muslim.uz

muslim.uz

Среда, 16 Ноябрь 2016 00:00

Финалга оз қолди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги футбол жамоалари ўртасида “8 декабрь – Конституция куни” муносабати билан навбатдаги футбол турнири ўз якунига етиб қолди.

 5-учрашув натижалари:

“Дўстлик” (ТВИ) 13 - 8 “Минор” (ТШИ)

“Ҳазрати Имом” (ЎМИ) 9 - 5 “Кўкалдош”

“Бухорий авлодлари” (ТИИ) 5 - 5 “Мовароуннаҳр”


Эслатиб ўтамиз, ярим финал учун қуръа ташланиб, қайси жамоа ким билан ўйнаши маълум бўлади.


ЎМИ ахборот хизмати

Среда, 16 Ноябрь 2016 00:00

Вилоят вакиллигида йиғилиш

2016 йилнинг 12 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Фарғона вилояти вакиллигида шаҳар ва туман бош имом-хатибларининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда жорий йилнинг 2 ноябрь куни Бухоро вилоятида “Мустақиллик ва диний қадриятлар ривожи” мавзусида ўтказилган диний ходимлар анжуманида имом-хатиблар олдига қўйилган долзарб вазифалар муҳокама қилинди.

Шунингдек, масжидлардаги куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолатини яхшилаш, ободонлаштириш ишларини жадаллаштириш, турли кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш, хусусан, қиш мавсумини масжидларда талофатсиз ўтказиш борасида вазифалар белгилаб олинди.

 
ЎМИ Масжидлар бўлими

 

Ҳаётимиз кўрки ва хонадонимиз файзи бўлган нуронийларимиз доимо ҳурмат ва эътибордалар. Шу ойда Тошкент шаҳар Чилонзор туманидаги “Бўта бува” жоме масжиди маъмурияти ҳамда “Бешқўрғон” маҳалла фуқаролар йиғини ташаббуси билан маҳаллада истиқомат қилувчи 50 нафар кекса отахон ва онахонлар учун кўҳна ва навқирон Самарқанд шаҳрига зиёрат ташкиллаштирилди.

Зиёрат Мамлакатимизнинг биринчи Президенти, истиқлол ва тараққиёт раҳнамоси марҳум Ислом Каримов қабрида Қуръони карим тиловати ила бошланди. Кексаларимиз Муқаддас қадамжолару, масжид ва мадарасаларда ўтган бир кунлик саёҳатдан мамнун бўлиб, ташкилотчилар ҳақларига дуода бўлдилар.

ЎМИ Тошкент шаҳар вакиллиги

 Матбуот хизмати

 

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм!

Аллоҳ таоло беадад ҳамду саноларимиз ва пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллалоҳу алайҳи васалламга беҳисоб саловоту дурудларимиз бўлсин!

وَلَا تَسُبُّواْ ٱلَّذِينَ يَدۡعُونَ مِن دُونِ ٱللَّهِ فَيَسُبُّواْ ٱللَّهَ عَدۡوَۢا بِغَيۡرِ عِلۡمٖۗ كَذَٰلِكَ زَيَّنَّا لِكُلِّ أُمَّةٍ عَمَلَهُمۡ ثُمَّ إِلَىٰ رَبِّهِم مَّرۡجِعُهُمۡ فَيُنَبِّئُهُم بِمَا كَانُواْ يَعۡمَلُونَ

«Уларнинг Аллоҳдан ўзга ибодат қиладиганларини сўкмангиз, токи билмасдан, зулм ила Аллоҳни сўкиб юрмасинлар. Шундай қилиб, ҳар бир умматга амалини зийнатлаб қўйдик. Сўнгра эса қайтиб борадиган жойлари Раббларигадир. Бас, У қилиб юрган ишларининг хабарини берур» (Анъом сураси, 108-оят).

