Ҳурайра (разияллоҳу анҳу) Набий (саллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ривоят қиладилар: “Бир қавм ўтириб Аллоҳни зикр қилса, уларни фаришталар ўраб олишади ва раҳмат қоплайди. Устиларига хотиржамлик тушади. Аллоҳ уларни Ўзининг ҳузуридагилар, яъни фаришталар билан эслайди”.

Яна бир юқорида номлари зикр қилинган саҳобадан ривоят қилинган ҳадиси-шарифда: “Аллоҳ дуоингизни қабул қилишига қаттиқ ишониб дуо қилинг. Ва билингки, албатта, Аллоҳ ғофил ва бепарво қалбдан дуони қабул қилмас”, дейилади. Бундан кўриниб турибдики, дуони шунчаки эмас хушу ва хузуъ ила, дуо одобларига риоя этиб, ҳабибимиз Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам)га саловотлар айтиб қаттиқ ишонч ила чин дилдан дуо қилсак ижобат бўлади иншаалоҳ.

Ҳазрат Али (разияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ривоят қиладилар: “Тоинки Муҳаммадга ва Муҳаммаднинг оиласига саловот юбормагунларингизча дуоларингиз Аллоҳдан тўсилиб тураверади”.

Муборак моҳи рамазонда саловот айтишлик ҳам рўзадор учун айни фойдали ҳолатдир. Дуолар ижобатининг сабабчисидир.

Салмон Форсий (разияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ривоят қиладилар: “Албатта, Аллоҳ таоло ҳаёли ва сахий зотдир. У зот бандаси Унга икки қўлини кўтарса, уларни бўш қайтаришдан уялади”.

Шундай муборак бир ойда рўза ибодатини тўкис адо этмоғлигимиз, қалбларимизни ислоҳ қилиб зикрда бардавом бўлмоғлигимиз барчамизга насиб этсин! Амаллар тарозисида қилган зикрларимиз тоши оғир келишлигини Аллоҳ таоло тақдир айласин, Иншааллоҳ! 

“Жўйбори Калон” аёл-қизлар

ўрта махсус ислом билим юрти

ўқитувчиси Мунира Хўжаева

 

Вторник, 06 Июнь 2017 00:00

Қовоқ уруғида араб ёзувлари

Бошқирдистоннинг Аургазин туманидаги Новоадзитарово қишлоғида ажойиб ҳодиса юз берди. Гап шундаки, шу қишлоқда истиқомат қилувчи Вали Акбашев қовоқ уруғини дастурхон устига қўя туриб кўзларига ишонмади – уруғларнинг устида араб алифбосига ўхшаш ёзувлар бор эди. Бунга аниқлик киритиш мақсадида у қовоқ уруғларини қишлоқдаги масжид имоми олдига олиб борди. “уруғларнинг бирида аниқ қилиб “Аллоҳ” сўзи битилган. Бошқаларида эса турли ҳарфлар. Бу бизнинг ўлкада биринчи юз берган мўъжизадир”, деди имом.                                       

                                        Халқаро алоқалар бўлими.

Вторник, 06 Июнь 2017 00:00

Саҳарликда барака бор!

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Саҳарлик қилинглар, саҳарликда барака бор.[1]- деган сўзларига кўра рўза тутгувчи нимадир танаввул қилиб саҳарлик қилиши мустаҳабдир. Саҳарлик вақтида таомланиш рўза ибодатини адо этиш учун рўзадорга ёрдам беради. Чунки, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Саҳарликдаги таомдан кундузги рўзаларингга ёрдам олинглар.[2] - деганлар.

Саҳарлик қилиш рўза тутишни ҳоҳловчи учун ўзига муяссар бўлган таом ва ичимликдан бирон нарсани саҳарлик вақтида танаввул қилиш билан бўлади. Саҳарлик вақти кечанинг олтидан бирининг охирги қисмидир. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Саҳарликнинг ҳамма вақти баракадир. Сизлар унда бир қултум сув бўлса ҳам ичишни тарк қилманг. Чунки, Аллоҳ таоло ва фаришталар саҳарлик қилувчига саловот айтади.”- дедилар.[3] Яна бошқа бир ҳадисларида: “Хурмо мўминнинг қандай ҳам яхши саҳарлигидир.”-деганлар.[4]

Агар кеча ҳали чиқиб кетмаганига шубҳа қилмаса, саҳарликни субҳдан сал олдинроқ қилиш мустаҳабдир. Агар кеча чиқиб кетди, деб гумон қилинганда, овқатланиш макруҳ бўлади. Имом Муслим ўз саҳиҳларида Абу Атийядан келтирган ҳадисда саҳарликни субҳга яқин қилиш мустаҳаб эканлигига далил. Абу Атийя разияллоҳу анҳу айтдилар: “Мен ва Масруқ Оиша разияллоҳу анҳо онамиз олдиларига кириб, Ё, Уммул мўминийн, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асҳобларидан икки киши, бири ифторни ва намозни шошилтиради, бошқаси эса ифторни ва намозни кечиктиради.”- деб сўрадик. Оиша разияллоҳу анҳо: “ Улардан қайси бири ифторни ва намозни шошилтиради?”-деб сўрадилар. Биз: “Абдуллоҳ ибн Масъуд”- дедик. Оиша разияллоҳу анҳу: “ Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам шундай қилар эдилар.”- деди[5].

