www.muslimuz

www.muslimuz

Понедельник, 24 Июнь 2019 00:00

Кийинишнинг ҳам ўз одоблари бор

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мусулмон киши, эркак бўлсин, аёл бўлсин, кийим Аллоҳ таолонинг неъматларидан бири эканини доимо эсга олиб, бу неъматга шукр қилиб туриши лозим.

Кийим кийишда «бисмиллаҳ» айтилади ва кийинишинг дуолари ўқилади.

Саҳл ибн Муъоз ибн Анасдан, у отаси розияллоҳу анҳумдан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким кийим кийганидан кейин: «Менга ушбу кийимни кийдирган ва менинг куч-қувватимсиз уни менга ризқ қилиб берган Аллоҳга ҳамд бўлсин», деса, унинг аввалги-ю, кейинги гуноҳлари мағфират қилинур», дедилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.

Мусулмон инсон янги кийим кийганда, алоҳида шукр қилади ва дуо ўқийди.

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам янги кийим киядиган бўлсалар, «кўйлак» ёки «салла», деб унинг номини айтиб туриб: «Аллоҳим! Сенга ҳамд бўлсин! Сен буни менга кийдирдинг. Сендан унинг яхшилигини ва унинг учун қилинган нарсанинг яхшилигини сўрайман. Сендан унинг ёмонлигидан ва унинг учун қилинган нарсанинг ёмонлигидан паноҳ сўрайман», дер эдилар».

«Сунан» эгалари ривоят қилганлар.

Мусулмон инсон ўзининг биродари янги кийим кийганини кўрса, уни бу неъмат ила табриклайди.

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Агар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бири янги кийим кийса, унга: «Эскиртиргин. Аллоҳ таоло ўрнига бошқасини берсин», дейишарди».

«Сунан» эгалари ривоят қилганлар.

Мусулмон инсон қай бир кийимни кийса ҳам ўнг томонидан бошлаши суннатдир. Ечишда эса чап томонидан ечади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қачон кийим кийсангиз ва қачон таҳорат қилсангиз, ўнг томонингиздан бошланг», дедилар».

«Сунан» эгалари ривоят қилганлар.

Исломий кийиниш маданиятининг энг машҳур кўринишларидан бири шудир. Қайси кийим кийилса ҳам, ўнг томонидан бошлаш керак. Кўйлак бўлса, олдин ўнг енги, оёқ кийими бўлса, олдин ўнг оёқдан кийилади.

Мусулмон инсон кийим кияётганида, Аллоҳ таолонинг авратни беркитиш ҳақидаги амрини бажараётганини ният қилади.

Бундан одамлар орасида кийимини кўз-кўз қилишни ва чиройли, қимматбаҳо кийими билан фахрланишни кўзламайди.

Мусулмон эркак ва аёллар кийимнинг мўътадилини танлашади.

Жуда ошириб ҳам юборишмайди ва жуда хароб ҳолга ҳам тушишмайди.

Мусулмон инсон кийимнинг озода ва пок бўлишига алоҳида эътибор беради.

Зотан, поклик иймондандир. Поклик ибодатнинг асосий шартларидан биридир. Аллоҳ таоло Муддассир сурасида:

«Ва кийимингни покла!» деган.

Мусулмон инсон кийими ила гердаймайди, кибр учун кийимини ерга судраб юрмайди.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким манманлик ила кийимини судраб юрса, қиёмат куни Аллоҳ унга назар солмас», дедилар».

Термизий ва унинг икки соҳиби ривоят қилганлар.

Мусулмон инсон кийимларининг доимо яхши ва гўзал ҳолда бўлиши учун ҳаракат қилади.

Кир бўлса, ювади, йиртилса, тикади, бужмайса, дазмоллайди, тугмаси узилса, қадайди ва ҳоказо.

Саҳл ибн Ҳанзалиядан ривоят қилинади:

«Бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, сизлар биродарларингиз ҳузурига борурсизлар. Бас, либосингизни тузатинг, эгар-юкларингизни тузатинг, одамлар ичида худди холдек бўлинг», дедилар».

