muslim.uz

muslim.uz

Понедельник, 13 Июнь 2016 00:00

Васила қилиш ҳақида эътиқодимиз

Васила луғатда “у билан ўзгага яқин бўлинадиган нарса” маъносини англатади. Истилоҳда эса “дуо ижобат бўлиши учун Аллоҳ таолога Унинг ҳузурида қадрли экани билинган нарсани айтиб дуо қилиш,  васила деб аталади”.

Васила дуонинг мақбул бўлиш даражасини кўтариш мақсадида қилинади.

Васила қилиш бандадаги муҳаббатнинг, Аллоҳ таолога далолат қиладиган нарсаларни улуғлашининг аломати ҳисобланади. Зеро бундай иш Қуръони каримда қалбларнинг тақвосидан экани айтилган:

وَمَنْ يُعَظِّمْ شَعَائِرَ اللَّهِ فَإِنَّهَا مِنْ تَقْوَى الْقُلُوبِ

Ким Аллоҳнинг нишонларини улуғласа, бас, албатта, бу, қалбларнинг тақвосидандир[1].

Чунки қилинган амаллар қалбдаги тақвога далолат қилади. 

Шу ўринда васила қилиш восита қилиш эмаслигини, ундан тубдан фарқ қилишини билиб қўйиш лозим. Чунки банда ўзининг қалбидан ўтказаётган нарсаларини ҳам билиб турувчи Зотга восита орқали муножот қилмайди, балки васила қилади. Шу маънода Аллоҳ таолодан васила қилиб сўраш восита қилишдан қуйидаги жиҳатлардан фарқ қилади:     

  1. Восита қилиш ҳаққи поймол бўлган кишининг бирор кишини ёки бирор нарсани ўртага солиб золимдан адолат сўраши маъносида ишлатилади. Васила қилишда эса ўртага бирор нарсани восита қилиб Аллоҳ таолодан адолат сўраш маъноси йўқдир. Балки дуонинг мақбул бўлиш даражасини ошириш учун  Аллоҳ таоло ҳузурида қадрли экани билинган нарсани айтиб дуо қилишдир.    
  2. Восита қилиш икки тараф ҳам манфаатдор бўладиган нарсага нисбатан ишлатилади. Масалан, бир шахс бирор нарсани восита қилиб иккинчи шахс орқали ишини битказиб олса,  иши битганидан кейин унга миннат қилиши ҳам мумкин бўлиб қолади. Чунки у ҳам бу ишдан озми-кўпми манфаат кўрган бўлади. Васила қилишда эса фақатгина бир тараф, яъни банда манфаатдор бўлади. Зеро Аллоҳ таоло бандаларидан манфаат кўришдан олий бўлган Зотдир.
  3.  Восита қилишда бир тараф иккинчи тарафга у билмаган нарсани кимдир ё нимадир ёрдамида билдиришга ҳаракат қилади. Васила қилишда эса ошкора ва махфий барча нарсаларни билгувчи Зотга Унинг ҳузурида қадрли экани билинган нарсани айтиб дуо қилинади.    

   Шунинг учун васила қилувчида ушбу тушунчалар ҳақида тўғри тасаввур бўлиши лозимдир.

 Қуръони каримда васила ахтаришга буйруқ келган:   

 يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا اتَّقُوا اللَّهَ وَابْتَغُوا إِلَيْهِ الْوَسِيلَةَ

  “Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳга тақво қилинглар ва Унга васила ахтаринглар”[2].

Ушбу оятнинг тафсирида Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ: “Бу оят Аллоҳга исён қилишдан сақланиш билан Унга муқарраб бўлишга урининглар” маъносини англатади”, деган.   

Василанинг бешта тури бўлиб, улардан тўрттасининг жоиз эканида бирор ихтилоф йўқдир:

  1. Замон. Арафа куни, Рамазон ойи, Зул ҳижжанинг ўн куни, ҳар кечанинг охирги қисми ва ҳакозо васила қилинадиган маълум бир вақтлар бўлиб, уларни васила қилиб дуо қилиш мумкин ҳисобланади. Масалан, “Эй Аллоҳим, Рамазон ойини васила қилиб сўрайман”, дейиш мумкин.
  2. Макон. Каъба, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг равзалари, Масжидул ақсо ва ҳакозо васила қилинадиган маълум бир маконлар бўлиб,  уларни васила қилиб дуо қилиш мумкин ҳисобланади. Масалан, “Эй Аллоҳим, Каъбани васила қилиб сўрайман”, дейиш мумкин.  
  3. Ҳол. Яъни васила қилинадиган маълум бир ҳолатлар бор. Масалан, суянадиган ҳамма нарсасидан умиди узилиб, ҳеч илож топа олмай чорасиз қолган киши ўзининг ночор ҳолатини васила қилиб сўраши мумкин ҳисобланади. Бундай ҳолатга тушгани кишининг дуолари қабул бўлиши Қуръонда баён қилинган;

  أَمَّنْ يُجِيبُ الْمُضْطَرَّ إِذَا دَعَاهُ

Ёки музтар (ночор) одам дуо қилганда ижобат этадиган[3].

