www.muslimuz

www.muslimuz

Умар ибн Aбдулазиз бир оқшом дўстлари билан ўтирган эди, чироқнинг нури хиралашиб қолди. Ўрнидан туриб, пилигини тозалаб қўйди. Шунда мажлисда ўтирганлардан бири: «Эй мўминлар амири, пиликни тозалашни бирортамизга буюрсангиз бўлар эди-ку!” деди. Умар ибн Aбдулазиз айтди: «Меҳмонни хизматга буюрган инсон мурувватли саналмайди. Ўтирганимда ҳам шу Умар эдим, турганимда ҳам шу Умарман».

* * *

Зиёратчилардан бири ҳукмдор Умар ибн Aбдулазизга ҳадя сифатида олма келтирди. Aммо у ҳадяни қабул қилмади. Шунда зиёратчи: «Ҳадяни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам олганлар, нега сиз олмаяпсиз?» деб сўради. Бунга жавобан Умар ибн Aбдулазиз: «Расулуллоҳга берилган нарса, шубҳасиз, ҳадядир. Aммо менга берилгани пора бўлиб қолиши мумкин», деди.

* * *

Ривоят қилишларича, Умар ибн Aбдулазиз масжидга кетар эканлар, қўлларини оҳиста тебратиб борар эдилар. Шу вақт бирдан тўхтаб қолдилар, кўзларидан ёш жоласи қуйила бошлади. Одамлар нима учун йиғлаётганларини сўрашганида: «Бу дунёда тебратиб юрган қўлларим охиратда боғланса, ҳолим не кечишини ўйлаб йиғлаяпман», дедилар.

"Aл-Мунтазам фи тарих ал-мулук вал-умам" китобидан

  1. Чақалоқ қулоғига азон ва такбир айтиш.

Рофеъ розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Фотима розияллоҳу анҳонинг фарзанди Ҳасан ибн Алининг қулоғига азон айтаётганларини кўрдим” (Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимнинг боласи туғилса-ю, унинг ўнг қулоғига азон, чап қулоғига иқома айтса, унга Умму Сибён (Сибён болаларга зиён етказадиган жин тоифаси) зарар етказа олмас”, дедилар.

 

  1. Муносиб исм қўйиш.

Набий алайҳиссалом: “Сизлар қиёмат куни ўз исмларингиз ва оталарингизнинг исмлари билан чақириласизлар, шундай экан фарзандларингизга чиройли исм қўйинглар”, дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Исмларнинг яхшиси бандалик ва ҳамдни билдирганидир”, деганлар (Абдуллоҳ, Ҳамидуллоҳ, Абдураҳмон каби).

 

  1. Ақиқа қилиш.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бола ўз ақиқасининг эвазига гаровдадир. Еттинчи куни унинг номидан жонлиқ сўйилади ва исм қўйилади ҳамда сочи олинади”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

Агар фарзанд туғилганидан сўнг етти кунда ақиқа қилишга имконият бўлмаса, 14 ёки 21 кунлигида қилинади. Бу муддат ичида ҳам имконият топилмаса, бошқа хоҳлаган вақтда қилса ҳам бўлади.

  1. Чақалоқнинг сочини олиш.

Ҳазрат Али ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳу айтадилар: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам набиралари Ҳасанга қўй сўйдилар ва “Эй Фотима уни сочини олгин ва сочини оғирлигича кумуш садақа қилгин”, дедилар.

Кейин мен уни ўлчовдим бир ёки ярим дирҳам (оғирлигича) чиқди” (Имом Термизий ривояти).

 

  1. Чақалоқнинг танглайини кўтариш.

Абу Мусо розияллоҳу анҳу айтади: “Ўғлим туғилганда уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб бордим. У зот алайҳиссалом ўғлимга Иброҳим деб исм қўйдилар ва хурмо билан танглайини кўтардилар. Унга барака тилаб дуо қилдилар” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

 

  1. Хатна қилиш.

Ўғил болани хатна қилиш суннатдир. Уни кечиктириш макруҳ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Хатна қилиш эркакларга суннат”, деганлар (Имом Аҳмад ривояти).

Уламолар: "Фарзанд етти ёшдан ўн ёшгача хатна қилинса, яхши бўлади", дейдилар.

Даврон НУРМУҲАММАД

Ўзбекистон вакиллари Путраджая шаҳри маъмурияти томонидан 2019 йил 25-28 июль кунлари "Ислом дунёси мусиқа ва вокалининг улуғворлиги" мавзусида бўлиб ўтган Халқаро ислом санъати ва маданияти фестивалида (PIIACUF) қатнашишди.

Ўзбекистон Республикасининг Малайзиядаги Элчихонаси маълумотига кўра, фестиваль 2013 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир маротаба ўтказилади. Табдирда доимий равишда "Ҳунарманд" уюшмаси ўзбек халқ амалий санъати намойиши билан қатнашиб келмоқда.
Фестивалда бизнинг ҳамюртларимиздан ташқари Малайзия, Индонезия, Қувайт, Эрон, Марокаш, Туркия, Бангладеш, Таиланд, Бруней ва Жанубий Корея каби давлатлар иштирок этишди.
Тадбир ташкилотчилари ва иштирокчиларига 2019 йилнинг 10−15 сентябрь кунлари Қўқон шаҳрида илк бор Халқаро ҳунармандчилик фестивали ва ҳамда фестиваль доирасида «Ҳунармандчилик ва халқ амалий санъатини ривожлантириш истиқболлари» мавзусида илмий-амалий конференцияси ўтказилиши ҳақида хабар берилди. Ушбу тадбирда Малайзия ҳунармандчиликни ривожлантириш корпорацияси раҳбарияти ва олти нафар таниқли малайзиялик ҳунармандларнинг иштирок этишлари режалаштирилмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўтган йили қозоғистонликларнинг ҳаж сафарига ҳаражатлари 4200 АҚШ долларини ташкил этган бўлса, жорий йилда 3200 нафар зиёратчиларнинг ҳаж амалларини бажариш учун 4800 АҚШ долларини тўлашларига тўғри келмоқда.