(Мушриклар Аллоҳни қўйиб, санам ва бутларга ибодат қиладилар. Ушбу ояти каримада мушрикларнинг ўша бутларини ҳақорат қилмаслик буюрилмоқда. Зеро, мусулмон киши мушрикнинг санамини сўкса, бундан ғазабланган мушрикнинг ҳам бунга жавобан Аллоҳ субҳонаҳу таолони ҳақорат қилишига сабабчи бўлиб қолади)

Биз мўмин-мусулмонлар эса Аллоҳ таолони ҳақорат қилишга сабаб бўладиган ҳар қандай ишдан ҳазар қилмоғимиз керак. Ўзимизча, ожиз ақлимиз билан ўйлаб кўрадиган бўлсак, гўёки Аллоҳдан бошқага ибодат қилаётганларнинг олиҳаларини сўксак, бутхоналарини бузиб ташласак, уларнинг куфр эътиқодларига мувофиқ бўлган ҳар қандай фаолият ва ҳаракатларини тўхтатиб, ҳар тарафлама назорат остида зўравонлик билан ушлаб турсак, бунда фойда бордек туюлади. Лекин бу – ўзимизнинг шахсий фикримиз, ҳис туйғумизнинг натижаси бўлиши мумкин. Аслида эса биз мўмин-мусулмонлар ҳар бир ишимизда шариатнинг таълимотларига мурожаат қилишимиз лозим. Шариатнинг ҳукми бизнинг ўйлаган режаларимизга, ғояларимизга зид бўлса ҳам, гўёки бизга зарарли бўлиб кўринса ҳам, барибир шариатнинг ҳукмига бўйсунишимиз шарт. Зотан, Аллоҳ таоло Ўз шариатида бирорта ҳукмни ҳам беҳикмат жорий қилмайди. Аксинча, биз инсонлар кўпгина ишларни ўзимизча ҳал қилиб, ҳикмати ва манфаати бор деб ўйласак-да, баъзан бунинг тескариси бўлиб чиқади. Мазкур ояти каримада эса Аллоҳ таоло уларнинг олиҳаларини сўкишдан нима учун қайтарганининг ҳикматини ҳам баён этяпти.

«…токи билмасдан, зулм ила Аллоҳни сўкиб юрмасинлар»
Минг афсуслар бўлсинки, мазкур ҳақиқатнинг маъно-моҳиятини, ҳикматини тушуниб етишга ҳаракат қилиш ўрнига ҳиссиёт ва ғазабга берилиб қолаётган баъзи мусулмонлар ўзларининг нодонликлари туфайли биз мўмин-мусулмонлар учун муқаддас туйғуларимизнинг, эътиқодларимизнинг ва ҳатто Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳақорат қилинишига, масжидларнинг вайрон қилинишига ва Ислом динининг шаънига қора доғлар тушишига сабабчи бўлиб қолишмоқда. Эҳтимол, бу ишларни ҳақиқий мусулмонлар қилмаётгандир. Аксинча, бу қабиҳ ишлар мусулмонларни ёмонотлиқ қилиш учун ёки бир юртда турли дин вакилларининг эмин-эркинликда, ўз динларига бемалол амал қилиб, тинч ва осойишталикда, ўзаро бағрикенгликда яшаётганини кўра олмаётган баъзи ғаразли кимсалар, гуруҳ ва жамоалар, балки махсус ташкилотлар томонидан уюштирилаётган бўлса ҳам ажаб эмас. Лекин биз мусулмонлар ғоятда ҳушёр, зийрак бўлишимиз, атрофимизда содир бўлаётган ҳар хил фитна-фасодларга ва мураккаб жараёнларга теран назар билан қараб, тўғри хулоса чиқара олишимиз керак. Чунки бошқа дин вакилларининг эътиқодлари, бажараётган ибодатлари ўзлари учун энг тўғри йўлдир.

«Шундай қилиб, ҳар бир умматга амалини зийнатлаб қўйдик».
Демак, уларнинг ҳаракатлари, интилишлари ва истакларига қараб, Аллоҳ таоло уларнинг қилаётган амалларини ўзлари учун зийнатлаб қўйган. Ташқаридан қараган инсонга уларнинг қилаётган ишлари қанчалик кулгили ёки ачинарли кўринмасин, барибир ўзлари учун энг тўғри йўл ва эътиқоддир. Бу борада ўзларини мусулмон ҳисоблаётган баъзи бир гуруҳ ва жамоаларни ҳам мисол қилиб келтиришимиз мумкин. Ҳозирги кунимиздаги энг мутаассиб, жоҳил ва қонхўр қотиллардан ташкил топган фирқалар ҳам дунёни бошларига кўтариб, «Биз энг тўғри йўлдамиз, кимки бизнинг йўлимизда юрса, ҳидоят топади» каби баландпарвоз даъволар билан чиқишяпти.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

«...Ҳар фирқа ўз ҳузуридаги нарса ила хурсанддир» (Мўъминун сураси, 53-оят).