Шунинг учун ҳам суяниладиган ҳамма нарсадан умид узилиб, чорасиз қолган пайтда беихтиёр Аллоҳ таолога ёлворишга, Унга илтижо қилишга ўтиш барча инсонларнинг табиатида бор бўлган хусусиятдир.    

  1. Амаллар. Яъни васила қилинадиган маълум бир амаллар бор. Масалан, намоз ўқиб, рўза тутиб, садақа бериб, ҳаж қилиб, умра қилиб, Қуръон тиловат қилиб, зикр ва тасбеҳ айтиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиб, истиғфор айтиб, дуо қилиб, мўминларнинг дуоларини олиб, Аллоҳ таолонинг гўзал исмларини айтиб, савоб ишлар қилиб ва ҳаром ишлардан воз кечиб васила қилиш мумкин.

Василанинг ушбу тўртта турининг жоизлигида ихтилоф йўқ. Аммо қуйидаги бешинчи тури ҳақида ихтилоф қилинган.

  1. Маълум шахсларни васила қилиш. Яъни маълум шахсларни васила қилиш мумкин. Аммо бундай васила қилиш мумкин эмас деганлар ҳам бор. Василанинг ушбу тури ҳақидаги ихтилофларни умумий уч қисмга ажратиш мумкин:

А. Мўътазила ва хавориж фирқалари бирор шахсни васила қилишни мутлақ инкор қилишган. Ўзларининг бу даъволарига  Қуръон ва суннатда келган умумий хабарларни далил қилиб келтиришган. Масалан: Қуръони каримда фақатгина Аллоҳдан ёрдам сўраш баён қилинган:

 وَإِيَّاكَ نَسْتَعِينُ

“Ва фақат Сендангина ёрдам сўраймиз”[4].  

Ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай хабар берганлар:

 إِذَا سَأَلْتَ فَاسْأَلِ اللَّهَ وَإِذَا اسْتَعَنْتَ فَاسْتَعِنْ بِاللَّهِ

“Агар сўрасанг Аллоҳдан сўра, агар ёрдам сўрасанг Аллоҳдан ёрдам сўрагин”. Термизий ривоят қилган.

Ушбуларга ўхшаш оят ва ҳадисларнинг зоҳирларини далил қилишиб, бирор шахсни васила қилиш мумкин эмас, деганлар.

Б. Баъзи уламолар бирор улуғ шахсни васила қилиш жоиз фақат у тирик бўлиши шарт, дейишган. Ўзларининг бу қарашларига қуйидаги ҳадисни далил қилиб келтирадилар:

 عَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ أَنَّ عُمَرَ بْنَ الْخَطَّابِ كَانَ إِذَا قَحَطُوا اسْتَسْقَى بِالْعَبَّاسِ بْنِ عَبْدِ الْمُطَّلِبِ فَقَالَ اللَّهُمَّ إِنَّا كُنَّا نَتَوَسَّلُ إِلَيْكَ بِنَبِيِّنَا صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَتَسْقِينَا وَإِنَّا نَتَوَسَّلُ إِلَيْكَ بِعَمِّ نَبِيِّنَا فَاسْقِنَا قَالَ فَيُسْقَوْنَ.      رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Умар ибн Хаттоб агар қурғоқчиликка дуч келсалар Аббос ибн Абдулмутталиб билан (васила қилиб) ёмғир сўраб шундай дерди: “Эй Аллоҳим биз сенга Набиййимиз соллаллоҳу алайҳи васалламни васила қилиб сўрар эдик, Сен бизга сув берар эдинг. Биз энди Сендан Набиййимизнинг амакиларини васила қилиб сўраймиз, бизларга сув бергин”. Сўнгра уларга сув берилар эди”. Бухорий ривоят қилган. 

Яъни, ушбу ривоят Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни вафот этганларидан сўнг васила қилиб бўлмаслигига далолат қилади, дейдилар.    

В. Аҳли суннанинг жумҳури бирор улуғ шахсни васила қилиш жоиздир, васила қилиш учун у зотнинг тирик бўлиши шарт эмас, деганлар. Аҳли сунна жумҳури юқоридаги ҳадисни далил қилиб келтирганларга бир қанча раддиялар қилганлар:

- Мазкур ривоятда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни вафот этганларидан сўнг васила қилиб бўлмаслигига далолат қиладиган бирорта ҳам очиқ-ойдин лафз йўқ;

-  Ушбу ривоятнинг ўзини аслида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни васила қилиш жоизлигига далил дейиш ҳам мумкин. Чунки Умар розияллоҳу анҳу “Набиййимиз соллаллоҳу алайҳи васалламни васила қилиб сўрар эдик”, деган. Маълумки, ушбу қурғоқчилик йили Миср фатҳ этилгандан сўнг ўн саккизинчи ҳижрий йилдан кейин бўлган. Шунга кўра, бу ривоят ўтган йиллар мобайнида ҳаётда бўлмаганлари учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни бирор марта ҳам васила қилишмаган, деган маънога далолат қилмайди.   