Аҳмад, Абу Довуд, Тобароний ва Ҳоким ривоя қилганлар.

Ҳар бир кийимни, ҳатто пайпоққача олдин бир силкитиб, текшириб олиб, кейин кийилади.

Ичига чақадиган ҳашаротлар ёки санчиладиган ва озор бе-радиган нарсалар кириб қолган бўлиши мумкин.

Кийимларни ечганда, тартиб билан саранжом қилинади, илинади ёки тахлаб, жавонга қўйилади.

Пала-партиш ҳолда дуч келган жойга ташлаб қўйилмайди.

islom.uz
“Ижтимоий одоблар” китобидан

Понедельник, 24 Июнь 2019 00:00

Фарзанд – Холиқнинг ҳадяси

Аллоҳ субҳоналлоҳу ва таоло “Шўро” сурасида бандаларга қай йўсинда фарзанд ато қилишини баён қилади:

لِلَّهِ مُلْكُ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ يَخْلُقُ مَا يَشَاءُ يَهَبُ لِمَنْ يَشَاءُ إِنَاثاً وَيَهَبُ لِمَن يَشَاءُ الذُّكُورَ * أَوْ يُزَوِّجُهُمْ ذُكْرَاناً وَإِنَاثاً وَيَجْعَلُ مَن يَشَاءُ عَقِيماً إِنَّهُ عَلِيمٌ قَدِيرٌ

“Осмонлару ернинг мулки Аллоҳникидир. У зот хоҳлаган нарсасини яратур. У зот хоҳлаган кишисига қизлар ҳадя этур ва хоҳлаган кишисига ўғиллар ҳадя этур. Ёки уларни жуфтлаб ўғил-қиз қилиб берур ва хоҳлаган кишисини туғмас қилур. Албатта, У зот ўта билгувчи ва ўта қодирдир”.
Ҳа, фарзанд банданинг касби бўлса-да, яратган Холиқ таолонинг ҳадяси эрур. Улар кўзларнинг қувончидир. Улар Аллоҳ таоло томонидан берилган омонат ҳамдир. Шунинг учун уларнинг тарбияларига қаттиқ эҳтимом қилмоқ зарур. Уларни асло қарғамасли, балки доимо дуо ила тарбия қилмоқлик лозим. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

كل مولود يولد على الفطرة فأبواه يهودانه أو ينصرانه أو يمجسانه

“Ҳар бир фарзанд мусулмончиликни қабул қилаверадиган табиат билан туғилади, лекин уни яҳудийга айлантириб юборадиган ҳам, насроний ёки мажусийга айлантириб юборадиган ҳам унинг ота-онасидир”. (Бухорий ривояти)


Айтибдиларки, “отанинг насиҳат, таълиму тарбияси фарзандга таъсир қилмоқ учун, аввало, ўзи ҳам солиҳ бўлмоғи лозим. Киши бировнинг фарзандига зиён етказмаслиги, ёмонлик қилмаслиги керак, чунки унинг зарари замонлар ўтиб, ўз фарзандларига қайтиши мумкин. Масалан, ҳазрати Юсуф алайҳиссаломга акалари ёмонликни раво кўрди, қудуққа ташлаб кетди. Оқибатда неча замонлар ўтиб, ўзларининг фарзандлари Фиръавн қўлига асир тушди.
Ота фарзанд бошида сиҳат-саломат ҳаёт кечириб тургани учун Аллоҳга шукрона қилиб, етим ва мазлумларнинг кўз ёши тўкилишидан сақласин ва уларга раҳму шафқат қилиб, бошларини силасин, бу иш бағритошликни узоқлаштиради. Шунингдек, муҳтожларга нафақа ва xайру эҳсон қилсинки, мукофоти жаннатдир, иншааллоҳ”. (Оила ва никоҳ рисоласи. Фазлуддин Иқроруддин. зиёуз.сом кутубxонаси)
Ибн Сино фарзанд тарбияси ҳақида васият қилиб бундай деган эди: “Ёш бола таълим-тарбия оладиган жойда одоб-ахлоқли, туриш-турмуши намунали болалар бўлиши лозим. Зеро, ёш бола ҳар бир нарсани уларга тақлид қилиб ўрганади ва улар билан дўст бўлади”.

