www.muslimuz

www.muslimuz

Фаластинлик шаҳидлар оилаларидан 1000 кишининг ҳаж зиёратини амалга ошириши учун квота ажратилди. Бу ҳақда Саудия Арабистонининг расми SPA агентлигига таяниб Азон интернет нашри хабар тарқатди.

Хабарда айтилишича, фаластинликлар қирол Салмоннинг меҳмони бўлади. Улар махсус самолётларда Саудия Арабистонига олиб келинади. Фаластинликларнинг ҳажга келишини ташкиллаштириш бўйича Саудия Арабистонининг Миср ва Иорданидаги элчихоналарига кўрсатма берилган.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили жами 2 миллион 371 минг 675 киши ҳаж зиёратини амалга оширган эди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Бирлашган Араб Амирликлари аҳолиси муқаддас байрам бўлган Қурбон ҳайити муносабати билан кўп кунлик дам олиш имкониятига эга бўладилар.

Август ойида Амирликларда давлат ва нодавлат секторда фаолият олиб борувчи хизматчилар учун тўрт кунлик дам олиш жорий этилди. ansar.ru нашрининг ёзишича дам олиш кунлари 10-13 август кунларига тўғри келади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Туркиянинг Сивас шаҳрида ҳилол ва юлдуз кўринишидаги масжидда қурилиш ишлари ниҳоясига етай деб қолди.

“Анадолу” агентлигига таяниб Азон интернет нашрининг хабар беришича, Туркияда бундай кўришга эга ягона масжиднинг қурилиши 2017 йилда бошланган бўлиб, ишлар шаҳар ҳокимлигининг ёрдами ва хайр-эҳсонлар билан амалга оширилди.

Юқоридан қараганда, масжиднинг ҳилол ва юлдуз шаклида эканлиги яққон кўринади. Юлдуз кўринишидаги ёпиқ майдонда бир пайтнинг ўзида 3,5 минг, ҳилол кўришишидаги ҳовлида эса 5 минг киши намоз ўқиши мумкин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

9 июль куни Самарқанд вилоятидаги Ҳадис илми мактабида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Муҳаммад Тақиий Усмоний ҳазратларининг акаси, Покистон Бош муфтийси Муҳаммад Рафиий Усмоний ҳазратлари билан учрашдилар.

Мулоқот давомида Ўзбекистондаги диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, янгиланишлар ва ўзгаришлар тўғрисида маълумот берилди. Шунингдек, Ўзбекистон – Покистон давлатлари уламолари ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, диний таълим бериш соҳасида устозлар ва талабалар алмашинувини ташкил этиш борасида фикр-мулоҳазалар алмашилди.
Сафар ва суҳбат жараёнлари ҳақида сайтимизда батафсил ёритамиз.



Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Вторник, 09 Июль 2019 00:00

Сиз бу ҳадисга амал қиласизми?

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сизлардан бирортангиз ўзи учун яхши кўрган нарсани биродари учун ҳам раво кўрмагунча мўмин бўла олмайди», дедилар».

Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.

Бу ҳадисни барчамиз яхши биламиз. Саҳиҳ, ишончли ҳадис. Уламолар ушбу ҳадис тўғрисида “Бу ҳадис – Исломнинг устунларидан бири”, “Бу ҳадис – Исломнинг қоидаларидан бири”, “Бу ҳадис – Исломнинг мадори бўлган ҳадислардандир” деган гапларни айтишган.

Ҳадисдаги “мўмин бўла олмайди” дегани “комил мўмин бўла олмайди” деган маънодадир.

Шу даражада улуғ ҳадис, ўзи ҳам, маъноси ҳам, ундан чиқадиган ҳукмлари ҳам улуғдир. Хўш, биз унга қанчалик амал қиламиз?!

Қани, инсоф билан айтайликчи, ўзимиз учун яхши кўрган нарсани мусулмон биродаримиз учун ҳам илинамизми, раво кўрамизми?!

Автобус ўриндиғида кетяпсиз. Тик турган одам йўқ. Аммо ҳамма ўриндиқлар банд. Шу пайт бир мусулмон киши автобусга чиқди. Ўтириб кетишни истайсиз, ўзингизга ёқади. Дарҳол ўрнингиздан туриб, ўзингизга ёққан нарса – ўтириб кетишни ўша янги йўловчига илинасизми, унга жой бўшатасизми?!

Жума куни масжидга келдингиз. Ҳамма ичкарида, салқин жойларда ўтирибди. Сиз салқинда ўтирганларнинг сўнггиси бўлиб турибсиз. Ёнингизга бир намозхон диндошингиз келиб ўтирди. У ўтирган жой офтоб нури тушиб турган, иссиқ тафтини уриб турган жой эди. Салқинда ўтириш мазза. Дарҳол жойингизни у билан алмашасизми?!

   Уйдаги таом ортиб қолди. “Эртага ермиз” деб совутгичга қўйдингиз. Эртаси куни янги таом пиширилгани сабабли сотувгичда овқат борлиги эсингиздан чиқиб қолди. Орадан бир неча кун ўтгач ўша овқатга кўзингиз тушиб қолди. Олиб, иситиб емоқчи бўлдингиз, “Икки кунлик овқатни ейманми?” деган нарса хаёлингиздан ўтди-да, емадингиз, аммо ташлаб юборишга кўзингиз қиймаяпти. Шу таомни, яъни ўзингиз ейишга ботинолмаган таомни қўшнингизга берасизми ёки унга янги пиширилган таомдан чиқарасизми?!

Бирор нарса харид қилиш, ойлик маошни олиш ва ҳоказо ўринларда ўз навбатингизни сиздан кейинги кекса, кутишга, кўп тик туришга мадори етмайдиган кишига берасизми ёки кекса одам тургани билан ишингиз бўлмайдими?!

Бу каби саволларни кўплаб келтириш мумкин. Мақсад саволни кўпайтириш эмас, балки шу каби саволларга жавобимиз қандай бўлиши кераклигини ўрганишдир.

Агар сиз юқоридаги саволларга “Ҳа, илинаман, раво кўраман” деб жавоб берган бўлсангиз, бунинг учун Аллоҳ таолога чексиз ҳамду санолар айтинг!

Бордию бу саволларга жавобингиз “Афсус, бундай қилмайман” деган жумла бўлса, у ҳолда Аллоҳ таолодан кечирим сўранг, Унга тавба қилинг.

Бу ҳадисга амал қилсак, жамиятда ўзаро аҳиллик, биродарлик, инсонпарварлик ва одамлар орасида меҳр кучаяди, ўзимиз ҳам комил мўмин бўламиз.

Азизлар, юқоридаги буюк ҳадисга амал қилиб, комил мўмин бўлайлик!

Аллоҳ таоло барчамизни ушбу ҳадисга амал қилувчилардан ва комил мўминлардан айласин, омин!

 

Нозимжон Ҳошимжон

Янгиликлар

Top