  Мана шу қараш бизнинг васила қилиш ҳақидаги эътиқодимиздир.

 Аллоҳ таоло барчаларимизни мусаффо этиқод билан яшаб, унинг самараларидан дунёю охиратда баҳраманд бўлиш бахтига муваффақ қилсин. 

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога  ҳамда у зотнинг аҳли оилаларию саҳобаи киромларига салавот ва саломлар бўлсин.

Абдулқодир Абдур Раҳим

 

 

[1] Ҳаж сураси 32 оят.

[2] Моида сураси 35-оят.

[3] Намл сураси, 32-оят.

[4] Фотиҳа сураси, 5-оят. 

Понедельник, 13 Июнь 2016 00:00

Имом Мотуридий роҳматуллоҳи алайҳ

Имом Мотуридий номи билан машҳур бўлган улуғ бобомизнинг тўлиқ исмлари Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Абу Мансур Мотуридий Самарқандий Ансорий бўлган. Камолиддин Баёзийнинг таҳқиқига кўра Имом Мотуридийнинг насаби улуғ саҳобий Абу Аййуб Ансорийга бориб тақалади. Шунинг учун у зотга “Ансорий” нисбати ҳам берилган.   

Имом Мотуридийнинг туғилган саналари аниқ маълум эмас. Манбаларни солиштириб чиққан уламолар имом Мотуридийнинг устозларидан бири бўлган Муҳаммад ибн Муқотил Розийнинг 248 ҳижрий санада вафот этганига кўра, бу зотнинг таваллудлари ҳижрий 240 сана атрофига тўғри келишини айтганлар.

Аҳли сунна вал жамоанинг имоми бўлган ушбу зотнинг туғилган санаси бу қадар ноаниқ бўлиши, ҳатто вафот этган саналарида ҳам ихтилофлар борлиги тўғрисида кўплаб сабаблар айтилган. Мазкур сабабларнинг энг асосийси бу зотнинг ўша пайтдаги аббосийлар давлати маркази бўлган Бағдоддан узоқда яшаганлари ҳисобланади.

Имом Мотуридийнинг устозлари

Имом Мотуридий қуйидаги устозлардан таълим олган:

  1. Имом Абу Бакр Аҳмад ибн Исҳоқ Жузжоний;
  2. Имом Абу Наср Аҳмад ибн Аббос Иёзий;
  3. Нусайр ибн Яҳё Балхий;
  4. Муҳаммад ибн Муқотил Розий ва бошқалар.

Ушбу тўртта устоз имом Мотуридийни имом Абу Ҳанифагача бўлган санадини боғловчи устозлар ҳисобланади. Чунки мазкур Аҳмад Жузжоний, Иёзий ва Балхийлар 200 ҳижрий санада вафот этган Абу Сулаймон Мусо Жузжонийнинг шогирдларидир. Бу зот эса Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммадларнинг шогирди бўлган. Демак шунга кўра ҳанафия мазҳаби имом Мотуридийга қуйидаги санад билан етиб келган:

-         Имом Абу Ҳанифа;

-         Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад;

-         Абу Сулаймон Мусо Жузжоний;

-         Аҳмад Жузжоний, Иёзий ва Балхий;

-         Мотуридий.   

Имом Мотуридий роҳматуллоҳи алайҳ фиқҳда имом Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳ мазҳабларида бўлганидек, ақидада ҳам у зотга эргашган. Шунинг учун ҳам баъзи асарларда мотуридийларни ҳанафийлар деб ҳам аталади.

Имом Мотуридийнинг шогирдлари

Имом Мотуридий роҳматуллоҳи алайҳ кўплаб шогирдлар етиштирган бўлиб, уларнинг энг машҳурларидан айримлари қуйидаги зотлардир:

-         Абулқосим Исҳоқ ибн Муҳаммад. Бу зот Ҳаким Самарқандий номи билан машҳур бўлган. Самарқандда қозилик лавозимида ишлаган. “Соҳаифул илаҳия” (Илоҳий саҳифалар), “Саводул аъзам” (Улкан жамоат), “Родду ала асҳабил ҳава” (Нафсу ҳавога эргашганларга раддия) каби кўплаб асарлар ёзиб қолдирган. Ҳижрий 345 санада вафот этган. 

-         Имом Абулҳасан Али ибн Саъийд Рустуғфаний. “Иршадул мубтадий” (Йўл бошидаги кишини мақсадга йўллаш), “Заваид ва фаваид фи анваил улум” (турли илмлардаги қўшимчалар ва фоидалар) каби кўплаб асарлар ёзган. Ҳижрий 350 санада вафот этган.