Асака туман бош имом-хатиби Шаҳобиддин домла Парпиев

Бугун, 22 июнь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Тошкент шаҳри Шайхонтаҳур тумани “Эшон Бобохон” жоме масжидининг янгидан барпо этилаётган биносига биринчи ғиштни қўйиб бериш учун ташриф буюрдилар.

Жоме масжид пойдеворига тамал тошини қўйиш жараёнида муфтий ҳазратлари ушбу масжид мўмин-мусулмонлар учун зиё ва ҳидоят тарқатувчи, ёшлар маърифати юксалишида ҳисса қўшадиган даргоҳ бўлишини тилаб, қуйидаги сўзларни баён қилдилар.

– Аллоҳ таолога беадад шукроналар бўлсинки, юртимизга Ўзнинг жуда ҳам улуғ неъматларини берди. Муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида барча соҳаларда ислоҳотлар, ўзгаришлар амалга ошириляпти. Янги масжидлар сони кун сайин ортиб бормоқда. Ўтган Рамазон ойида учта масжид бунёд этилди, муборак ой якунланиши биланоқ яна бир масжидни очилиш маросимида ўтказдик. Мана бугун эса муфтийлар сулоласининг авваллари бўлмиш – Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон номларидаги жоме масжид тубдан қайта қурилиши учун тамал тошини қўйишга жам бўлиб турибмиз.

Эшон Бобохон ҳазратлари энг оғир даврларда Ўзбекистон халқи, унинг тинчлиги, одамларнинг диний соҳада тўғри йўлдан боришлари учун жуда катта хизмат қилганлар. Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий сифатида эса бешта давлат уламоларини бир ўзанга солиб, мўмин-мусулмонларнинг ҳамжиҳатлигини таъмишлага эришганлар.

У киши юртимиз мўмин-мусулмонлари томонидан катта эҳтиром билан эсланадиган улуғ алломадир. Ушбу силсила ҳақида гап кетганда, Эшон Бобохон ҳазратлари ва у кишининг фарзанду аржумандларининг узоқ йиллар давомида эътиқод мусаффолиги йўлидаги беқиёс хизматларини алоҳида эътироф этиш керак.

Мен, бугун ўша оғир дамларни эслар эканман, уламоларнинг машаққатли ҳаётлари, оғир меҳнат фаолиятлари, ўз ўрнида ибратли ҳаёт йўлларини ёдга олиб, бу жуда катта матонат эканини алоҳида таъкидлайман. Аслида, улар фаолият юритган дамларни эслаш оғир, қанчадан-қанча қийинчиликлар, ўша пайтдаги Иттифоқ раҳбарлари билан келишиб ишлаш осон бўлмаган. Ана шундай мураккаб даврда улар Диний идорани таъсис этишга эришдилар.

Шундай қийин замонлар ҳақида Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деб хабар берганлар: “Ҳали одамларга шундай бир замон ҳам келадики, унда динида сабр қилувчи киши ҳудди чўғни чангаллаб турган одамга ўхшайди”, деган ҳадисларида диний фаолият кўрсатиш ўта қийин бўлган вақтларда динни ҳудди чўғни ушлагандек тутиб, кейинги авлодлар учун кўприк вазифасини бажарган, мана шундай жонкуяр уламоларни назарда тутган бўлсалар, ажаб эмас.