Қозоғистон бош муфтийси Серикбай ҳожи Ораз Zakon.kz сайтига берган интервьюсида бу йилги ҳаж нархларининг ошишини изоҳлаб берди. Унинг айтишича, бўлажак ҳожиларга хизмат кўрсатадиган туркомпаниялар уларнинг ҳар биридан ўз хизматлари учун тахминан 50 минг тангадан олишади.

“Туркомпаниялар учта пакет: Стандарт/эконом, Комфорт/люкс ва VIP пакетлари бўйича хизматларни таклиф этишади. Танланган пакетга қараб, ҳажнинг нархи белгиланади. Қолган барча ҳаражатлар ҳаж сафарига борганларнинг авиақатновлари, Саудия Арабистонида кўрсатиладиган транспорт хизматлари, замонавий, барча қулайликларга эга меҳмонхоналарга жойлаштириш, овқатланиш, зиёратгоҳларга экскурсия уюштириш, ҳаж амалларини бажаришга ёрдам беришларига сарфланади.

Авваллари Саудия Арабистони Стандарт/эконом пакети борганлардан пул олмасди, энди эса улардан ҳам 300 АҚШ долларидан олмоқда. Охирги йилларда Нур-Султон, Олма-Ота, Чимкент ва Оқтов шаҳарларидан Саудия Арабистонига тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилди. Олдинлари фуқароларимиз ҳажга Истанбул, Шаржа, Дубай орқали боришар, бу кўп вақт олар ва асабланишларга сабаб бўлар эди.

Бизнинг зиёратчиларимизга хизмат кўрсатадиган «Fly Nas» Саудия авиакомпанияси уларни олиб кетиш учун бўш учиб келади. Бу ҳам нархга таъсир қилади”, - дейди бош муфтий.

Унинг билдиришича, бундан ташқари, Саудия Арабистонидаги транспорт харажатларининг нархи уч маротабага кўтарилди, шунга яраша хизмат сифати ҳам ошди.

“Қўшни мамлакат фуқаролари учун ҳаж сафарлари арзон тушаяпти, деган гапларга хизмат кўрсатишнинг сифати нуқтаи назаридан баҳо бериш керак. Қирғизистонлик зиёратчилар 90-йиллардан бери Саудия хайрия жамғармалари ҳисобидан бепул меҳмонхоналар билан таъминланади. Аммо ушбу меҳмонхоналар Маккадаги ал-Ҳарам масжидидан анча узоқда жойлашган. Бу эса ушбу масжидга зиёратчиларнинг етиб келиши учун анча қийинчилик туғдиради. Ўзбекистондаги ҳаж харажатлари эса бизникидан унчалик катта фарқ қилмайди”, - ўз сўзини якунлади Серикбай ҳожи Ораз.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Жорий йилнинг 22–27 август кунлари Ўзбекистонда “ World Influencers Congress” (WIC) халқаро конгресси бўлиб ўтиши режалаштирилмоқда. Конгресс Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Маданият вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар, Самарқанд, Бухоро ва Хоразм вилоятлари ҳокимликлари томонидан ташкил этилмоқда.

Тадбирда иштирокчиларнинг тақдимотлари, конференциялар, бизнес-учрашувлар, World Influencers Congress-2019 мукофот маросими ўрин олган. Шунингдек, конгресс меҳмонлари Ўзбекистоннинг диққатга сазовор жойларига ташриф буюради.
Конгрессни ўтказиш жараёнида хорижлик иштирокчилар учун Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарлари бўйлаб инфо-турлар ташкил этилади. Унда меҳмонлар мамлакатимизнинг сайёҳлик салоҳияти ҳақида ҳужжатли филмлар суратга олишади.

Бутун дунёдаги етакчи ғоялар муаллифларини бирлаштиш ва глобал инфлюэнсерлар тармоғини яратиш конгресснинг асосий мақсадларидан биридир.

Тадбирда "Travel Magazine" журналининг асосчиси Шарон Лингуистен, "Lionsgate" маркетинг ва монетизация бўлими бошлиғи Ирина Шамес, "NBC network entertainment" вице-президенти ва молиявий ишлар бўйича директор Жонатҳан Зускер, " PBS" (АҚШ) телеканалининг " BareFeet" дастури бошловчиси Миcкела Маллоззи," Travel Channel" телеканалининг продюсери ва оператори Р. Родвелл ва бошқаларнинг иштирок этиши режалаштирилмоқда.

WIC – бу туризмни ривожлантириш соҳасидаги ғоялар ва энг яхши тажрибаларни алмашиш учун дунёдаги етакчи нуфузли блоггерлар, инфлуэнсерлар ва оммавий ахборот воситаларини бирлаштирадиган ноёб платформа.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Янгиликлар

Top