-         Абу Лайс Наср ибн Муҳаммд Самарқандий. Бу зот тафсир, ақоид, фиқҳ, ва тасаввуфга оид ўндан ортиқ китоблар ёзган. Ҳижрий 373 санада вафот этган.  

-         Имом Абумуҳаммад Абдулкарим Паздавий. Бу зот фиқҳ илмида пешқадам бўлган. Зотан бу зот машҳур фақиҳлар сулоласининг вакили ҳисобланади. Ҳижрий 390 санада вафот этган.

Имом Мотуридийнинг асарлари

Уламолар Имом Абу Мансур Мотуридий роҳматуллоҳи алайҳни шаръий илмларнинг учта йўналиши бўйича асарлар таълиф этганларини баён қилганлар:

  1. Тафсир;
  2. Усулул фиқҳ;
  3. Ақоид.

Тафсир йўналиши бўйича “Таъвийлоту аҳли сунна” (Аҳли суннанинг тушунтиришлари) номли улкан тафсир  ёзган. Бу тафсир аҳли сунна вал жамоанинг Қуръон оятлари тафсиридаги қарашлари тўғри эканини исботлаш билан бирга, адашган фирқаларнинг нотўғри қарашларини ҳам очиб берувчи мўътабар асар ҳисобланади.

Усулул фиқҳ йўналиши бўйича “Маъхозуш шароиъ” (шарий ҳукмлар манбаси) ва “Жадал” (илмий баҳслар) номли иккита китоб ёзган. Ушбу икки китоб ҳанафия мазҳабидаги қоидалар ва улардан келиб чиқадиган ҳукмларни жамлаган асарлар, деб васф қилинган. Зеро бу китоблар ҳижрий бешинчи асргача усулул фиқҳ бўйича мурожаат қилинадиган асосий манбалар бўлган. Кейинчалик эса ушбу йўналиш бўйича ёзилган асарларнинг асоси бўлиб хизмат қилган. Уламолар бу икки китобнинг бизгача етиб келмаганини афсус билан ёдга оладилар.    

Имом Мотуридий роҳматуллоҳи алайҳ ақоид йўналиши бўйича кўплаб асарлар ёзган. Бу асарларни ўрганиб чиққан уламолар уларни умумий уч қисмга ажратганлар:

А) Мақолалар;

Б) Раддиялар;

В) Аллоҳ таолога иймон келтириш асослари. 

Мақолалар

Аслида Имом Мотуридийдан олдин ҳам “Мақолот” (мақолалар) номли бир қанча китоблар ёзилган ва уларда асосан Ислом динига мансуб турли фирқаларнинг қарашлари жамланган. Имом Мотуридийнинг “Мақолот” (Мақолалар) номли асарининг қўлёзма нусхаси ҳозирда Истанбулдаги “Куприлий” кутубхонасида 856 рақам остида сақланмоқда. 

Раддиялар

Ақоид уламолари ёзган асарларида фақатгина адашган фирқаларнинг қарашларини келтириб “бу нотўғри” дейиш билан чекланмаганлар. Балки мазкур қаршларга бирма-бир нақлий ва ақлий далиллар асосида раддиялар қилганлар. Бу раддияларда аҳли сунна вал жамоанинг қарашлари тўғрилигини исботлаш билан бирга адашган фирқаларнинг хатога йўл қўйган жойларини ҳам баён қилганлар.

Имом Мотуридий роҳматуллоҳи алайҳ “Баяну ваҳмил муътазила” (Муътазилий фирқасининг нотўғри тасавури баёни), “Родду алал қаромита” (Қарматийларга раддия) каби адашган фирқаларнинг умумий қарашларидаги хатоларни баён қилувчи кўплаб асарлар ёзган. 

Имом Мотуридий роҳматуллоҳи алайҳнинг қилган энг улкан хизмати аҳли сунна вал жамоага қарши чиққан фирқаларнинг даъволарига умумий раддия қилишдан ташқари уларга батафсил раддиялар қилганидир. Яъни, бу зот ўша пайтларда омма мусулмонларга ташвиш туғдириб турган муътазилий етакчиларининг асарларига бирма-бир раддиялар ёзиб, уларни “очиқ майдон”да мағлуб қилган. Бунга у зотнинг қуйидаги асарлари яққол далилдир:

-         Абу Муҳаммад Боҳилий муътазилийнинг “Усулул хомса” (бешта асос) номли китобига “Родду усулил хомса” (“бешта асос” китобига раддия);  

-         Абулқосим Каъбий муътазилийнинг “таҳзийбул жадал” (илмий баҳсларни ўргатиш) номли китобига “Родду таҳзийбил жадал” (“илмий баҳсларни ўргатиш” китобига раддия);

-          Абулқосим Каъбий муътазилийнинг “Ваъийдул фуссақ” (Фосиқларга таҳдид) номли китобига “Родду “Ваъийдил фуссақ” (“Фосиқларга таҳдид” китобига раддия);

-         Абулқосим Каъбий муътазилийнинг “Аваилул адилла” (Дастлабки далиллар) номли китобига “Родду аваилил адилла” (“дастлабки далиллар” китобига раддия) номли асарлар ёзган.

