muslim.uz

muslim.uz

“Абу Ҳанифа” жоме масжидининг қурилиши учун 1990 йилда Денов тумани Ш.Қобилов жамоа хўжалиги ҳудудидаги “Ўртақишлоқ” маҳалласидан ер ажратилган эди.

Масжид биносининг қурилиши 1991 йилда бошланиб, 1992 йил якунида ҳудудда яшовчи ҳалқ ва ҳомийлар маблағлари ҳисобидан ҳашар йўли билан қуриб битказилди.

Масжидга аҳли сунна вал жамоа йўналишидаги улуғ мазҳаббоши ҳанафий мазҳаби асосчиси Нўъмон ибн Собит (раҳматуллоҳи алайҳи)нинг шарафларига “Абу Ҳанифа” номи берилган ва 1993 йилдан бошлаб фаолият кўрсата бошлаган. 1998 йил Адлия бошқармасидан қайта рўйхатдан ўтиб ўз фаолиятини давом эттирмоқда.

2010-2011 йиллар давомида масжид айвони кенгайтирилди, атрофи пишган ғишт билан ўралиб, замонавий эшик ромлар ўрнатилди. 2012 йилда хонақоҳ ён қисмига очиқ айвон қурилиб, ҳовли саҳнига брусчатка ётқизилди, экин майдонлари кўкаламзорлаштириб, турли дарахт ва гул кўчатлари ўтқазилди.

2013 йилда масжид ходимлари учун маъмурий бино қурилган бўлса, 2015 йилда янги таҳоратхона қурилиб, фойдаланиш учун намозхонлар ихтиёрига топширилди.

Ҳозирги кунда мазкур масжидда Тошкент ислом институтини тамомлаган Рўзиқулов Зиёдулло имом-хатиблик вазифасида хизмат қилиб келмоқда.

Ушбу масжидда кекса отахонлар ўз ибодатларини мукаммал адо этиб, Яратганга шукроналар келтиришмоқда, Ватанимиз равнақи, осмонимиз мусаффолиги ва халқимиз фаровонлигини Аллоҳ таолодан сўраб, дуои хайрлар қилмоқдалар.

 

 

ЎМИ Масжидлар бўлими

Жорий йилнинг 10 декабрь куни “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юртида Ўзбекистон Республикасининг Давлат Мадҳияси қабул қилинганининг 24 йиллиги муносабати билан билим юрти талабалари иштирокида тадбир ўтказилди. Тадбир аввалида Ўзбекистон Республикасининг Давлат Мадҳияси янгради.       Унда маънавий-маърифий ишлар бўйича мудир муовини в.б. Муҳаммадюсуф Тўрақулов сўз олиб, Ўзбекистон Республикасининг Давлат Мадҳияси ҳақида батафсил маълумот бериб ўтди.
Дарҳақиқат, Қонунда мадҳиямиз давлат суверенитетининг рамзи экани, унга катта эҳтиром билан қараш ҳар бир юртдошимизнинг ватанпарварлик бурчи экани қайд этилган.
Ўзбекистон фуқаролари, шунингдек мамлакатимизда яшаб турган бошқа шахслар ҳам мадҳиямизни ҳурмат қилиши шартлиги алоҳида таъкидланган. Мадҳияда халқимизнинг эзгу орзу-умидлари, келажакка мустаҳкам ишончи теран ифодаланган. Унда мардона ва шарафларга бой ўтмишимиз, миллий анъана ва қадриятларимиз, тинчлик, осойишталик, миллатлараро тотувлик ва биродарлик каби умуминсоний туйғулар тараннум этилган. Ўзбекистон Республикасининг мадҳияси ёшларда Ватанга муҳаббат, бой тарихимиз, миллий ўзлигимизга чуқур ҳурматни шакллантиришда, фарзандларимизнинг ҳар томонлама баркамол ва етук инсонлар бўлиб вояга етишида муҳим тарбиявий восита бўлиб хизмат қилмоқда.

И. Зокиров,

билим юрти матбуот хизмати

 

 

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидавги Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтининг 2016–2017-ўқув йили битирувчи курс талабаларининг амалиёт ойлиги шу йилнинг 2 ноябрь ва 28 декабрь кунлари ўташ белгилаб қўйилган. Шу боис жорий йилнинг 3 ноябрь куни билим юртимизга Тошкент ислом институтининг 3 та битирувчи курс талабалари яъни  ўзларининг амалиётини ўташ учун келган эди.

Амалиётчилар дастлаб, амалиёт кундалиги, билим юрти ички тартиб қоидалари, билим юрти биноси ва талабалар билан таништирилди. Амалиётчи талабаларга билим юрти мутахассислик фани ўқитувчилари томонидан билим юрти амалиёт раҳбарларига билим юрти ички буйруғи асосида бириктирилди. Улар томонидан амалиётчи талабаларга тегишли тавсия ва тушунчалар бериб борилмоқда. 

Жорий йилнинг 9 – 10 декабрь кунлари Тошкент ислом институти «Диний фанлар» кафедраси мудири Соатмурод Примов ва Абдирасул Тошпўлатов амалиётчи талабаларнинг амалиёт даврида дарс ўтиш жараёнлари билан яқиндан танишиш мақсадида билим юртига ташриф буюрдилар.

Дастлаб меҳмонлар билим юрти иморати билан, талабаларга яратилиб берилган имкониятлар билан яқиндан танишдилар.