Ҳа, бу илоҳий ҳикмат нақадар тўғри! Ҳар бир гуруҳ, ҳар бир жамоа, қандай бўлишидан қатъи назар, ўз ҳузуридаги нарса билан хурсанд бўлиб юраверади.

«Сўнгра эса қайтиб борадиган жойлари Раббларигадир. Бас, У қилиб юрган ишларининг хабарини берур».

Ана шунда ҳамма нарса аён бўлади,чунки у кунда ёлғиз ва мутлоқ ҳакам Аллоҳ таолонинг Ўзидир. Шунинг учун ҳам у жойда бирор кишининг ҳаққига заррача бўлса-да зулм қилинмайди. Аксинча, ҳар бир нарса ўз жойига қўйилади, ана ўшанда биз Аллоҳ таолонинг бизга нозил қилган таълимотларига тўғри ёндашиб, унга амал қилганимизнинг самарасини кўрамиз, иншааллоҳ. Аммо кимки Аллоҳни қўйиб, ҳар хил бут-санамларга ибодат қилиб юрган бўлса, ёки ўзини мусулмон ҳисобласа-да, лекин Аллоҳ таолонинг шариати аҳкомларига тўғри ёндашмай, гуноҳ ишлар қилиб, уларни ўзича ҳақ ва рост деб юрган бўлса, Аллоҳ таоло бу ишларининг хабарини ҳам албатта беради.

ما جاء في الصحيح أن رسول الله صلى الله عليه وسلم قال: "ملعون من سب والديه". قالوا يا رسول الله، وكيف يسب الرجل والديه؟ قال: "يسب أبا الرجل فيسب أباه، ويسب أمه فيسب أمه"

«Саҳиҳ»да келишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким ўз ота-онасини сўкса, малъундир»  дедилар. «Ё Расулуллоҳ! Киши ўз ота-онасини қандай қилиб сўкади?» дейишди. У зот: «Бир кишининг отасини сўкади, шунда у ҳам бунинг отасини сўкади. Бир кишини онасини сўкади, шунда у ҳам бунинг онасини сўкади», дедилар.

Ҳа, азизлар, киши ўз дининг аҳкомларини яхши тушуниб етмаганлиги туфайли ёки бирор устоздан тартибли равишда илм-маърифат ҳосил қилмаганлиги боис билиб-билмай малъун бўлиб қолиши ҳеч гап эмас экан. Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам динимизнинг энг буюк ҳикматларидан бирини шарҳлаб, катта гуноҳ-маъсиятдан сақланиш йўлини ҳам ўргатмоқдалар. Ушбу ҳадисда айтиб ўтилаётган гуноҳ ҳозирги кунда жамиятда энг кўп тарқаган иллатлардан биридир. Афсуски, бу иллатсиз ҳаётни тасаввур ҳам қилиб бўлмай қолди. Икки кишининг ўртасида бирор низо чиқса, ўйлаб ўтирмасдан бир-бирига нисбатан юқоридаги ҳақорат сўзларни ишлатишади, бунинг натижаси тўғрисида эса ўйлаб ҳам ўтиришмайди. Ваҳоланки, ҳадиси шарифда «Бир кишининг отасини сўкади, у ҳам бунинг отасини сўкади. Бир кишининг онасини сўкади, шунда у ҳам бунинг онасини сўкади», дейилган.

Демак, киши бировни ҳақорат қилаётганда бунинг натижасида ўзининг, ота-онасининг ёки юқоридаги ояти каримада айтилганидек, Аллоҳ таолонинг ҳақоратланишига сабабчи бўлаётганлигини ўйлаб кўриши керак. Агар шу туйғуни бутун вужудига яхшилаб сингдира олса, ҳеч қачон мусулмонлар учун муқаддас бўлган туйғуларнинг ёки ўзи учун дунёда энг азиз, мукаррам зотларнинг – ота-онасининг ҳақоратланишига йўл қўймайди.