Аллоҳ таолога иймон келтириш асослари

Имом Мотуридий роҳматуллоҳи алайҳ Аллоҳ таолога иймон келтириш асослари бўйича “Тавҳид” номли китоб ёзган. Бу китоб Имом Мотуридийнинг “шоҳ” асари ҳисобланади. Бу асарда аҳли сунна вал жамоанинг ақоид борасидаги асосий қоидалари баён қилинган. Шунга кўра кейинчалик ёзилган Абул Муин Насафийнинг “Табсиротул адилла”, Умар Насафийнинг “Ақоидун Насафий” каби мотуридия мазҳаби қоидаларини баён қилувчи китоблар “Тавҳид” китоби асосида таълиф этилган асарлар ҳисобланади.

Имом Мотуридийнинг унвонлари

Имом Мотуридийга у зотни яқиндан таниган уламолар ва шогирдлари томонидан мартабаларини намоён қилувчи кўплаб лақаблар берилган: 

-         Имомул ҳудо (тўғри йўлга бошловчи);

-         Имомул мутакаллимийн (калом илми олимлари пешвоси);

-         Мусаҳҳиҳу ақоидил муслимийн (мусулмонларнинг ақидаларидан хатоларни даф қилувчи);

-         Роису аҳли сунна вал жамоа (Аҳли сунна вал жамоа бошлиғи);

-         Носирус сунна ва қомиъул бидъа (суннатни ҳимоя қилувчи ва бидъатни бостирувчи);

-          Муваттиду ақоиди аҳлис сунна (аҳли сунна ақидалари асосчиси).

Имом Мотуридий роҳматуллоҳи алайҳ таҳқиқларга кўра ҳижрий 333 санада тўқсон беш ёшлар атрофида Самарқандда вафот этган. Аллоҳ таоло ётган жойларини жаннат боғларидан қилган бўлсин.  

Аллоҳ таоло барчаларимизни тўғри йўлда саодатманд ҳаёт кечириб, охиратда жаннатга эришишга муваффақ қилсин.

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога  ҳамда у зотнинг аҳли оилаларию саҳобаи киромларига салавот ва саломлар бўлсин.

 

Абдулқодир Абдур Раҳим 

Мотуридия мазҳабининг ривожланиб тараққий этишига жуда кўплаб уламолар хизмат қилганлар. Уларнинг айримлари қуйидаги машҳур уламолардир:

1)  Абул Муин Насафий. Ҳижрий 438 йилда туғилган. Абул Муин Насафий мотуридия мазҳабининг тараққий этишига энг кўп ҳисса қўшган олимлардан ҳисобланади. Абул Муин Насафийнинг машҳур асарлари:

-         “Табсиротул адиллату фи усулид дин” (“Усулуд дин”даги далилларни тушунтириш);

-         “Баҳрул калом” (Калом денгизи);

-         Тамҳид лиқоваидит тавҳид ( Тавҳид қоидаларини енгиллаштириш).

Булардан ташқари “Шарҳу жомиъил кабир лишайбоний”, “Ийзоҳул маҳажжа ликавнил ақли ҳужжа” ва “манаҳижул аимма” каби китоблари ҳам бўлган. Абул Муин Насафий раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 508 йилда вафот этган.

2)  Абулюср Муҳаммад ибн Муҳаммад Паздавий. Бу зот ҳижрий 421 йилда туғилган. Самарқандда қози бўлган. Мартабаси юқори бўлганидан Қози Содр лақаби билан аталган. Абулюср Паздавийнинг машҳур асарлари:

- “Усулуд дин” (Диннинг асослари). Бу китоб Имом Мотуридийнинг “Тавҳид” китобини енгил услубда тушунтириш учун ёзилган;

- “Мураттоб” (Янгиланган). Бу китоб Имом Муҳаммаднинг “Жомиус соғир” китобига ҳошия қилиб ёзилган;

- “Воқеот” (Воқеалар);

- “Мабсут” (Батафсил баён қилинган). Ушбу охирги икки китоб ҳам фиқҳ илмига тааллуқли бўлган.    

Абулюср Паздавий раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 493 йилда Бухорода вафот этган.