Саҳарликдан кейин ухлаш яхши эмас. Чунки бу ҳолатда ошқозондаги таом хазм бўлиши қийин бўлади. Бу муборак вақтда ибодат ва истиғфор билан машғул бўлиб, субҳ намозини жамоат билан ўқиш учун масжидга бориш лозим. Бу вақт Аллоҳга тоат ибодат қилишнинг энг афзал вақтларидандир. 

Ифторликни тезда қилиш.

Рўзадор қуёш ботиши билан ифторликни қилиши мустаҳабдир. Уни қуёш ботгандан кейин ҳам тахир қилиш макруҳдир. Чунки Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Инсонлар (кун ботиши билан) тезда ифторлик қилишса доим яхшиликда бўлади.”[6] - деганлар.

Лекин рўзадор ифторликда узоқ ўтириб, шом намозини мустаҳаб вақтидан кечиктирмасин. Шомнинг мустаҳаб вақти кун ботгандан кейин қоронғулик тушиб, юлдузлар кўрингунгачадир. Энг афзали, таҳорати йўқ киши ёки таҳорат олмоқчи бўлган киши ифторликдан аввал таҳорат олиб, кун ботиши билан ифторликни тезлатиб, овқат емоғидир. Ундан сўнг шом намозини жамоат билан адо этаверади. Бу ҳолат таом тайёр бўлганда, аммо таом ҳозирланмаган бўлса ёки масжид рўзадорнинг уйидан узоқроқ бўлса, афзали рўзадор кун ботиши билан ўзининг олдидаги егуликдан нимадир еб ва ичимликдан бир қултум бўлса ҳам ичиб сўнг шом намозини вақтида жамоат билан ўқиб, ундан сўнг яна таомланаверишидир.

Шу ҳолатларда ифторни шошилтириш ва шом намозини мустаҳаб вақтида ўқиш каби суннатлар ҳосил бўлади. Таом тайёр бўлганда намоз ўқиш каби кароҳият содир бўлмайди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Таом ҳозирланганда ва икки хабис[7] нарса чақириб турганда намоз ўқиш йўқ.”[8]-дедилар. Яна бир бошқа ҳадисларида: “Кечки таом тайёрланганда намозга такбир айтилса, кечки таомдан бошланглар.”[9] -деганлар.

 Ифтор вақтидаги дуо

Рўзадор ифторлик пайтида дуо қилиши мустаҳабдир. Чунки унинг дуоси ижобат бўлади, хоссатан мана шу пайтда. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Уч кишининг дуоси қайтарилмайди. Ифторлик қилаётган рўзадорнинг, одил имомнинг, мазлумнинг дуоси. Булутлар устидан кўтарилиб, унга осмон эшиклари очилади. Аллоҳ таоло: “Иззатим ва жалолимга қасамки, агар озгина замондан кейин бўлса ҳам сенга ёрдам бераман.”-дейди.”-дедилар.[10]

Ҳадисларда келгани каби дуо қилиш афзалдир. (Аллоҳумма лака сумту ва бика а’манту ва аълайка таваккалту ва аъла ризқийка афтарту. Заҳабаз зомау ва ибталатил уъруқу ва сабатал ажру инша Аллоҳу) Маъноси: “Аллоҳим сен учун рўза тутдим, сенга иймон келтирдим, сенга таваккал қилдим ва сен берган ризқинг билан ифторлик қилдим. Чанқоқ кетди, томирлар намланди ва Аллоҳ хоҳласа ажрлар собит бўлди”.

Суннани Абу Довудда Абдуллоҳ ибн Умарнинг: “ Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қачон ифторлик қилсалар: “Заҳабаз зомау ва ибталатил уъруқу ва сабатал ажру инша Аллоҳу” -дер эдилар.”-деган ҳадисларида келади. Яна Муоз ибн Заҳранинг: “Менга Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ифторлик қилаётганида:“Аллоҳумма лака сумту ва аъла ризқика афтарту.”-дейишлари хабари етди.”- деган ҳадислари ҳам келади.