Ўтган куни Австриянинг Вена шаҳрида бўлиб ўтган дин уламоларининг нуфузли анжуманида ҳам Эшон Бобохон ҳазратлари ва у кишининг хизматлари кўп эсга олинди. Чунки Эшон Бобохон ҳазратларидан МДҲ давлатлари, хусусан, Кавказ мусулмонлари етакчилари доимо маслаҳат олиб турганлар. Шунингдек, Собиқ Иттифоқ давлатларида муфтийлик қилаётган уламолар ёки дин пешволари Бухоро ёки Тошкентдаги мадрасаларда таълим олганлар.

Бир нарсани айтишим керакки, ушбу масжидга ҳар сафар келганимда тор ва кичик эканини кўриб, улуғ олим номига муносиб шаклда қайта бунёд этишни дилимга жо қилиб юрардим. Аллоҳнинг изни ила мана шу кунларга ҳам етиб келдик. Ушбу маҳалла аҳлининг саъй-ҳаракати, саховапеша инсонларнинг ҳиммати билан мазкур масжид жуда ҳам гўзал шаклда қайта бунёд этиш ишлари бошланди. Инша Аллоҳ ушбу масжид қуриб битказилгандан кейин ҳам очилиш маросимида иштирок этамиз.

Шундан сўнг, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси маслаҳатчиси Абдуҳаким қори Матқулов, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Раҳимберди домла Раҳмонов муфтийлар сулоласи ва ушбу жоме масжид тўғрисида сўз юритдилар.
“Эшон Бобохон” жоме масжиди лойиҳаси ўзига хослиги, миллий ҳамда замонавий масжидларнинг услубларини ўзида акс эттирганлиги билан ажралиб туради. Хонақоҳ ва пастки қисм жами 3000 намозхонни сиғдиришга мўлжалланган. Шунингдек, аёллар учун алоҳида таҳоратхона ва намозхона ўрин олиши режалаштирилган.
Тадбирда уламолар, маҳалла фаоллари, мўйсафид отахонлар ва кенг жамоатчилик вакиллари ҳам иштирок этишди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Бугун, 22 июнь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Тошкент шаҳри Шайхонтаҳур тумани “Эшон Бобохон” жоме масжидининг янгидан барпо этилаётган биносининг биринчи ғиштини қўйиб бериш учун ташриф буюрдилар.

Жоме масжид пойдеворига тамал тошини қўйиш жараёнида муфтий ҳазратлари ушбу масжид мўмин-мусулмонлар учун зиё ва ҳидоят тарқатувчи, ёшлар маърифати юксалишида ҳисса қўшадиган даргоҳ бўлишини тилаб, дуои хайрлар қилдилар.
Қуйида ушбу маросимдан олинган суратларни ҳавола этамиз.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Юз миллионлаб инсонларнинг дини бўлган Ислом бошқа динлар билан таққослаганда дунёда давомий қоладиган дин ҳисобланди. Бу ақлга таянадиган диннинг манбаи ва дастури Қуръон бўлиб, у жаҳон тамаддуни асосларини ўз ичига олади. Шу сабабдан ҳам дунё тараққиёти Исломият томонидан чоп этилган асослар руҳида шаклланган, деб очиқ айта оламиз. Дарҳақиқат, бу олий дин, Европага дунёни ривожлантириш учун зарур бўлган энг муҳим захираларни тақдим этди. Гарчи биз исломнинг бу устунлиги олдида таслим бўлиб, воситачилик қилганимиздан миннатдор эканимизни тан олмаган бўлсак-да, ҳақиқат айнан шундай эканига ҳеч қандай шак-шубҳа йўқ. Кейинчалик бу француз мухбири Исломнинг дунёдаги тинчликни сақлаш мавзусида шундай ёзади: Агар ислом дини ердан кўтарилса ва ерда битта ҳам мусулмон қолмаса, ерда тинчликни сақлаш мумкин бўладими? Албатта, йўқ, бунинг имкони йўқ!

Гастон Каре - францининг машҳур “Ла Фигаро” газетасининг ходими бўлган, ўтган аср бошларида ислом динининг тинчлик дини мавзусида кўплаб тадқиқотлар олиб бориб, мақолалар ёзган.  

 

манба: islom.uz

 

Янгиликлар

Top