3)  Абу Ҳафс Нажмиддин Умар Насафий. Бу зотнинг тўлиқ исмлари Умар ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Исмоил ибн Муҳаммад ибн Али ибн Луқмон Насафий Самарқандийдир. Ҳижрий 461 йилда Насаф шаҳрида таваллуд топган. Бу зот тафсир, ҳадис, фиқҳ, усул, тарих, наҳв каби кўплаб илмлар бўйича етук олим бўлиб, “Имомус сақолайн” лақаби билан машҳур бўлган. Имом Насафийнинг машҳур асарлари:

-       Назму жомиъис сағир фи фиқҳил ҳанафий” (Ҳанафий фиқҳи ҳақидаги “Жомиъус сағир”нинг назмий баёни);

-       “Қанд фи уламаи Самарқанд” (Самарқанд уламолари ҳақида “қанд”) яъни қанддек ширин китоб;

-       “Тариху Бухоро” (Бухоро тарихи);

-       “Тилбатут талаба” (Талабалар излаган маълумотлар);

-       “Хосоисул луғат” (Луғат хусусиятлари);

-       “Манзуматул хилофиёт” (Мунозаралар ҳақидаги манзума). Сирожиддин Ўший шу китобга шарҳ ёзган.

Умар Насафий юзга яқин асарлар ёзиб қолдирган.

Умар Насафий раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 537 йилда Самарқандда вафот этган ва Чокардиза қабристонига имом Абу Мансур Мотуридий ёнига дафн этилган.

4)  Нуриддин Аҳмад ибн Абу Бакр Собуний Бухорий. Туғилган йили аниқ маълум эмас. Совун таёрлаш ёки уни сотиш билан шуғуллангани учун Собуний нисбати берилган. Нуриддин Собунийнинг машҳур асарлари:

-       “Бидая фи усулид дин” (“Усулид дин”га киришиш);

-       “Ҳидоя фи илмил калом” (Калом илмидаги тўғри йўлга бошлаш);

-       “Кифоя фил ҳидоя” (Тўғри йўл топиш ҳақида етарли “калом”).

 Нуриддин Собуний раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 580 йилда Бухорода вафот этган.

5)  Камол ибн Ҳумом. Бу зотнинг тўлиқ исмлари Муҳаммад ибн Абдулвоҳид ибн Абдулҳамид бўлиб, Камолиддин бу зотнинг лақаби бўлган. Камол ибн Ҳумом ҳижрий 788 йилда Румнинг Сивас шаҳрида туғилган. Шунинг учун бу зотга Сивасий нисбаси ҳам берилган. Ибн Ҳумомнинг машҳур асарлари:

-       “Фатҳул қадир лиложизил фақир” (Мен ожиз фақирга Ал-Қодир зотнинг фазлу марҳамати).  Бу асар Бурҳониддин Марғилонийнинг “Ҳидоя” асарига ёзилган энг мўътабар шарҳлардан ҳисобланади. Аммо шарҳ ниҳоясига етмай қолган. Чунки “Ваколат боби”га етганда муаллиф вафот этган. Кейинчалик Аллома Қозизода бу шарҳни ниҳоясига етказиб қўйган ва “Натаижул афкор фи кашфи румуз вал асрор” деб номлаган.  

-       “Мусаяро фи ақоиди мунжия фи охира” (Охиратда нажот топишга сабаб бўладиган ақидаларга мувофиқ бўлиш);

-       “Задул фақир фил фуруъ” (Эҳтиёжманд кишининг фиқҳий масалалардаги озуқаси); 

-       “Рисала фил эъроби “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи ва субҳаналлоҳил азим” (“Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи ва субҳаналлоҳил азим”нинг эъроби ҳақида рисола).

Камол ибн Ҳумом раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 861 йилда Қоҳирада вафот этган.    

 6) Мулла Али Қори. Бу зотнинг исми шарифи Али ибн Султонмуҳаммад бўлиб, Ҳирот шаҳрида туғилган. Туғилган йили аниқ маълум эмас. Макка шаҳрига сафар қилиб бориб умрларининг охиригача ўша ерда яшаб қолган. Шунинг учун туғилган жойи эътиборидан Ҳиравий ва асосий яшаган жойи эътиборидан Маккий нисбалари берилган. Энг машҳур қорилардан бўлгани учун Мулла Али Қори номи билан машҳур бўлган.  Мулла Али Қори тафсир, ҳадис, ақоид, фиқҳ ва сийрат каби турли илм соҳаларига оид юз элликдан ортиқ асарлар таълиф этган бўлиб, уларнинг энг машҳурлари қуйидагилардир:

- “Мирқотул мафотиҳ шарҳу мишкатил масобиҳ” (“Мишкатул масобиҳ” шарҳи калитларига олиб борувчи зиналар). Бу асар Хатиб Табризийнинг “Мишкатул масобиҳ” (Чироқлар токчаси[1]) номли машҳур ҳадис китобига ёзилган шарҳ бўлиб, ҳадислар ҳанафия мазҳабига кўра шарҳланган;

- “Фатҳу бабил иная фи шарҳи Нуқоя” (Нуқоя[2] шарҳи тўғрисида иноят эшигини очиш). Бу асар Содруш шариа Убайдуллоҳ ибн Масъуднинг “Нуқоя” асарига ёзилган шарҳдир;

- “Шарҳу Шамоил” (“Шамоил”нинг шарҳи). Бу асар имом Термизийнинг “Шамоили Муҳаммадия” (Муҳаммад алайҳиссаломга хос хусусиятлар) асарига ёзилган шарҳдир;

- “Шарҳу Айнил илм (“Айнул илм” шарҳи).  Бу асар Муҳаммад ибн Усмон Балхийнинг “Айнул илм ва зайнул ҳилм” (Илм булоғи ва ақл зийнати) асарига ёзилган шарҳ бўлиб, одоб-ахлоққа тааллуқли мўътабар асар ҳисобланади;

- “Зовъул маолий либадъил амолий” (“Бадъул амолий”нинг улуғворлик ёғдуси. Бу асар Сирожиддин Али ибн Усмон Ўшийнинг “Бадъул амолий” асарига ёзилган шарҳдир.