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос разияллоҳу анҳу: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, рўзадор учун қайтарилмайдиган дуоси бор.”-дедилар. Абдуллоҳ ифторлик қилаётганида: “Аллоҳумма инний ас’алука бироҳматикаллатий васиаът кулла шай’ин ан тағфиро лий. (Аллоҳим, мен сенинг ҳамма нарсани ўраб олгувчи раҳматинг билан гуноҳларимни кечиришингни сўрайман.)” – деганини эшитдим.”

Дуонинг аввалида, ўртасида ва охирида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга саловот айтиш дуонинг одобларидандир. 

Хурмо билан оғиз очиш мустаҳабдир

Рўзадор оғзини хурмо билан очиши мустаҳабдир. Чунки Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “ Ким бир дона хурмо топса, у билан оғзини очсин. Агар топа олмаса сув билан очсин. Чунки сув поклагувчидир.[11]-деганлар. Ёки рўзадор олов ўзгартирмаган бирор бир мева билан оғзини очсин. Абу Яъло разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам учта хурмо билан ёки бирорта олов тегмаган нарса билан ифторлик қилишни яхши кўрардилар.”-дейилган.

Рўзадорга ифторлик қилиб бериш фазилати

Рўзадорни икром қилиб, рўза ибодатини тақдирлаб, ифторлик қилиб бериш мустаҳабдир. Чунки, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким бир рўзадорни таомлантирса, унга ҳам рўзадорнинг ажридан бирор нарса камайтирилмаган ажр ёзилади.[12]- деганлар.

Ҳадисда рўзадор умумий келгани учун фақир ёки бой рўзадорга ҳам ифторлик қилса бўлаверади. Лекин фақир рўзадорга ифторлик қилиб бериш садақа маъноси борлиги учун бой рўзадорга ифторлик қилиб беришдан афзал.

Ифторлик қилиб берувчи қилаётган зиёфатида ҳаддан ошиб кетмасин. Бундай ишларда ҳаддан ошиш динимизда қайтарилгандир. Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу: “Биз такаллуф (амалда ҳаддан ошиш)дан қайтарилганмиз.”[13]-деган. Ифторликда турли овқатларни кўп қўйишда риё ва сумъа[14]га ўхшаш амаллар билан бу ибодатга путур етиб қолиши мумкин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Рамазонда бир рўзадорга ифторлик қилиб берса, гуноҳлари кечирилиб, бўйни дўзахдан озод бўлади. Рўзадорнинг ажридан бирор нарса камайтирилмасдан ажр унга ҳам ёзилади”- деганларида саҳобийлар: “Ё, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизлардан ҳар биримиз рўзадорга ифторлик қилиб берадиган нарса топа олмаймиз?”-дедилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агарча биргина хурмо ёки бир қултум сув ёки озгина сут билан бўлса ҳам, ифторлик қилиб берса, Аллоҳ таоло бу ажрни мислича унга ҳам бераверади.[15]-дедилар. 

Абдулҳамид Маҳмуд Теҳмазнинг “Ал-фиқҳул ҳанафий фий савбиҳил жадид” асари асосида тайёрланди.

 

Фахриддин ар-Розий ўрта махсус ислом

билим юрти мударриси Б.Исақов

 

[1] Муттафақун алайҳ ривояти

[2] Ибн Можа ривояти

[3] Имом Аҳмад муснадда ривоят қилган. Аллоҳнинг саловат айтиши раҳматидир. Фаришталарнинг саловат айтиши истиғфордир.

[4] Абу Довуд ривояти

[5] Имом Насоий, Абу Довуд ва Термизийлар ҳам ривоят қилган.

[6] Саҳл ибн Саъд р.а дан Муттафақун алайҳ ҳадис.

[7] Икки хабис нарса бавл билан ғоитдир. Бу ҳадис вақт кенг бўлган маҳалда бу ҳолатлар содир бўлиб туриб намоз ўқиш макруҳлигига далолат қилади.

[8] Абу Довуд ва Имом Муслим ривоят қилган.

[9] Имом Бухорий ривоят қилган.

[10] Имом Термизий, Аҳмад ва ибн Можа ривояти. Фақат Ибн Можадан ривоят қилинган ҳадис лафзи “рўзадор ифторлик қилгунча” кўринишида келган.

[11] Абу Давуд ва Имом Термизий Анас р.а дан ривоят қилганлар.

[12] Имом Термизий, Насоий ва Ибн Можа ривояти.

[13] Имом Бухорий ривояти

[14] Эшитиб қўйсин деган маънода.

[15] Ибн Ҳузайма ўз саҳиҳида ривоят қилган. Бу ҳадисни Салмон р.а. ривоят қилган, Расулуллоҳ с.а.в.нинг шаъбон ойининг охиридаги хутбаларидан бир жуъздир.

Янгиликлар

Top