Исҳоқжон БЕГМАТОВ,

  Олмазор тумани «Тўхтабой» жоме масжиди имом-хатиби

«Олтин қалам» ХI Миллий мукофоти соҳиби

 

Вторник, 15 Ноябрь 2016 00:00

Вақт олтиндан қиммат

Гўзал ва бетакрор юртимиздаги барча инсонлар, улар қандай мавқега эга бўлишларидан қатъи назар, бизларга берилган неъматлар қадрига етиб уни исроф қилмасликка буюрилганмиз. Вақт бу неъматлар ичида энг қимматлисидир. Вақт инсон сарф киладиган асосий дастмоядир. Инсон ўз ҳаётининг ҳар бир лаҳзасини унумли ва фойдали амаллар қилишга сарфлаши вожибдир. Вақт қанчалик кўп бўлса ҳам оздир. Оз бўлсаю баракали бўлса, у кўпдир. Азиз фарзандларимиз, ёшларимиз олтиндан қиммат бўлган вақт қадрига етишлари ва ундан оқилона фойдаланишлари ва уни ғанимат билишлари зарурдир. Юртимизда очиб берилган илм даргоҳлари, касб-ҳунар эгаллашлари учун яратилган имкониятлардан ҳар бир ёш авлод унумли фойдаланиб, порлоқ келажак учун астойдил ҳаракат қилишлари керак. Инсон фарзанди ўз олдига мақсадни қўйиб, унга эришиш учун ўз вақтини беҳуда ўтказмасдан режа асосида ишламоғи лозим. Аллоҳ таоло марҳамат килиб бундай дейди: "Ҳар бир умматга (жазо учун) муҳлат (белгиланган). Қачонки уларнинг муҳлати келар экан, (уни) бирор муддат кечга ҳам, илгари ҳам сура олмаслар".

Шундай экан, бебаҳо вақтларимиз, кунларимиз, соату дақиқаларимиз ҳисоб-китобли эканини асло унутмаслигимиз даркор.

Исо (алайҳиссалом) бир кун чўлда кетар эканлар, қуёш жазирамасида ибодат қилаётган одамни кўриб қолдилар. Ибодат қилаётган одамдан сал нарироқда дарахтзор  бор эди. У негадир  дарахтлар соясида эмас, қуёш қизитиб турган ерда ибодат қиларди. Исо (алайҳиссалом) у одамга яқин келиб: “Эй ибодат қилаётган зот! Нега сен бу жазирама иссиқда ибодат қилдинг? Олдингдаги дарахтлар салқинига ўтиб ибодат килишинг мумкин экан, нега шундай жазирамада ўзингни қийнамоқдасан?”, деб сўрадилар.

У одам бундай жавоб берди: “Ё набиюллоҳ! Шу қадар қисқа умр ичида офтобдан сояга бориш вақти борми? У соя-салқинга бориш учун вақтимни сарф қилишим хато-ку. Шу вақтимни ибодат билан ўтказганим афзалдир. Ҳазрат Исо (алайҳиссалом) бу одамни маъқуллаб, сен билганингдек ибодат қилавер, сен Аллоҳнинг ақл неъматини олган бир бахтиёр бандасисан,  деб йўлида давом этди.

Инсоннинг умри шу қадар қисқаки, одам кўзини очиб юмгунча ўтиб кетади.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Қиёмат кунида банданинг қадами то тўрт нарсадан сўралмагунча жойидан жилмайди: умрини қандай ўтказганлиги, ёшлигида нима қилганлиги, молини қаердан топиб нимага сарф килганлиги, илмига қай даражада амал қилганлиги ҳакида", дедилар.

Демак, ёшларимиз ўз вақтларини беҳудага сарф қилмасликлари лозим.

Олтинга тенг вақтингни,

Қадрига ет эй инсон.

Юрма ҳаяллаб зинҳор,

Ғанимат бил умрингни.

Вақт сотилмас бозорда,

Сарф қилинмас бекорга.

Ғаниматдир ҳар бир он,

Шуни билгин эй инсон.

 

Равшан КАМОЛОВ,

 Бухоро шаҳар Сайфиддин Бохарзий

 масжиди имом-хатиби  

 

Янгиликлар

Top