“Минаҳул фикрия шарҳу муқаддиматил Жазария” (“Муқаддиматул Жазария”нинг шарҳи бўлган фикрий ҳадялар). Бу асар тажвид илми бўйича энг машҳур ва мўътабар асарлардан бири саналадиган имом Жазарийнинг “Муқаддиматул Жазария” асарига ёзилган шарҳдир.

-       “Минаҳу ровзил азҳар шарҳу фиқҳил акбар” (“Фиқҳул акбар”нинг шарҳи бўлган чаманзор ҳадялари).  Бу асар имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг “Фиқҳул акбар” асарига ёзилган энг саломоқли шарҳларидан бири ҳисобланади.   

Мулла Али Қори раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 1014 йилда Маккада вафот этган ва Масжидул ҳаромдан унча узоқ бўлмаган “Муалло” қабрситонига дафн этилган.

Аллоҳ таоло барча уламоларга мўл-кўл ажру мукофотлар ато этиб, ётган жойларини жаннат боғларидан қилган бўлсин.  

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога  ҳамда у зотнинг аҳли оилаларию саҳобаи киромларига салавот ва саломлар бўлсин.

Абдулқодир Абдур Раҳим

 

 

[1] “Мишкат” сўзи луғатда “Бирор нарса қўйса бўладиган девор каваги”, “чироқ қўйиладиган токча” маъноларини англатади. Муаллифнинг китобини бундай номлашининг сабабини қуйидагича тушуниш мумкин: чироқ ёқилса хонанинг барча тарафига нур таратади. Худди шунингдек ҳадиси шарифларга ҳам амал қилинса, ҳаётнинг барча тарафи нурафшон бўлади. Токча хонани ёритувчи чироқни тутиб турганидек, ушбу китоб ҳам ҳаётни нурафшон қилувчи ҳадиси шарифларни ўзида жамлаб турибди. 

[2] Нуқоя луғатда “саралаш”, “танлаш” каби маъноларни англатади. “Нуқоя” китобини Убайдуллоҳ Содруш шариа ўзининг бобоси Маҳмуд ибн Содруш шариа қаламига мансуб бўлган “Виқоятур ривоя фи масаилил ҳидоя” асаридан қисқартириб саралаб олган. Бу китоб асл номи бўлган “Нуқоя”дан кўра  “Мухтасарул Виқоя” (Виқоядан саралаб олинган) сифати билан машҳур бўлган.  

Понедельник, 13 Июнь 2016 00:00

Арш ҳақидаги эътиқодимиз

Арш луғатда "подшоҳнинг тахти" маъносини англатади. Ақоид уламолари "арш барча жисмларни иҳота қилиб турадиган нурдан бўлган улкан жисмдир", деганлар.

Қуръон каримда арш икки хил васф билан баён қилинган:

  1. Кўтариб турилиш билан қайдлаб зикр қилинган:

الَّذِينَ يَحْمِلُونَ الْعَرْشَ وَمَنْ حَوْلَهُ

Аршни кўтариб турганлар ва унинг атрофидагилар[1].

  1. Мутлақ зикр қилинган:

هُوَ رَبُّ الْعَرْشِ الْعَظِيمِ

У улуғ аршнинг Роббисидир[2].

Уламолар кўтариш билан қайдлаб зикр қилинган арш ҳақида: "фаришталар кўтариб ўраб турадиган тахтдир", деганлар.

Мутлақ зикр қилинган арш ҳақида эса " ундан мулк ирода қилинган бўлиши ҳам мумкин" деганлар.

Мотуридия мазҳаби уламолари "Қуръон ва суннатда келган лекин амалиётга тааллуқли жойи бўлмаган нарсаларни таъвил қилишга уриниш шарт эмас. Балки унинг собитлигига ва ундан ирода қилинган нарсанинг ҳақиқати нима бўлса ўшанга иймон келтирдим деган эътиқодда бўлиш лозимдир", деганлар.

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога салавот ва саломлар бўлсин.

Абдулқодир Абдур Раҳим

 

 

 

[1] Ғофир сураси 7-оят.

[2] Тавба сураси  129-оят. 

