muslimuz

muslimuz

Бугун Тошкент вилояти Маънавият ва маърифат маркази мажлислар залида вилоятда фаолият юритаётган отинойилар учун йиғилиш ўтказилди.

Тадбирда Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасурбек домла Раупов отинойиларга бу йил ҳажга борадиган аёллар ўртасида ҳажнинг моҳияти, рукнлари, эҳром ман этган ишлар ҳақида батафсил маълумот бериш зарурлигини тушунтирди.

Шунингдек, тадбирда отинойилар олдида турган муҳим вазифалар, хусусан, маҳаллабай ишлаш тизимини янада жонлантириш, оилаларни яраштириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

 Адашиб Ислом динига ёт турли оқимлар таъсирига тушиб қолган, бироқ хатосини англаб етиб, чин тавба қилган хотин-қизларга динимизнинг соф таълимотини етказиш зарурлиги қайд этилди.

 Йиғилиш сўнгида отинойиларнинг саволларига атрофлича жавоблар қайтарилди.

Тошкент вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати

  Малайзия давлат телерадиокомпаниясининг “TV Okey”  телеканали ушбу мамлакатда, шунингдек, Сингапур, Таиланд, Шимолий Индонезия ва Филиппинда эфирга узатиладиган оммавий маданият ва кўнгилочар сегментида машҳурдир.

   Туризм қўмитаси Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчихонаси билан ҳамкорликда телеканал буюртмасига кўра “Sulalatus Salatin Sdn Bhd” медиа компанияси ижодий жамоасининг Ўзбекистонга бир ҳафталик ташрифини ташкил қилди.

    Ташрифдан кўзланган мақсад – Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти, маданий ва тарихий меросига бағишланган теледастурлар доирасида олти қисмдан иборат Малайзияда қизиқарли медиа-контентни тайёрлаш ва намойиш этишдан иборат.

Телекўрсатувлар икки қисмдан иборат бўлади. Биринчиси Тошкент, Самарқанд, Бухоро шаҳарлари ва Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманининг маданий мероси, туризм инфратузилмаси ва табиий ресурсларига бағишланади. Иккинчиси, мамлакатнинг гастрономик ва агротуризм салоҳиятидир. Тасвирга олиш ишлари Тошкент шаҳридаги Чорсу, Самарқанддаги Сиёб ва бошқа жойларда миллий таомлар ресторанлари ҳамда бозорларида ташкил этилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Вторник, 14 Май 2024 00:00

Тонгда ўқиладиган 7 дуо

الحَمْدُ لِلَّهِ الَّذي أحيانا بعد ما أماتَنا وإلَيْهِ النشُور

Ўқилиши: Алҳамду лиллаҳиллазий аҳйана баъда ма аматана ва илайҳин нушур.

Маъноси: Бизни вафот эттиргандан кейин қайта тирилтирган Аллоҳга ҳамд бўлсин. Қайта тирилиш Унинг Ўзигадир.

 

الحمدُ لِلَّهِ الَّذي رَدَّ عَلَيّ رُوحِي، وَعافانِي في جَسَدِي، وأذِن لي بذِكْرِهِ

Ўқилиши: Алҳамду лиллаҳиллазий родда ъалаййа руҳий ва ъафаний фий жасадий ва азина лий бизикриҳи

Маъноси: Менга руҳимни қайтарган, жисмимга офият берган ва зикрини қилишимга изн берган Аллоҳга ҳамд бўлсин.

 

لا إِلهَ إلا الله، وحده لا شَريكَ لَهُ، لَهُ المُلْكُ، وَلَهُ الحَمْدُ، وَهُوَ على كُلّ شيء قدير

Ўқилиши: Лаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ъала кулли шайин қодийр

Маъноси: Яккаю ёлғиз Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ. Унинг шериги ҳам йўқ. Мулк Уникидир. Унга ҳамд бўлсин. У ҳар бир нарсага Қодир.

 

سُبْحانَ الله وبحمده

Ўқилиши: Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи

Маъноси: Аллоҳни поклаб ёд этаман ва У Зотга ҳамд айтаман.