Тошкент ислом институти ўқитувчилари ўз талабаларининг дарс ўтиш жараёнлари, ўз фани бўйича етарли билимларини ҳосил қила олиш қобилияти, ўқитувчи шахс сифатида шаклланганлиги (кийиниш, нутқ ва муомила маданияти), дарсни аниқ ва пухта ташкиллаштириш, илғор пед-технологияларни кўпроқ ўрганиб, дарс жараёнида қўллай олиш, талабалар ўртасида уйишқоқлик ярата олиш, талабаларни олган билимларига яраша одилона баҳолай билиш, тарбияни таълим билан чамбарчас олиб бориш маҳорати, диний билимларни замонавий билимлар билан уйғунликда олиб бориш каби масалалар юзасидан ўзаро дарс таҳлилларига киришди.

Дарслар тугагандан сўнг, устозлар билим юрти мутахассислик фани ўқитувчилари ва амалиётчи талабалар билан биргаликда кичик дарс таҳлили мажлисини ўтказдилар. Ўтказилган дарс таҳлилини билим юрти мудири Ш.Бауатдинов очиб берди ва сўзни меҳмон устозларга бериб уларнинг хулоса ва таклифлари тингланди. Дарс таҳлили сўнгида меҳмон домлаларга билим юрти мудири ўқитувчилар номидан чуқур миннатдорчилик изҳор қилди.

 

Саламат КУДАЙБЕРГЕНОВ,

“Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний”

 ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси

Понедельник, 12 Декабрь 2016 00:00

Васвасани енгиш сари 4 қадам

Инсон ҳаёти давомида ўз фикрлари билан тинимсиз кураш олиб боради. Биз қанча тўғри ва яхши яшамайлик, барибир миямизда айланадиган ёмон фикрлар, эҳтирос, васваса, нафсга қулоқ солиш каби салбий ҳолатлардан қочиб қутула олмаймиз. Хўш, буларни қандай бартараф этиш мумкин, умуман, халос бўлиш йўллари ва усуллари борми? Албатта, бор. Келинг, айнан, биз учун зарур бўлган дастлабки “тўрт қадам” ҳақида тўхталиб ўтамиз:

1-қадам. Муносабатингизни ўзгартиринг. Онгизга ёмон ўй-фикрлар келган пайтда, улар билан курашишга унчалик ҳам шошилманг, аксинча шунчаки уларни тан олинг, ўзингизга четдан назар ташланг ва шундай денг: “Бу шайтоннинг васвасаси, мен унга бўйсунишим керак эмас. Аллоҳнинг мадади билан бу ёмон ўй-хаёл мени тарк этади”.

2-қадам. Оқибатини англанг. Сизга бундай фикр нима сабабдан келаётганини аниқланг ва шундай денг: “Бундай гуноҳга чорловчи фикрлар мен учун энг ёмон душман бўлган шайтондандир. Мен унга қулоқ солишим керак эмас. Агарда мен хоҳишимга эркинлик берсам, мен унинг қулига айланаман”.

3-қадам. Диққатингизни бошқа нарсага йўналтиринг. Гоҳида ёмон фикрга бормаслик, жоҳиллик ва васвасага тушмаслик жуда қийин бўлиб қолади, лекин бунинг ҳам уддасидан чиқса бўлади. Биз миямизга келаётган ёмон ўй-фикрларни назорат қила олмаймиз, лекин биз уларга аҳамият бермаган ҳолда миядан чиқариб ташлашимиз мумкин. Бу эса ўзимизнинг қўлимизда. Бунинг учун ўзимизга қарата: “Ҳозирги пайтда мен ўйлаётган ва қилмоқчи бўлаётган ишим менинг эътиқодимга тўғри келмайди. Мен Аллоҳни ғазабини келтирадиган иш қилмоқчи эмасман”,-деб айтинг. Ҳамда сизни ёмон ишга ундаётган фикрдан чалғишга ҳаракат қилинг. Энг самарали йўл – қандайдир юмуш билан машғул бўлиб, ёмон ўй-фикрлар билан ёлғиз қолмаслик ҳисобланади. Масалан, дўстингиз билан суҳбатлашинг ёки кўзингизни юминг ва рўпарангизда сиз учун ёқимли бўлган сурат турганини тасаввур қилинг ёки сиз учун қадрли бўлган онларни эсланг, шунда кўрасиз ёмон фикрлар сиз учун иккинчи даражали бўлиб қолади.

4-қадам. Қайта баҳолаш. Бундан бироз олдин юз берган нохуш вазиятни эсланг – айбдорлик, уялиш, хижолат бўлиш, қалбдаги бўшлиқ ва ўз-ўзингиздан жирканиш каби ҳислар сизни чулғаб олган эди. Иродангиз бўшлиги туфайли сиз енга олмасдан вужудга келган нохуш ҳолат ва унинг ортидан эргаштириб келган омадсизлик, яқинларингизга етказган азиятни  эсланг.

Албатта, инсон миясига келадиган шайтоний ёмон фикр ва васвасани батамом бартараф этишга қодир эмас, аммо у Аллоҳдан паноҳ сўраган ҳолда ёмон ҳис-туйғуларини, ўйларини назорат қила олиши мумкин. Айтганларимиз биз нима ҳақида ўйлашимиз борасида эмас, балки бизнинг миямизга келаётган фикрларни назорат қила олишимиз ва натижада қандай хатти-ҳаракатни амалга оширишимиз борасидадир. Гуноҳга чорловчи ёмон ўй-фикрларни олдини олувчи энг яхши восита – Аллоҳ розилигига эришиш йўлида имонни мустаҳкамлаб, ибодат ва яхшиликда бардавом бўлишдир.           

Халқаро алоқалар бўлими мутахассиси

Моҳира ЗУФАРОВА

тайёрлади.

Янгиликлар

Top