Понедельник, 13 Июнь 2016 00:00

Зикрларнинг улуғи

Гуноҳларингиз кечирилишини, солиҳ амалларингиз кўпайишини ва юксак даражаларга эришишни хоҳлайсизми? Соғ-саломат, хотиржам бўлиш, қалб ҳаловатига етишишни истайсизми? Солиҳ фарзандлар, ҳалол мол-давлат ва кенг ризқни-чи? Ким ҳам истамайди?.. Унда кўп истиғфор айтишни одат қилинг. Зеро, бу Аллоҳ таолонинг буйруғи: “Раббингиздан мағфират (кечирим) сўранг, сўнгра Унга тавба қилинг, шунда (У) сизларни маълум муддат (ажалларингиз охири)­гача чиройли баҳра билан баҳраманд қилур...” (Ҳуд, 3). Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тавсия этадилар: “Ким истиғфорни чинакамига, доимий айтса, Аллоҳ унга ҳар бир торликдан чиқишни, ҳар бир ғамдан қутулишни насиб қилади. Уни ўйламаган жойидан ризқлантиради” (Абу Довуд ривояти).

Истиғфор айтиш ҳамма вақт жоиз, гуноҳ ишлар қилинганида, вожиб бўлади. Солиҳ амаллардан сўнг мустаҳаб саналади. Масалан, намоздан кейин уч маротаба айтиладиган истиғфор каби.

Истиғфор айтишнинг бир неча турлари бўлиб, энг улуғи “Саййидул истиғфор” дуосидир. Шаддод ибн Авсдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Истиғфорнинг саййиди “Аллоҳумма, анта Роббий. Ла илаҳа илла анта. Холақтаний ва ана ъабдук. Ва ана ъала аҳдика ва ваъдика, мастатоът. Аъузу бика мин шарри ма сонаът. Абуу лака биниъматика ъалайя ва абуу би занбий. Фағфирлий, фаиннаҳу ла яғфируз зунуба илла ант”, демоғингдир. Ким уни ишонч билан наҳорда айтса-ю, ўша куни кеч киришидан олдин ўлса, жаннат аҳлидан бўлади. Ким уни ишонч билан тунда айтса-ю, ўша кечаси тонг оти­шидан олдин ўлса, жаннат аҳлидан бўлади”, дедилар».

Ушбу дуонинг маъноси бундай: “Ё Аллоҳ, Сен Раббимсан! Сендан ўзга илоҳ йўқ. Мени яратдинг ва мен Сенинг бандангман. Қодир бўлганимча Сенга берган аҳдимда ва ваъдамда турибман. Сендан қилмишларимнинг ёмонлигидан паноҳ тилайман. Менга берган неъматингни эътироф қиламан. Гуноҳларимни ҳам тан оламан. Мени мағфират қил. Албатта, Сендан ўзга гуноҳларни мағфират қилгучи йўқ”.

Истиғфор айтиш учун киши гуноҳ қилган бўлиши шарт эмас. Истиғфор марғуб амал бўлиб, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) маъсум бўлсалар ҳам, доим айтганлар. Ибн Умардан ривоят қилинган ҳадисда: «Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир мажлисда юз марта “Роббиғфирлий ва туб ъалаййа иннака антат Таввабур Роҳийм”,деб айтганларини санадик», дейилади.

Истиғфор барча мўминлар, хоссатан, аёллар кўп айтиши лозим бўлган ишлардандир. Чунки бир ривоятда: «Набийнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) аёлларга: “Эй аёллар жамоаси, садақа беринг ва истиғфор айтишни кўпайтиринг. Чунки дўзах аҳлининг кўпчилиги аёллар эканини кўрдим”, деганлари айтилган. Шунда бир оқила аёл: “Нима учун дўзах аҳлининг кўпи биз аёллардан бўлади?” деб сўради. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Лаънатни кўп айтасизлар ва эрларингизга кўп ношукрлик қиласизлар. Мен сизлардан кўра ақл ва динда ноқис бўлатуриб, ақллилар устидан ғолиб келувчиларни кўрмадим”, деб жавоб берганлар. Ҳалиги аёл: “Ақли ва дини ноқис деганингиз нима?” деб сўраганида, у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Икки аёлнинг гувоҳлиги бир эркак гувоҳлигига тенг бўлиши ақли ноқислигидир. Ҳайз ва нифос қони кўрганида намоз ўқимаслиги дини ноқислигидир”, деб айтдилар».

Истиғфорнинг фойдалари: шайтонни қувади, Аллоҳ розилигига етказади, ғам-ташвиш, меҳрсизлик, шафқатсизликни кетказади, хурсандчилик келтиради, юзни нурли этади, ризқни кенгайтиради, бандани Аллоҳнинг муҳаббатига етиштиради, У зотга яқин қилади, қалбни поклайди. Истиғфор ёмонликлардан тўсади, қалбга хотиржамлик, қаноат бахш қилади, вақтга барака киришига сабаб бўлади.

Шаҳло БИЛОЛИДДИН қизи

Янгиликлар

Top