 

 اللَّهُمَّ بِكَ أصْبَحْنا، وَبِكَ أمْسَيْنا، وَبِكَ نَحْيا وَبِكَ نَمُوتُ، وَإِلَيْكَ النُّشُورُ

Ўқилиши: Аллоҳумма бика асбаҳна ва бика амсайна ва бика наҳйа ва бика намуту ва илайкан нушур

Маъноси: Аллоҳим, Сенинг номинг ила тонг оттирдик, Сенинг номинг ила кеч киргиздик. Сенинг номинг ила тириламиз ва Сенинг номинг ила ўламиз ва Сенга қайтажакмиз.

 

باسْمِ اللَّهِ الَّذي لاَ يَضُرُّ مَعَ اسْمِهِ شَيْءٌ فِي الأرْضِ وَلا في السَّماءِ، وَهُوَ السَّمِيعُ العَلِيم

Ўқилиши: Бисмиллаҳиллазий лаа йазурру маъ исмиҳи шайун фил арзи ва лаа фис самааи ва ҳувас самъиул аълийм

Маъноси: Ер-у осмонда Унинг исми билан бўлганда бирор нарса зиён қила олмайдиган Зот Аллоҳнинг номи ила. У ўта эшитувчи ва ўта билувчидир.

Кимки ушбу зикрни эрталаб ва кечки пайт уч мартадан ўқиса, унга ҳеч бир нарса зиён келтирмас.

 

حَسْبِيَ اللَّهُ، لا إِلهَ إِلاَّ هُوَ، عَلَيْهِ تَوَكَّلْتُ، وَهُوَ رَبّ العَرْشِ العَظِيمِ

Ўқилиши: Ҳасбияллоҳу лаа илаҳа иллаҳу аълайҳи таваккалту ва ҳува Роббул аършил аъзийм

Маъноси: Аллоҳнинг ўзи менга кифоя. Ундан ўзга илоҳ йўқ. Айнан унга таваккал қилдим. У буюк Аршнинг Роббидир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки ушбу дуони эрталаб ва кечки пайт етти марта ўқиса, Аллоҳ таоло унинг дунёвий ва ухровий муҳим ишларига кифоя қилади”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).

Даврон НУРМУҲАММАД

  1. Ҳаж сафари вақтида аёллар ҳайз кўриб қолса, масжиди Набавийга, масжиди Ҳаромга ва бошқа масжидларга кирмайди. Ҳайз ҳолатида масжидга кирса қаттиқ гуноҳкор бўлади.
  2. Аёллар ҳаж амалларини бошлашдан олдин ҳайз бошланиб қолса, меҳмонхонада ғусл қилади, ният қилиб эҳромга киради ва талбия айтишни бошлайди. Ният ва талбия айтиш билан эҳромга тўлиқ кирган ҳисобланади.
  3. Ҳайз кўрган аёл масжидга кирмайди, намоз ва Қуръон ўқимайди.
  4. Ҳаж сафаридаги аёл ҳайз кўриб қолса Минога, Арофатга, Муздалифага бориши, шайтонга тош отиши ва қурбонлик қилиши мумкин.
  5. Ҳайз кўрган аёл Маккаи мукаррамага етиб келгач, Масжидул Ҳаромга кирмайди, тавоф ва саъй қилмайди.
  6. Ҳайз кўрган аёл эҳромда бўлганлиги боис узрли кунларда ҳам эҳтиёт бўлиши керак, чунки эҳромда мумкин бўлмаган ҳолатлар (мушк, атир, нам салфетка, хушбўй таглик, хушбўй косметикадан фойдаланиш, дарахт баргларини узиш, жониворларга озор бериш ва бошқалар билан жанжаллашиш) мумкин эмас.
  7. Ҳайзли ҳолатда ҳам салавотлар, тасбеҳлар ва дуолар қилиш мумкин.
  8. Эҳром ҳолатида ҳайз тугагандан кейин ғуслни покланиш учун қилади ва Каъбани 7 марта тавоф қилади, 2 ракат тавоф намозини ўқийди, дуо билан зам-зам суви ичади ва дуо билан Сафодан бошлаб Марва томонга саъйни бошлайди. 7 марта саъй қилинади
  9. Тавоф вақтида ҳайз кўриб қолса, ўша заҳоти тавофни тўхтатади ва масжиддан чиқади. Поклангач, ғусл қилиб тавоф, саъй қилади ва соч кестиради. Эҳромдан чиқилади.
  10. Тавофни тугатгач, ҳайз кўриб қолса, тавоф намозини ўқимай, тезда саъй қилишга ўтади ва 7 марта саъй қилади. Қолиб кетган тавоф намозини поклангандан кейин Ҳарамда, уни имкони бўлмаса, хоҳлаган жойда ўқиб қўяди.
  11. Ҳаж учун эҳромга кирган аёл ҳайз кўриб қолса, ҳайздан пок бўлгач, қайтадан эҳромга кирмайди, балки биринчи боғлаган эҳроми билан давом эттираверади.
  12. Аёл киши таматтуъ ниятида мийқотдан умра қилишга эҳром боғлаб, умра арконларини адо қилишдан илгари ҳайз кўриб қолса ва ҳаж амаллари бошлангунича ҳайздан пок бўлмаса, умра эҳромидан чиқиб, ҳаж учун эҳром боғлайди ва ҳаж амалларини бажариб бўлгач, умра қазосини адо қилади. Лекин, биринчи боғлаган эҳромидан умра қилмай чиққанлиги учун зиммасига қон (жонлиқ сўйиш) вожиб бўлади ва унинг ҳажи таматтуъ эмас, балки ҳажи ифрод бўлади. (Фатҳул мулҳим). Кейин умрани қазо қилиб қўяди ва қўй сўяди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Фатво маркази ва Хотин-қизлар масалалари бўйича бўлими

 

 

Вторник, 14 Май 2024 00:00

Мусулмоннинг айбини яшириш

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Кимки мўминдан дунё ғамларидан бир ғамни аритадиган бўлса, Аллоҳ қиёмат кунидаги ғамлардан бир ғамни ундан аритади” (Имом Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насоий ва Ибн Можа ривояти).

Маълум бўладики, кимда-ким “Аллоҳ таоло қиёмат куни кулфат ва ғамларимни аритсин”, деса, у мусулмонларнинг ғамларини аритишда жонбозлик қилиши даркор! Умуман, ҳар бир мусулмон ушбу ҳадисдан насиҳат олиб, одамларга ёрдам беришга, уларнинг оғирини енгил қиришга уринмоғи лозим!

Бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким бир мусулмон(нинг гуноҳи)ни яширса, Аллоҳ у(нинг гуноҳи)ни дунёда ҳам, охиратда ҳам яширади”.

Ислом дини ҳар бир мусулмонни бошқаларнинг гуноҳини ёпишга ундайди, зотан, биз инсонмиз, ҳаммамиз ҳам хато қиламиз, гоҳида бандачилик қилиб гуноҳга қўл уриб қўямиз. Лекин, одамлар орасида гуноҳ ишнинг ёйилишига, тарқалишига сабабчи бўлиб қолмаслигимиз керак. Бунинг йўли – бошқаларнинг гуноҳини ёпишимиздадир, шунда Аллоҳ дунё ва охиратда бизнинг ҳам гуноҳларимизни ёпгай!

Қуйидаги сатрлар, насиҳатлар буюк уламоларимиздан бугунга қадар нақл қилиб келинади:

“Бошқанинг ғамини аритишинг ғаминг аришига сабаб бўлади!

Гуноҳларинг яширилишини истасанг, бошқаларнинг гуноҳини яшир!

Бошқаларга ёрдам берсанг, Аллоҳ сенга ёрдам беради!”

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Модомики, банда биродарининг ёрдамида бўлар экан, Аллоҳ таоло унинг ёрдамида бўлади”.

Бу набавий кўрсатмадан ўрганадиганимиз – мусулмон киши барча ишларида Аллоҳ таолонинг ёрдамига эришишининг йўли бошқаларга ёрдам бериш билан шуғулланишида экан. Аллоҳ таолонинг борлиқда жорий қилган одатларидан бири – кўринишидан бошқа учун қилган амалингиз аслида ўзингиз учун бўлади ва бу орқали сизга Аллоҳ таоло томонидан тавфиқ берилади.

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг “Метин қоялар” китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

Страница 52 из 265

Янгиликлар

Top